«Бир томонлама ва асоссиз». Ўзбекистон ҳукумати — БМТнинг Гулнора Каримова ноҳақ ҳибсга олинганига оид хулосаси ҳақида

«Бир томонлама ва асоссиз». Ўзбекистон ҳукумати — БМТнинг Гулнора Каримова ноҳақ ҳибсга олинганига оид хулосаси ҳақида

3 июль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи Гулнора Каримованинг ҳибсга олинишини ноқонуний деб топганди (17/2025-сонли мулоҳаза). Ушбу хулосага жавобан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази 10 пунктдан иборат муносабатини билдирди.

Хулосада нима дейилганди?


Bloomberg агентлигининг июнь ойида чиқарилган хулосага таяниб хабар беришича, Каримовани Ўзбекистон кучишлатар тузилмалари ходимлари ордерсиз ва тушунтиришларсиз ҳибсга олган. Унга кўра, мустақил экспертлар Ўзбекистон расмийларини қонунбузарликларни зудлик билан бартараф этишга ва халқаро ҳуқуқ талаб қилганидек, Каримовага компенсация тўлашга чақирмоқда. Шунингдек, унинг ҳибсга олиниши ва ҳибсда сақланиши ҳолатлари бўйича мустақил тергов ўтказилишини талаб қилмоқда.

БМТ ишчи гуруҳига Каримованинг адвокатлари 2021 йилда Женевадан шикоят қилган. Улар мижозининг ҳуқуқлари «мунтазам равишда бузилаётганини» айтган. Уларнинг маълумотларига кўра, Каримова биринчи судгача 18 ой ҳибсда сақланган. Ҳуқуқшунослар, шунингдек, Швейцария ва Ғарб суд органларини «адолатсизликни қонунийлаштириш»да айблади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказга кўра, ишчи гуруҳнинг фикри манба томонидан тақдим этилган бир томонлама субъектив маълумотлар асосида шакллантирилган.

«Ўзбекистон ҳукуматининг бу борада расмий жавоби тақдим этилгани, аммо у расмий процессуал муддатлар туфайли эътиборга олинмаганидан ташвиш билдиради. Бундай ёндашув БМТ органлари амал қилиши зарур бўлган холислик ва беғаразлик принципларига путур етказади», — дейди марказ.

Муносабатда таъкидланишича, «Гулнора Каримовага нисбатан барча жиноий ишлар жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилик нормаларига қатъий риоя қилган ҳолда, шунингдек, мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини, жумладан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини инобатга олган ҳолда қўзғатилган ҳамда кўриб чиқилган».

Шунингдек, ҳимояга бўлган ҳуқуқ ва одил судлов ҳуқуқи жиноят процессининг барча босқичларида таъминлангани қайд этилди. «Гулнора Каримова мустақил равишда танланган ёки белгиланган тартибда тайинланган ҳимоячиларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Жиноят ишига оид материаллар билан танишиш, қарорлар устидан шикоят қилиш ҳамда ҳимоячи билан мулоқотнинг махфийлиги тамойилига риоя қилинган», — дейилади ҳукумат жавобида.

Таъкидланишича, Гулнора Каримова иши бўйича суд қарорлари ваколатли судлар томонидан оғир ва ўта оғир жиноятлар, жумладан, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, жиноий даромадларни легаллаштириш, давлат мулкини ғайриқонуний ўзлаштириш, фирибгарлик ва давлатга жуда катта миқдорда зарар етказган бошқа жиноятлар содир этилганини тасдиқловчи етарли далиллар асосида чиқарилган.

Бундан ташқари, «Каримованинг 2014 йилда ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани, узоқ муддат уй қамоғида сақлангани, „ошхонадаги суд“ ва бошқа шу каби даъволар асоссиздир. Барча процессуал ҳаракатлар ва суд муҳокамалари процессуал қонунчилик нормалари ва талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтказилган. Ҳозирги вақтда маҳкума суд қарорлари устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга».

Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукумати мазкур иш бўйича сиёсий сабаблар мавжудлиги тўғрисидаги даъволарни қатъиян рад этади.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг барча ҳаракатлари фақат судланувчининг жиноий ҳаракатларни содир этишдаги айбини тўлиқ тасдиқловчи ҳуқуқий ва далилий жиҳатларга асосланган бўлиб, унинг қонуний иқтисодий фаолияти ва/ёки сиёсий мавқеи ёки қарашларига дахл қилмаган», — дейилади баёнотда.

Шу ўринда, 2022 йилда Швейцария билан Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги битим доирасида Каримова илгари жиноий йўл билан орттирган ва қайтарилган молиявий маблағлардан Ўзбекистоннинг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун фойдаланиш мақсадида Vision 2030 жамғармаси ташкил этилгани таъкидлаб ўтилди. Жамғарма бошқаруви БМТнинг Кўп томонлама шериклик траст жамғармаси орқали амалга оширилмоқда.

«Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини виждонан бажариб келмоқда ва БМТ механизмлари, жумладан, махсус тартиб-таомиллари билан конструктив мулоқотни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлайди».

«Ҳукумат халқаро тузилмаларда ўз обрўсини ҳимоя қилиш, шунингдек, ишончли ахборотни манфаатдор томонларнинг кенг доирасига тушунтириш бўйича кейинги қадамларни қўйиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади», — дейди марказ.

Шунингдек, Ўзбекистон ўзаро ҳурмат, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш ва икки ёқлама стандартларга йўл қўймаслик тамойилларига асосланган мулоқот ва халқаро ҳамкорлик учун ҳамиша очиқ экани эслатиб ўтилди.

  • Гулнора Каримовага нисбатан 2015 йилда 5 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган, кейинроқ — 2019 йилда у колонияга ўтказилган. 2020 йил март ойида у «давлат маблағларини ўзлаштириш ва Ўзбекистон манфаатларига зид битимлар тузиш, шунингдек, ўта йирик миқдорда товламачилик йўли билан бировнинг мулкини тортиб олиш» учун яна 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.