Тошкентда уй сотиш билан фуқароларни алдаб, миллиардлаб пулларни ўзлаштирган «фирма»лар аниқланди — видео

Тошкентда уй сотиш билан фуқароларни алдаб, миллиардлаб пулларни ўзлаштирган "фирма"лар аниқланди

«Фирма»лар арзон бошланғич тўлов билан Олмазор, Юнусобод ва Яшнободдаги ерларда уй қуриб беришни билдирилган. Аниқланишича, фуқароларнинг қарийб 27 млрд сўмини ўзлаштиришган.

Тошкентда одамларнинг ишончига кириб, уй-жой қуриб беришни ваъда қилган ҳолда одамларнинг пулларини ўзлаштириш жинояти фош қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаро М. Arkenstone ва VescoCottage номли МЧЖлар ташкил қилиб, Тошкент шаҳрида коттеж турар-жойларини қураётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда турли реклама эълонларини жойлаштирган. У шу йўл билан янги уй олиш истагида бўлган фуқароларнинг ишончига кириб, гўёки кечиктириб тўлаш имконини бериш важи билан уларда қизиқиш уйғотган. Унинг эълонларида ўзининг номига ташкил этилган МЧЖлар томонидан Олмазор, Юнусобод ва Яшнобод ҳудудида жойлашган ерларда уй қуриб беришни билдирилган.

Фуқаро М. 2022-2023-йиллар давомида 125 млн сўмдан бошланғич тўлов сифатида фуқароларнинг қарийб 27 млрд сўмини ўзлаштиришган. У шунингдек, жиноят билан топган пулларни легаллаштириш мақсадида хорижий давлатда рўйхатдан ўтган валюта биржасида ўзи ва онасининг номига ҳисоб рақам очиб, унга 1 млн 400 минг АҚШ доллари ўтказиб олгани ҳамда биржа савдоларида иштирок этгани аниқланган.

Бундан ташқари бу фуқарога тегишли бўлган халқаро серверларда жойлашган платформалардаги шахсий кабинетларида 222 минг АҚШ долларига яқин пули борлиги аниқланган.

Миллий истиқболли лойиҳалар агентлигининг маълум қилишича, мазкур маблағлар айнан криптоактивлар соҳасидаги технологияларга асосланиб, Ўзбекистонга қайтарилган. Ҳозирги кунда бу маблағлар криптоактив кўринишида Бош прокуратура департаментининг тегишли электрон ҳамёнларига тушириб берилган.

Айни вақтда 7,8 млрд сўм маблағининг ҳаракатини тўхтатиб қўйилишига эришилган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М. ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.