Фармонга кўра, администрация раҳбари, унинг ўринбосарлари, ёрдамчилари, маслаҳатчилари, вакиллари ва администрация таркибий бўлинмалари бошлиқлари президент томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.
Администрация ходимларининг штат жадвалини тасдиқлаш ваколати Президент администрацияси раҳбарига (бу лавозимда Саида Мирзиёева) берилди.
У, шунингдек, президент маслаҳатчилари ўринбосарларини, администрация таркибий бўлинмалари бошлиқларининг ўринбосарларини, комплаенс хизмати бошлиғи, канцелярия мудири, администрация бошқарув ходимлари (шу жумладан, илгари президент фармони билан тайинланганларни) тайинлаш ва лавозимидан озод этиш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, президент томонидан тайинланадиган ходимлар учун назарда тутилган барча ҳуқуқлар, имтиёзлар, кафолатлар, ваколатлар ва бошқа қоидалар, жумладан, давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома беришнинг алоҳида тартиби татбиқ этилади.
Ушбу қоидалар қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилгунга қадар амал қилади.
Президент администрацияси раҳбари, шунингдек, лойиҳавий бошқарув тамойили асосида ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий мутахассис ва экспертларни, шу жумладан, олимлар, илмий изланувчилар ва тадқиқотчиларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида жалб қилиши (ишга олиш) мумкин.
Уларнинг натижаларини молиялаштириш Администрация фаолиятига кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Президент администрацияси раҳбари, қолаверса, маҳаллий ва хорижий мутахассислар ва экспертларга хизматлари учун ҳақни (иш ҳақини) миллий ёки чет эл валютасида тўлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини мустақил белгилайди.
Президент администрацияси регламентига кўра, харажатларнинг йиллик сметасини, шунингдек, администрациянинг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни (ходимларни мукофотлаш ва рағбатлантириш, моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқалар) тасдиқлаш Президент администрацияси раҳбари томонидан амалга оширилади.
Администрация фаолиятига кўмаклашиш жамғармаси маблағларини тасарруф этиш администрация раҳбари билан келишилган ҳолда администрация ишлар бошқарувчиси (Зилемхан Ҳайдаров)томонидан амалга оширилади.
Коммуникациялар департаментига (раҳбари президент матбуот котиби Шерзод Асадов) бир ой муддатда Давлат коммуникация стратегиясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш вазифаси юклатилди.
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага икки ҳафта муддатда администрация бошқаруви ходимларини аттестациядан ўтказиш, уларнинг фаолиятини баҳолаш, шунингдек, салоҳияти ва қобилияти юқори бўлган энг муносиб кадрларни танлаб олиш топширилди.
Администрация канцелярияси бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда бир ой муддатда иш жараёнига замонавий рақамли воситаларни (сунъий интеллект, ходимлар фаолияти самарадорлигини мониторинг қилиш, видеоконференциялар, йиғилиш ва тадбирлар календари ва бошқалар) жорий қилиши керак.
Президент маслаҳатчилари ва администрация таркибий бўлинмалари бошлиқлари бириктирилган йўналишларда ишларнинг аҳволи ва ривожланиш истиқболларини мунтазам (ҳафтада камида бир марта) муҳокама қилиб боради. Бу борада давлат ташкилотлари, ишбилармон доиралар, бизнес ҳамжамияти, ҳудуд фаоллари ва хусусий сектор вакиллари билан таъсирчан мулоқот ва ҳамкорликни кучайтирилиши керак.
Шунингдек, улар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларининг доимий мониторингини олиб бориши, ҳудудлар ва тармоқларнинг ҳолати, ривожланиш истиқболлари тўғрисида ахборот тўплаши шарт. Таҳлиллар асосида президентга долзарб муаммоларни ҳал этиш йўлларини белгилаб берувчи таклифлар киритади.
Шунингдек, улар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат дастурларининг ўз вақтида шакллантирилишини ва тўлиқ бажарилишини, шу жумладан, тармоқлар ва ҳудудларда инвестициявий, давлат-хусусий шериклик ва бошқа йирик лойиҳаларнинг амалга оширилишини назоратга олади.
Президент маслаҳатчилари ва Президент администрациясининг таркибий бўлинмалари раҳбарларига бизнес муҳитини янада яхшилаш, ўсишнинг янги имкониятларидан фойдаланиш, аҳоли даромадларини ошириш, фаолиятни рақамлаштириш, мансабдор шахсларнинг масъулияти ва хисобдорлигин кучайтириш бўйича ижро ҳокимияти органларининг ташкилий тузилмалари ва иш услубларини такомиллаштириш чора-тадбирларини кўриш топширилди.
Қолаверса, уларга бўлинма таркибидаги бошқарма ва шуъбалар фаолиятини замонавий талаблар асосида шакллантириш ва вазифалар тақсимотини мустақил белгилаш, ходимларни долзарб масалалар ечимига тезкор мобилизация қилиш орқали уларнинг иш самарадорлигини ошириш юклатилди.
Бундан ташқари, ходимлар фаолиятида замонавий маълумотларни таҳлил қилиш ва визуаллаштириш, лойиҳаларни бошқариш, вақт ва натижадорлик воситаларини, шу жумладан, сунъий интеллект технологиялари ва бошқа рақамли воситаларни жорий этади.
Аввал хабар қилинганидек, Президент администрацияси ва унинг таркибидаги ташкилотларда 284 та штат қисқартирилди, такрорланувчи лавозимлар оптималлаштирилди. Администрация раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди.
Бундан ташқари, президент фармони билан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолияти тугатилиб, унинг асосида Миллий контент ишлаб чиқарувчи марказ ташкил этилмоқда. Унинг ахборот соҳасидаги назорат ва мониторинг функциялари «Ўзкомназорат»га ўтказилди. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Оммавий коммуникациялар маркази Президент администрациясига ўтказилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.