Жиззахда кичик қувватли АЭС лойиҳаси учун дастлабки қурилиш ишлари бошланди
Таъкидланишича, ушбу станция технологиялар ва авариясиз ишлаш тажрибасига асосланиб, экологик тоза энергия манбаи бўлади.
Бугун, 15 апрель куни Жиззахда РИТМ 200Н реакторига эга кичик қувватли атом электр станцияси лойиҳасини амалга ошириш доирасида қурилиш-монтаж базаси қурилиши бошланди. Ушбу лойиҳа Россиянинг илғор технологияларини ўзида мужассам этган ҳолда Жиззах туманида жойлашган бўлиб, минтақа энергетика инфратузилмасини ривожлантиришда янги босқични белгилайди.
«Биз ушбу лойиҳа жамият учун юқори даражада очиқлик ва хабардорликни ошириш учун хизмат қилади, деб ишонамиз. Бу эса барча томонлар учун ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди. РИТМ 200Н реакторига эга кичик қувватли атом станцияси синовдан ўтган технологиялар ва авариясиз ишлаш тажрибасига асосланиб, экологик тоза энергиянинг ишончли манбаи бўлади. Ихчамлиги, юқори хавфсизлик даражаси ва самарадорлиги РИТМ 200Н ни минтақа энергетикасини барқарор ривожлантириш учун идеал ечимга айлантиради», — деди АЭС қурилиши дирекцияси директори ўринбосари Отабек Аманов.
«Ҳозирда Росатомнинг Инженерлик дивизиони РИТМ 200Н реакторли кичик қувватли АЭС учун ҳужжатларни тайёрлаш бўйича ишларини давом эттирмоқда. Россия КҚАЭС лойиҳаси Ўзбекистонни ўнлаб йиллар давомида кафолатланган электр энергияси билан таъминлайди ва минтақа ривожланиши учун энергетик асос бўлиб хизмат қилади», — деди Ўзбекистон Республикасида АЭС қурилиши лойиҳаси директори, “Атомстроэкспорт” АЖ витсе-президенти Павел Безруков.
Қурилиш-монтаж базаси энергоблоклар қурилиши даврида муҳим инфратузилма элементи бўлиб, маъмурий бинолар, ишлаб чиқариш хоналари, омборлар ва йирик йиғма корхоналари учун майдонлар билан таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳага тайёргарлик ишлари 2024- йил ёзида бошланган эди.
Таъкидланишича, КҚАЭС лойиҳаси нафақат станция қурилишини, балки маданий, таълим ва тиббиёт объектларини яратишни ҳам ўз ичига олади, бу эса минтақага яшаш ва ишлаш учун янги имкониятлар жалб қилади.