Асосий ўзгаришлар сифатида Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжатга айлангани, унда Ўзбекистонинг ижтимоий ва дунёвий давлат деган мақоми мустаҳкамлаб қўйилгани ва яна бошқаларни санаб ўтиш мумкин.
Референдумдан сўнг, мамлакатда янгиланган Конституцияга мос янги қонунлар қабул қилина бошлади. Ноябрда президент кодексларга давлатнинг дунёвийлигини мустаҳкамловчи тузатишларни киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Жинс бўйича камситишни тарғиб қилганлик учун 6,6 млн сўмгача жарима солиниши, миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, кўп хотинли бўлишни тарғиб қилганлик учун 15 суткагача қамоқ жазоси тайинлаш мумкин бўлди.
Жамоат фаолларининг қатъияти туфайли энди маиший зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик бор, шилқимлик (хусусан, кўчадаги тегажоқликлар) эса 15 суткагача маъмурий қамоққа сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик сифатида тан олинди. Болаларнинг жинсий дахлсизлиги ва эркинлигига қарши жиноятларни содир этганлик учун белгиланган жазо муддатлари узайтирилди.
Йил ўртасида юридик фанлари доктори, профессор Исо Ҳамидов «Газета.uz» ёзган мақоласида ислоҳот натижасида давлат бошқарувининг ташкилий тузилмаси ва вазифалари оптимал шаклланиб кетди, деб якдил таъкидлашга ҳали эрта эканини қайд этиб ўтди. «Қарорларнинг шошма-шошарлик билан қабул қилингани, ислоҳотни тайёрлаш жараёнида лозим даражадаги экспертлик муҳокамасининг бўлмагани айрим қарорларнинг илмий асосланганлигига нисбатан шубҳа ва саволлар келтириб чиқармоқда», — деб ёзганди у.
2023 йил охиригача маъмурий ислоҳот доирасидаги айрим қарорлар қайта кўриб чиқиб бўлинди. Масалан, авваллари ҳукуматга тўғридан-тўғри бўйсунган Оила ва хотин-қизлар ишлари қўмитаси 2022 йил декабрида Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ўтказилганди, аммо яқинда яна Вазирлар Маҳкамаси бўйсинувига қайтарилди. Ўтган йил декабрида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги тузилмасига ўтказилган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги сентябрда яна Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасига қайтди. Март ойида Стратегик ислоҳотлар агентлиги давлат улуши бор 31 та йирик корхона акцияларини ўз балансига олганди (агентлик 2023−2025 йиллар давомида уларни ислоҳ қилиб, операцион жозибадорлигини ошириши лозим эди), аммо август ойида барча улушлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарувига қайтарилди.
Ижтимоий ҳимоя учун турли даврларда ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳам собиқ Меҳнат вазирлиги масъул эди, бундай аҳвол эса ижтимоий муҳофаза тизимини тўлақонли ривожлантиришга тўсқинлик қиларди. Экспертлар кўп йиллардан бери мазкур соҳа тарқоқ эканини таъкидлаб келаётганди.
Агентликка ижтимоий ҳимоя тизими ходимларининг қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт кечириши учун қулай муҳит яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий суғурта механизмлари билан қамраб олинишини кенгайтириш вазифалари юклатилган. У, шунингдек, давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматларни кўрсатиш стандартларини ҳамда уларнинг ижросини мониторинг қилиш мезонларини ишлаб чиқиши лозим.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига Мансурбек Оллоёров директор этиб, президентнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева эса агентлик директорининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Пойтахтда энг совуқ кунларда кўп қаватли турар жой мавзеларида одамлар гулхан атрофида исинишга мажбур бўлди. Аҳоли тайёр овқат сотиб олишга ва совуқдан савдо марказларида жон сақлашга мажбур бўлаётганини таъкидлади. Электр ва газ йўқ бўлган шароитда кўп қаватли уйлардаги хонадонларни иситиш имконсизлиги сабаб, Мудофаа вазирлиги, ИИВ ва Миллий гвардия Тошкентнинг бир қатор маҳаллаларида чодирли шаҳарчалар қурди — бу ерда одамлар иссиқ овқат олиши, исиниши ва мобил қурилмаларини қувватлантириши мумкин бўлди.
Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида аҳоли одатда уйни иситиш учун фойдаланиладиган газ босими пасайиб кетгани учун қийинчиликларга учраётганини маълум қилди, газ тортилмаган ва электр деярли берилмай қўйган қишлоқларнинг аҳолиси эса чидаб бўлмас даражада оғир турмуш шароитларидан шикоят қилди.
Тошкент энергетика тизимидаги инқироз оқибати ўлароқ 2018 йилдан бери Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
«Нега пойтахтда шундай бўлди? Нега олдиндан тайёргарлик қилмадик? Шунча гап гапирганимизга қарамай, Вазирлар Маҳкамаси қаерга қараган деган савол мени қийнаяпти. Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим, — деганди ўшанда президент энергетика инқирози бўйича йиғилишда. — Қуруқ гап билан, ёлғон „сводка“ билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим».
Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб бунгача «Ўзавтосаноат» раҳбари ва Бош прокуратура бошқарма бошлиғи сифатида ишлаган Шавкат Умурзаков тайинланди.
7 октябрдан эътиборан Ўзбекистон куз-қиш мавсумидаги етишмовчилик ўрнини қоплаш учун Қозоғистон ҳудуди орқали Россиядан газ импорт қилишни бошлади. Газ харид қилиш шартномаси икки йилга мўлжалланган бўлиб, кунлик харид миқдори суткасига 9 миллион куб метрни — йилига тахминан 2,8 миллиард куб метрни ташкил этиши керак.
Декабрга келиб, қаттиқ совуқлар сабаб, «Газпром» Тошкентнинг илтимосига кўра Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини икки баробар оширди. Шу ойда «Ўрта Осиё — Марказ» газ қувури орқали «техник жиҳатдан максимал ҳажмда» газ ўтказилган.
Йил охирида Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида қуёш электр станциялари, Навоий вилоятининг Томди туманида эса шамол электр станциясининг биринчи навбати ишга туширилди. Ушбу объектларнинг умумий генерация қуввати 2400 МВтни ташкил этади.
Умумий қиймати 2 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳалар тўлиқ қувват билан ишга тушиши билан, таъкидланишича, 2 миллион уй хўжалиги барқарор электр энергия таъминотига эга бўлади. Бундан ташқари, 2 миллиард куб метр табиий газни иқтисод қилиш, 4 миллиард долларлик саноат маҳсулоти ва хизматлар ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлиши кутилмоқда.
Ўзбекистонга «кафолатланган ва барқарор энергия ресурслари сув билан ҳаводек зарур», дея таъкидлади Ўзбекистон презиенти. Келгуси олти йилда мамлакатда электр энергиясига бўлган талаб 83 миллиарддан 120 миллиард киловатт соатга ўсиши кутилмоқда. «Буни, биринчи галда, қайта тикланадиган энергия ҳисобидан қоплаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистоннинг «яшил» энергияни Осиё ва Европа мамлакатлари бозорига ҳам етказиб бериш режалари борлигини қўшимча қилди.
Коммунал хизматлар учун тарифлар тўрт йилдан бери — аввалига коронавирус пандемиясининг иқтисодий оқибатлари туфайли, кейинчалиқ эса референдум ва янги сайловларга тайёргарлик сабаб — ўзгармай турганди. Аммо иқтисодий экспертлар ресурслар учун бозор нархлари белгиланмаса, барқарор энергия таъминотига эришиш ва инфратузилмани соз ҳолатда сақлаш мумкин эмаслигини якдил таъкидлаб келаётган эди.
Ҳар 5 км/с тезлик ЙТҲ иштирокчиларининг ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, бу ҳақда Транспорт вазирлигининг Тошкент транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Муроб Обидов бир йил аввал гапирганди.
Агар соатига 65 км/с тезликда келаётган ҳайдовчи пиёдани кўриб, тормозни босса, транспорт воситаси пиёдага бориб урилгунига қадар тезлик 32 км/c гача пасаяди. Бироқ ҳайдовчи соатига 60 км/c тезликда ҳаракатланса — яъни, тезлиги бор-йўғи 5 км/c га пастроқ бўлса ва боягидек масофадан тормозни босишга киришса, пиёда билан тўқнашиш вақтида автомобилнинг тезлиги атиги 5 км/c ни ташкил этади.
Тезликни пасайтириш самарасига баҳо бериш учун вақт ва маълумотлар таҳлили зарур. Айни вақтда, экспертлар биргина тезликни пасайтириш билан жиддий натижаларга эришиш қийинлигини, бу борада комлпекс чоралар зарурлигини эслатиб келмоқда.
Орадан ярим йилдан кўпроқ вақт ўтиб, жамоат транспортида йўлкира 2019 йилдан бери биринчи марта (1400 сўмдан 2000 сўмга) оширилди. Бундан ташқари, бир соат ичида бир неча бор жамоат транспортидан фойдаланганда тақдим этилиши айтилган ва кўпдан бери ваъда қилиб келинган чегирмалар, шунингдек, кунлик, ҳафталик, ойлик ва йиллик тарифлар жорий қилинди.
Тошкентда бу борада ишлар бошлаб юборилди — бунинг учун ҳатто вилоятлардан йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари жалб қилинди. Амир Темур, Оққўрғон, Паркент, Сайрам ва бошқа кўплаб кўчаларда янги светофорлар пайдо бўлди. Айрим жойларга эса светофорлар ҳали ҳам ўрнатилгани йўқ. Паркент кўчасидаги 69-мактаб ва 77-ихтисослаштирилган заиф кўрувчи ва кўзи ожиз болалар мактаби олдидаги пиёдалар ўтиш жойига ўрнатилган светофорлар ҳали ҳам ишга тушгани йўқ.
Ўзбекистон шаҳарларида, хусусан, Тошкентда ҳар тарафи бир неча (тўрт, беш, олти ва ундан ортиқ) полосали кўча ва йўлларда тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари кўп учрайди. Пойтахтдаги бир қатор шундай ўтиш жойларида ўлим билан тугаган ЙТҲлардан сўнггина светофор ўрнатилган. Пиёдалар хавфсизлигини ошириш учун, юқорида таъкидланганидек, комплексли ёндашув зарур.
Сентябрь ойида Наманган вилоятининг Чуст туманида камида 71 нафар бола касалхонага ётқизилгани маълум бўлди. Кейинроқ эса вилоятда 450 бола, хусусан, биргина Чуст туманида 306 бола касалхонага ётқизилгани маълум бўлди. Ота-оналар болаларнинг аҳволи йодлаштириш дастури доирасида тарқатилган «Антиструмин» №100 дори воситасини ичганидан сўнг ёмонлашганини маълум қилди, аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги аввалига бу даъвони рад этди.
Орадан икки ой ўтиб Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов болаларнинг сентябрдаги оммавий заҳарланиши «Антиструмин» йод препарати дозаси ошириб юборилгани билан боғлиқ эканини тан олди.
Ушбу ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида уч аёл шифокор — эндокринология маркази директори ўринбосари, Ўзбекистоннинг бош болалар эндокринологи ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқармаси бошлиғи ҳибсга олинди. Ўзбекистон шифокорлар уюшмаси бу шифокорларга қўлланилган эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраб президентга мурожаат қилди.
Бундан ташқари, сўнгги бир ҳафта давомида Избоскан тумани собиқ ҳокими Серобиддин Исмоилов, Бухоро тумани собиқ ҳокими Хайрилло Жўраев ва Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Саидаҳмад Султонов, қишлоқ хўжалиги вазирлигининг собиқ раҳбари Азиз Воитов ва бошқалар қўлга олинди.
Оммавий қўлга олишлар юзасидан Ўзбекистон президенти ҳам изоҳ берди.
«Ўзини „кўча“ деб атайдиган жиноий гуруҳлар бўладими, коррупцияга берилган мансабдор шахслар бўладими, ким қонунга беписанд қараб, давлат ва жамиятга зарар етказадиган бўлса, биз бунга ҳеч қачон жим қараб туролмаймиз», — деди президент.
«Кўчаларимиз, маҳаллаларимиз, ҳаётимиз том маънода тинч ва тоза, жиноятдан холи бўлиши керак. Янги Ўзбекистонда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар бўлиши шарт. Ва, албатта, шундай бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.