Самарқандда Наврўз байрами бу йил қандай ўтказилади?

Самарқандда Наврўз байрами бу йил қандай ўтказилади?

Самарқанд вилоятида Наврўз умумхалқ байрамини кенг нишонлаш бўйича тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Бу йилги баҳор байрами “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” шиори остида нишонланади.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, байрамни ўтказиш масалалари алоҳида йиғилишда атрофлича муҳокама этилган.

“Байрамни барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида нишонлаш, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, Мурувват ва Саховат уйларида яшаётганлар, ижтимоий дафтарларга киритилган ҳамда кўмакка муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш зарурлиги ҳақида сўз юритилди”, – дейилади жумладан хабарда.

Вилоят марказида Наврўз байрами халқ сайли сифатида нишонланади. 19 март куни Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида, “Мўъжиза” амфитеатрида Наврўз байрам тадбирлари ўтказиллади. Шунингдек, шаҳар маҳаллалари томонидан Сиёб ариғи бўйида байрам кўргазмалари, маданий дастурлар намойиш этилади.

Наврўзга бағишланган ўзига хос такрорланмас томоша – феситваль 21 март куни “Silk Road Samarkand” туристик марказининг “Боқий шаҳар” мажмуасида ўтказилиши режалаштирилган.

“Наврўз Регата” деб номланаётган фестивалнинг энг асосий воқеаси — Марказий Осиёда илк бор “Dragon Boat” қайиқларининг “Боқий шаҳар” сув ҳавзаси бўйлаб сузишидир.

Байрам тадбири давомида меҳмонларни санъаткорларнинг ёрқин чиқишлари, рақс ва театр томошалари, болалар аттракционлари, варраклар шоуси, ўзбек, хитой, корейс миллий ўйинлари ва бошқа қизиқарли намойишлар кутмоқда!

Фестивални Самарқанд халқаро технология университети, “Silk Road Samarkand” туристик маркази, Шимолий-Шарқий энергетика университети (Хитой), “Стеклопластик” МЧЖ томонидан ташкил этилади.

Наврўз сайилларига марҳамат!

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.