Ташрифнинг асосий натижаси Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲТБ)нинг имзоланиши бўлди. Gazeta экспертлардан Брюсселнинг Марказий Осиёдаги амбицияларини таҳлил қилишни, шунингдек, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларда муаммоли соҳалар бор-йўқлигини ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳақида фикр юритишни сўради.
2007 йилда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси муваффақиятсизликка учрагач, асосий эътибор инсон ҳуқуқлари ва Марказий Осиёни демократлаштиришга қаратилган ва Брюссель минтақага нисбатан прагматик ёндашувни танлаганди. Шунинг учун 2019 йилда қабул қилинган Европа Иттифоқининг янгиланган Марказий Осиё стратегияси минтақа мамлакатларини демократлаштиришга эмас, балки барқарор ҳамкорликни йўлга қўйишга кўпроқ эътибор қаратиб, бу масалаларга янада прагматик ёндашмоқда.

Брюссель ва Тошкент ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ҳақида гапирганда шуни таъкидлашни истардимки, келишув меморандумининг имзоланиши мантиқан тўғри. 2016 йилдан бошлаб томонлар ўртасидаги муносабатлар фаоллашди, бунга мисол тариқасида Ўзбекистоннинг 2021 йилда GSP+ тизимига қўшилганини келтириш мумкин. Бундан ташқари, 2020−2024 йилларда товар айирбошлаш ҳажми қарийб 5 миллиард долларга етгани икки томонлама муносабатларнинг ижобий динамикасидан далолат беради.
Албатта, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида муаммоли соҳалар сақланиб қолмоқда. Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари жараёни икки томонлама муносабатларда бироз четга сурилган бўлса-да, баҳс-мунозарали масала бўлиб қолаверади.
Тошкент ва Брюссель, шунингдек, Украинадаги урушга турлича ёндашмоқда: Европа Иттифоқи Россияни танқид қилиш ва санкциялар масаласида анча фаол бўлса, Ўзбекистон расман аннексия қилинган ҳудудларни тан олмаган ҳолда Кремлга очиқчасига қарши чиқмасдан, анча босиқ позицияда турибди. Россияга қарши санкциялар ва уларнинг минтақа давлатлари, жумладан, Ўзбекистонга таъсири икки томонлама муносабатларда кескинлик омили бўлиши мумкин. Аммо яқинда БМТда сўзланган нутқларни эсласак, президент Мирзиёев, дейлик, қирғизистонлик ҳамкасби қилгани каби, бу мавзуга фаол мурожаат қилмади.
Назаримда, Тошкент ва Брюссель ўртасида яқинлашиш мумкин бўлган кўплаб нуқталар бор. Мен ҳамкорлик истиқболли деб ҳисоблайдиган бир нечта соҳаларни қайд этган бўлардим.
Биринчидан, мультимодаль транспорт коридорларини яратиш бўйича лойиҳалар. Бу, биринчи навбатда, Транскаспий транспорт йўналишига (Ўрта коридор) тааллуқлидир. Ўзбекистон Зангезур йўлаги лойиҳасига қизиқиш билдириб, Кавказда содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқда. Айниқса, Арманистон ва Озарбайжон муносабатларидаги ижобий ўзгаришлар фонида. Бундай лойиҳалар Тошкентга Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилиш учун қўшимча имконият яратади.
Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари учун Европа Иттифоқидан ҳали катта маблағ олмаган, аммо Марказий Осиё йўналишини жуда аниқ назарда тутувчи Global Gateway дастурини ҳам унутмаслик керак.
Иккинчидан, ўта муҳим хомашё (нодир металлар) соҳасидаги ҳамкорлик. Томонлар Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида муҳим хомашё соҳасида ҳамкорлик бўйича англашув меморандумини имзолаган. Европа томони узоқ вақтдан бери бу мавзуга қизиқиш билдирмоқда, Ўзбекистон эса геология-қидирув ва қазиб олиш соҳасида катта салоҳиятга эга.
Учинчидан, энергетик ўтиш соҳасидаги ҳамкорлик. Яъни қуёш ва шамол электр станцияларини ривожлантириш, сув ресурсларини бошқариш.

Агар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ҳақида гапирадиган бўлсак, шубҳасиз, томонларнинг позициялари фарқ қиладиган бир қатор масалалар мавжуд. Энг муҳими, мен томонлар амал қиладиган қадриятларни таъкидлаган бўлардим. Европа Иттифоқи, кўпинча танқид ва икки томонлама стандартлар айбловларига қарамай, ўзининг ташқи ҳамкорлари томонидан демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги каби либерал тамойилларни ҳурмат қилишни талаб этади. Сўнгги ўн йил ичида Брюссель ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада мустаҳкамланган бўлса-да, ушбу қадриятларни талқин қилишдаги ёндашувлардаги фарқлар сақланиб қолмоқда.
Шунга қарамай, томонларнинг позициялари мос келадиган кенг кўламли масалалар ҳам мавжуд бўлиб, бу ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун асос яратади. Европа Иттифоқининг Ўзбекистон учун амалдаги кўп томонлама индикатив дастурида белгиланган йўналишлар ўрта муддатли истиқболда ҳам устувор бўлиб қолиши кераклигини қайд этмоқчиман. Булар, хусусан, рақамли ва «яшил» ўтишни қўллаб-қувватлаш, салоҳият ва рақамли саводхонликни ошириш, шунингдек, барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторини ривожлантиришдир.
Бу йўналишларга ўта муҳим хомашё соҳасидаги ҳамкорликни, хусусан, саноатда қайта ишлашни қўллаб-қувватлашни ҳам қўшган бўлардим. Ўзбекистон ўзининг стратегик ресурсларини нафақат қазиб олиши, балки мустақил равишда қайта ишлаши ва шу билан глобал занжирлардаги ўрнини мустаҳкамлаши орқали катта фойда кўриши мумкин.
Бироқ ҳозирги вақтда Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг саноат салоҳиятини қўллаб-қувватлашга эмас, балки фақат унинг муҳим ресурсларидан фойдаланишга эътибор қаратмоқда, деган таассурот пайдо бўлмоқда. Европа Иттифоқи қайта ишлаш саноатини ривожлантиришга кўмаклашишга тайёрлигини намойиш этиб, Ўзбекистоннинг асосий ҳамкори сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаши мумкин.
КШҲТБ нафақат савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва инвестицияларни жалб қилиш, балки иқтисодиётни рақамлаштириш ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олган кенг кўламли йўналишларда ҳамкорликнинг аниқ механизмларини яратишни назарда тутади. Бу билан Брюссель Марказий Осиёда ички ислоҳотлар ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш жараёнларини салмоқли қўллаб-қувватлайди. Натижада бу минтақада Европага яқин сиёсий ва иқтисодий стандартларнинг шаклланишига олиб келиши керак.
Тан олиш керак, Тошкент ва Брюссель ўртасида баҳсли мавзулар сақланиб қолмоқда. Масалан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммоси. Ушбу мавзу Европа Иттифоқининг икки томонлама ва минтақавий кун тартибида сақланиб қолмоқда. Бироқ янги геосиёсий ва геоиқтисодий воқеликларда Брюссель, умуман олганда, Марказий Осиё мамлакатлари билан мулоқотда прагматизмни, минтақа мамлакатлари аҳолисининг анъаналари, қадриятлари ва менталитетининг ўзига хос хусусиятларини тушунишни намоён этмоқда.

Яқин ҳамкорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган яна бир омил — тўғридан-тўғри транспорт йўлаклари мавжуд бўлмагани ҳолда географик жиҳатдан олисликдир. Бу — маблағларни жалб қилган ҳолда ҳақиқий ечимларни излашни талаб қиладиган муаммо. Қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, жумладан, қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, ўта муҳим хомашё етказиб бериш ва бошқалар геосиёсий хавф-хатарлардан холи бўлган ишончли транспорт боғламаларининг мавжудлигига бевосита боғлиқ.
Шу муносабат билан Ўрта коридорни ривожлантириш Ўзбекистон, Европа Иттифоқи ва бошқа минтақалар ўртасидаги савдо ва логистика алоқаларини яхшилаш учун муҳим драйвер бўлиши мумкин. Эътиборни Ўзбекистон турли транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида конструктив ёндашувга амал қилаётганига қаратмоқчиман. Бу ёндашув европалик ҳамкорлар томонидан тахмин қилинаётганидек «Россияни четлаб ўтадиган» йўналишлар қуришга интилишни эмас, балки халқаро бозорлар билан алоқанинг янги барқарор вариантларини яратишни назарда тутади.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига келсак, мен қуйидагиларни қайд этган бўлардим.
Биринчидан, инсон капиталини ривожлантириш. Бу мамлакатимизнинг халқаро иқтисодиётга муваффақиятли интеграциялашувига, Европа ва, умуман, ривожланган мамлакатлар билан барқарор алоқаларни шакллантиришга ёрдам беради. Ахборот технологиялари, муҳандислик, сунъий интеллект, биотехнология, барқарор ривожланиш ва бошқа йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Иккинчидан, иқлим ўзгаришига мослашиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик. Бу, биринчи навбатда, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, қурғоқчиликка қарши курашиш, шаҳар ҳаётини экологизациялаш, чиқиндиларни бошқариш масалаларига тааллуқлидир. Европа Иттифоқи бу соҳаларда катта тажриба ва илғор технологияларга эга. Шунинг учун бундай ҳамкорлик нафақат ҳозирги иқлим ўзгаришларига мослашишга, балки келгуси авлодлар учун янада экологик тоза келажак яратишга ёрдам беради.
Учинчидан, ҳам транспорт-логистика, ҳам рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологияларини ўз ичига олган инфратузилмани ривожлантириш. Ўзбекистон IT парклар ва стартап-инкубаторларни ривожлантирмоқда, Европа эса ҳали ҳам инновацион ва технологик ривожланиш бўйича жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади.
Апрель ойида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқининг Самарқанд саммити ушбу форматни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб, Марказий Осиёнинг геосиёсий субъектлиги ва ўзига хослигини тан олишни яна бир бор тасдиқлади. Марказий Осиёнинг яқинлашуви ва Ўрта коридор, «яшил» энергетика, савдо, технологиялар трансфери каби кўп томонлама лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшма ишларнинг драйвери Ўзбекистон ҳисобланади. Тошкент минтақавий хавфсизликни таъминлашда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шундай қилиб, КШҲТБ имзоланиши Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан муносабатларни, шу жумладан, минтақалараро контекстда ривожлантириш бўйича изчил ва пухта ўйланган сиёсатининг мантиқий натижасидир.
Халқаро тартибни қайта қуриш билан боғлиқ геосиёсий контекстга ҳам эътибор қаратиш жоиз. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг узоқ муддатли манфаатлари, яъни глобал ноаниқлик даврида мувозанатли ривожланиш учун қулай ташқи шароитларни таъминлаш бир-бирига мос келади.

Агар илгари икки томонлама муносабатларнинг ривожланишига тўсқинлик қилган масалалар ҳақида гапирадиган бўлсак, биринчи навбатда демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари мавзусини таъкидлаш жоиз. Бу йўналишга Европа мамлакатлари анъанавий равишда алоҳида эътибор қаратади. Бу масалалар муҳокамаси қизғин сиёсий баҳсларга айланиб кетган даврлар ҳам бўлган. Бугун вазият ўзгарди: босим ўрнини конструктив мулоқот, эҳтиёткорлик ўрнини эса ишонч эгаллади. Энди Ўзбекистон Европада ўз маданий-цивилизациявий қадриятларини кенг намойиш этаётган ва демократик тараққиётда илгарилаб бораётган бир пайтда «юмшоқ куч»нинг ўзаро таъсири ҳақида гапириш мумкин.
Самарали ҳамкорликка тўсқинлик қилиши мумкин бўлган бошқа соҳаларга мен иқтисодий моделлар ва экологик стандартлардаги фарқларни, савдо-сотиқни рағбатлантирмайдиган географик олисликни, ташқи кучларнинг Марказий Осиёга таъсир ўтказиш учун кучайиб бораётган геосиёсий рақобатини, шунингдек, мавжуд санкция чекловларини киритган бўлардим.
Асосий халқаро масалалар бўйича томонларнинг позициясини ҳам таъкидлаш лозим. Бугунги кунда халқаро вазият ноаниқ ва олдиндан айтиш қийин бўлган, можаро ва қарама-қаршиликларга бой бўлиб қолмоқда. Зиддиятлар нафақат азалий рақиблар, балки яқин иттифоқчилар ўртасида ҳам чуқурлашмоқда. Шу боис Брюссель ва Тошкент ўртасида имзоланган КШҲТБда халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва меъёрларига содиқлик тасдиқланиши муҳим, деб ўйлайман.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига келсак, қуйидаги учта устувор йўналишни ажратиб кўрсатган бўлардим. Биринчи навбатда, аксарият иқтисодий дастурлар боғлиқ бўлган Транскаспий транспорт йўлаги лойиҳаси устида биргаликда ишлаш. Бундан ташқари, КШҲТБнинг муҳим хомашё соҳасидаги ҳамкорликка оид қоидаларини самарали амалга ошириш. Ва ниҳоят, «яшил» иқтисодиёт ва «яшил» технологиялар, чиқиндиларни утилизация қилиш, сув ва ер ресурсларини бошқариш, барқарор шаҳар инфратузилмасини таъминлаш, Орол денгизини тиклаш соҳаларидаги ҳамкорлик.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.