«Яшил Макон» доирасида 7,3 млн дарахт суғорилмай қолгани маълум қилинди. Қоидабузарларга 1,5 млрд сўм жарима солинган.
Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, ҳозирда Республикада яшил майдон ҳудуди 15%ни ташкил қилмоқда.
Шунингдек, вазир мониторинг давомида юзага келган ҳуқуқбузарликлар ва экилмаган кўчатларни экилди деб ҳисоботга қўшиб ёзиш ҳолатларини таъкидлади.
Қайд этилишича, Навоий вилоятида 959 минг, Тошкент вилоятида 564 минг, Фарғона вилоятида 465 минг, Қашқадарё вилоятида 227 минг туп экилмаган дарахт кўчатлари ҳисоботга «экилди» деб қўшиб ёзилгани аниқланган.
Бундан ташқари, 1,8 млн туп кўчатни сақлаш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар умуман белгиланмагани ошкор бўлди. Энг ачинарли аҳвол – Фарғона вилоятида. У ерда 415 минг туп дарахтга умуман, ҳеч қандай масъул белгиланмаган. Тошкент вилоятида 355 мингта, Сурхондарёда 331 мингта, Бухорода 146 мингта, Қорақалпоғистонда 36 мингта экилган дарахтлар эътиборсиз қолдирилган.
Шунингдек, суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга 7,3 миллион туп кўчатлар экилгани ҳам аниқланган.
Экилган кўчатларни суғориш ва парваришлаш чораларини кўриш юзасидан масъулларга нисбатан 10 961 та мажбурий кўрсатмалар берилиб, кўрсатма талабларини бажармаган 753 та ҳуқуқбузарларга 1 млрд 156 млн сўм маъмурий жарималар қўлланилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.