«Оғир дамларда Ўзбекистоннинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилдик». Украина элчихонаси консули билан интервью
Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси консули Наталья Максименко Тошкентда беш йилдан бери ишлайди. Бу вақт осон кечмади — дастлаб коронавирус пандемияси чегараларни вақтинча ёпиб қўйди, кейин эса — 2022 йил февраль, шундан сўнг дунёга тинчлик етишмай қолди.
Gazeta мамлакатдаги миссиясини якунлаётган дипломат билан суҳбатлашди, унда бу даврда консулнинг иши қандай бўлгани, қандай қийинчиликларга дуч келгани ва одамлар унга қандай муаммолар билан келгани ҳақида сўз боради.
— 2022 йилда, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг, Ўзбекистондаги консуллик бўлимининг иш юкламаси ва ўзига хослиги қандай ўзгарди?
— Ишнинг ўзига хослиги шундаки, консулликка вақтинча босиб олинган ҳудудлар — Қрим, Донбасс ва бошқалардан Украина фуқаролари мурожаат қила бошлади. Булар кетаётганда ёнида Украина ҳужжатлари бўлмаган ва уларни қайта расмийлаштириш учун элчихонага мурожаат қилган одамлар эди.
Улар кундан-кунга кўпайиб борди ва 2022 йил сентябрь ойида кунига 60−70 киши тўхталишларсиз қабул қилинди. Ўзбекистондаги консуллик бўлимимиз учун бу ўзига хос рекорд бўлди, чунки элчихонада битта консул бор эди.
Украинанинг турли мамлакатлардаги дипломатик муассасалари иши ёки юкламасини таққослаш унчалик тўғри бўлмайди. Европа давлатларида Украина фуқаролари кўпроқ ва у ердаги одамлар оқими, албатта, бизнинг элчихонамиздаги билан тенг эмас. Шу билан бирга, масалан, тўлиқ миқёсли босқиндан кейин 2019 йилдан 2021 йилгача ва 2022 йилгача бўлган даврларни олсак, фарқ бор.
Бу даврда Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси томонидан ўз фуқаролари учун ташкил этилган эвакуация рейслари ҳам бошланди. Улар билан бирга турмуш ўртоқлари, фарзандлари, ота-оналари, яъни олиб кетиш мумкин бўлган барчани олиб кетишарди.
Уруш бу — ваҳима. Стресс ҳолатидаги одамлар ҳар доим ҳам биринчи навбатда нима қилиш кераклигини тушунавермайди, чунки бундай тажрибага ҳеч ким эга эмас. Уларнинг хаёлида фақат бир нарса — ўз ҳаётини, бола-чақасини, яқинларини асраб қолиш бор.
Биз Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги ҳамкасбларимиз билан тўлиқ ҳамжиҳатликда ишладик. Биргаликда ташриф буюрувчиларни қабул қилдик ва фуқароларимизга зарур ёрдамни, жумладан, консуллик ёрдамини кўрсатдик. Иш уюшқоқлик билан, бир маромда борарди. Шундай оғир дамда қўллаб-қувватлов ва ёрдамни ҳис қилганимиз учун улардан жуда миннатдормиз.
— Одамлар консулликка қандай мурожаатлар билан келарди?
— Аввало, бизга ҳужжатларни расмийлаштириш ёки тиклаш бўйича саволлар билан мурожаат қилишди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ: урушдан қочиб, ваҳимага тушган одамлар ҳар доим ҳам керакли нарсаларни олиши хаёлига келмайди. Масалан, кўпинча Украина фуқаросининг ёнида фақат ички миллий паспорти бўлган, хорижга чиқиш паспорти эса уйда қолган ёки йўқолган ёки муддати тугаган.
Албатта, моддий ва инсонпарварлик ёрдами масаласи ҳам долзарб эди. Одамларга озиқ-овқат, дори-дармон ва вақтинчалик турар жой керак эди.
Қўлимиздан келганини қилдик. Энг қувонарлиси, бу юртдаги дўстларимиз фалокатга дарҳол жавоб қайтаришди. Ўшанда мен учун Ўзбекистон янги томондан очилди: бу ерда бирлашиб, беғараз ёрдам қўлини чўзган ҳамфикрлар топилди. Масалан, бир сафар элчихонага ўзбекистонлик тадбиркор келиб, квартира калитини қолдириб кетибди ва «қанча яшашса, шунча яшасин», дебди. Бундай хатти-ҳаракатларни ҳеч қачон унутмаймиз.
— Ўша пайтлари ҳаммаси бўлиб қанча одам келган?
— Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан буён ўтган биринчи яримйилликда, ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг расмий маълумотларига кўра, Ўзбекистонга 6000−7000 га яқин киши келган. Бу ерда шуни таъкидлаш керакки, ҳамма ҳам қолишга қарор қилмаган. Мамлакатга келган ва уч кун ичида консуллик хизматларидан фойдаланишга муваффақ бўлганлар қонунга кўра статистикага киритилмаган бўлиши мумкин.
Кейинчалик Украинадан келаётган фуқаролар сони камая бошлади. Гап шундаки, украиналиклар қочқинлар учун махсус дастурлар, жумладан, инсонпарварлик ёрдами мавжуд бўлган Европа давлатлари, АҚШ ва Канадани афзал кўрган.
Ўзбекистонда бугунги кунда 11 мингга яқин фуқаромиз истиқомат қилмоқда. Булар орасида 30 ва ундан ортиқ йил давомида шу ерда бўлганлар ҳам бор. Уларнинг бир қисми институт ёки армиядан келиб, оила қурган. Ўзбекистонда шартнома асосида ишлаётган кўплаб Украина фуқаролари — экспатлар бор. Улар муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати йўналишларини танлайди. Ўзбекистон улар учун барқарорликни таъминлайдиган қулай мамлакатдир.
— Ҳозирда Украина фуқаролари учун онлайн режимда қандай консуллик хизматлари мавжуд?
— 2024 йил ноябрь ойидан бошлаб бизда электрон навбат ишга туширилди. Унга ҳамма ёзилиши керак, лекин истиснолар ҳам бор. Булар, масалан, кекса ёшдаги одамлар ёки рақамли хизмат билан ёрдамга муҳтож бўлганлардир. Электрон навбатда барча хизматларга ёзилиш мумкин. Бироқ консуллик бўлимига ташриф буюриш мажбурийлигича қолмоқда — барча хизматлар қабулда фуқаронинг шахсан иштирокида кўрсатилади.
Консуллар ўз мамлакати фуқаролари учун чет элда фаолият юритувчи универсал ходимлар бўлиб, улар ватанда турли идоралар томонидан кўрсатиладиган хизматларни тақдим этадилар. Масалан, турли хил маълумотномалар бериш, ҳужжатларни расмийлаштириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини — никоҳ, туғилиш, ўлим тўғрисидаги гувоҳномаларни рўйхатдан ўтказиш, нотариал хизматлар кўрсатиш ва бошқалар билан шуғулланади.
— Фавқулодда вазиятларда консуллик ўз фуқароларига қандай ёрдам беради?
— Бу ерда вазиятларни ажратиб олиш керак. Масалан, ЙТҲ, ўлим, ҳибсга олиш, ҳужжатларни йўқотиш кабилар фавқулодда вазиятлар бўлиши мумкин. Ҳар бир ҳолат индивидуал ёндашувни талаб қилади. Ҳар ҳолда, одамлар билан иш олиб бориляпти. Консул вазиятга чуқур кириб бориши, тўғри ёндашувни топиши ва қонун доирасида ёрдам бериши муҳим. Фавқулодда вазиятларда Ўзбекистон томони тезкорлик билан ҳаракат қилади — Украина фуқаросига ёрдам керак бўлса, хабар беради.
Агар ҳужжатлар йўқолса, бу энг катта муаммо эмас. Одам маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиб, йўқолган ҳужжатлар тўғрисида маълумотнома олиши керак, биз эса тиклашга ёрдам берамиз. Украина фуқароси ҳибсга олинганда, консул судга ёки тергов изоляторига бориши мумкин. Ўзбекистон ҳудудида ўлим содир бўлган тақдирда, бир нечта омиллар ҳисобга олинади.
Давлат органлари бундай вазиятларда тезкорлик билан ҳаракат қилади, дафн этиш хизмати ишга тушади, бусиз зарур ҳужжатларни тўплаш деярли мумкин эмас. Кўп нарса қариндошларнинг қарорига боғлиқ — марҳумни шу ерда қолдириш ёки ватанига олиб кетиш масаласи бор. Буларнинг барчаси қариндошлар учун ҳиссий жиҳатдан оғирдир, биз бўлса керакли ёрдам алгоритмини танлашимиз керак.
Эҳтимол, бу нокамтарлик бўлиб туйилар, лекин беш йиллик миссиям давомида бирорта ҳам шикоят келиб тушмади. Менинг асосий вазифам — одамларга ёрдам ва маслаҳат бериш. Консуллик бўлимига мурожаат қилганда, одамлар уйдан узоқда бўлган ҳолда, малакали ёрдам ва аниқ тушунтириш олишни кутишади. Ҳар бир ташриф буюрувчи ўз ҳуқуқларини аниқ тушуниши, ҳар қандай вазиятда кейинги эҳтимолий ҳаракатлар режасига эга бўлиши учун тўлиқ маълумот ола олиши керак.
— Консулликдаги энг кенг тарқалган хизматлар қайсилар?
— Асосан, паспорт ва нотариал масалалар, ФҲДЁ. Ўзбекистон билан визасиз режимга эгамиз, лекин 2022 йилда барча давлатлар учун Украинага кириш чекланган эди. Уруш бошланганда чет эл фуқаролари Украина ҳудудига фақат яшаш гувоҳномаси билан кириши мумкин эди. Ҳозир бу ҳолат ўзгарган. Ўзбекистон фуқаролари сафар мақсадини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлса, Украинага киришлари мумкин. Ҳозир ҳам мамлакат аҳолиси Украинага ўқишга боради, Украина олий ўқув юртларига киради.
— Сиз консул сифатида суд мажлисларида иштирок этишингиз мумкинлигини таъкидладингиз. Мажлиснинг боришига қандайдир таъсир кўрсата оласизми?
— Консуллик муносабатлари тўғрисидаги Вена конвенциясига кўра, консул адвокат вазифасини бажара олмайди. Биз суд мажлисида иштирок этишимиз мумкин, лекин ҳимоя томони сифатида эмас, жараёнга аралаша олмаймиз. Шу билан бирга, биз фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя кафили сифатида тақдим этамиз. Албатта, мажлисда судьянинг рухсати билан иштирок этиш шарт. Лекин бизга ҳали бирор марта рад жавоби беришмаган. Шунингдек, консул судгача айбланувчи билан учрашиб, унинг ҳуқуқлари бузилмаганини аниқлаши ёки ундан турли хил аризаларни қабул қилиши мумкин.
— Келинг, украин диаспораси ҳақида гаплашайлик. Ўзбекистонда яшовчи диаспоранинг ўзлигини сақлаб қолишида ўзига хосликлар борми?
— Бугунги кунда украинлар учун тил, маданият ва анъаналарни сақлаб қолиш шунчаки ҳобби ёки ўтмишга ҳурмат эмас. Бу — бизнинг матонатимиз шакли. Душман сизнинг ўзлигингизни йўқ қилишга уринаётганда, шанба мактабидаги ҳар бир дарс, ҳар бир вишиванка, ҳар бир тайёрланган борш, бу — ўзлигимизни тасдиқлаш ва биз аввал ҳам бор эдик, ҳозир ҳам бормиз ва келажакда ҳам бўлишимизни исботлаш ҳаракатидир.
Ўзбекистон нафақат украиналикларга ўзлигини сақлаб қолиш ва намоён этишга ёрдам беради. Бу бошқа халқларга хайрихоҳ ва хушмуомала бўлган кўп миллатли мамлакатдир.
Масалан, яқинда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Марказий боғда ташкил этилган Маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивалида иштирок этдик. У ерда миллий таомлар, маданият ва анъаналарнинг ўзига хос хусусиятларини баҳам кўрган кўплаб мамлакатлар вакиллари иштирок этди, халқ қўшиқлари ва рақслари янгради.
Биз таомларимизни, жумладан, Украина боршини ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган Украина маданиятининг бир қисми сифатида, шунингдек, варениклар, сирникилар, налисникилар, кобете ва бошқаларни тақдим этдик. Фестивалда рамзий сумма эвазига таомлар ва ҳунармандчилик буюмларини сотиб олиш мумкин эди. Тушган барча маблағни, яъни тахминан 11 миллион сўмни Киевдаги «Охматдет» болалар шифохонасини тиклаш учун хайрия сифатида фондга йўналтирдик.
Бу ягона тадбир эмас, Ўзбекистонда бундай учрашувлар тез-тез бўлиб туради. Айниқса, фестивалда Украинани қўллаб-қувватловчи жуда кўп одамлар келгани қадрлидир. Бу нафақат ҳозир намоён бўлмоқда, балки 2022 йилда ҳам шундай бўлган ва ишончим комилки, бу қўллаб-қувватлаш келажакда ҳам давом этади. Қўллаб-қувватловчи кўплаб сўзлар айтилди, булар ҳар доим таъсирлидир. Ўзбекистон — меҳмондўст, илиқ мамлакат. Бу иқлимга ҳам, инсоний муносабатларга ҳам тегишли.
— 2022 йилда Украина элчихонаси «Славутич» маданият маркази билан муносабатларни узган. 2025 йилда вазият ўзгарганми?
— Шуни таъкидлашни истардимки, бу элчихонанинг муайян шахснинг позициясига муносабати эди. Яна бир бор таъкидлайман, бир кишининг позицияси элчихона томонидан қабул қилинмади, бу ёзма равишда
билдирилди.
Бироқ реакция Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан очилган ва Украина маданият маркази биносида фаолият юритаётган «Проминь» шанба мактаби билан ҳамкорликка ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Мактаб ишлаши учун кўп ҳаракат қилинди. Муҳими, иш доимий равишда директор Оксана Довгун раҳбарлигида олиб борилди ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Муайян шахснинг позициясига элчихонанинг муносабати диаспора билан, мактаб билан ишлашга таъсир қилмади. Элчи Микола Дорошенко мактаб тадбирларида қатнашган, у ерга китоблар ва бошқа кўплаб нарсаларни олиб келган.
Август ойида Ўзбекистон Мустақиллиги куни муносабати билан Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар ишлари қўмитаси қошида турли халқларнинг анъаналари акс этган экспозиция ташкил этилди. Бошқалар қаторида ўз колоритига эга украин ва қрим-татар уйлари ҳам намойиш этилди. Тадбирда элчихона ходимлари ҳам иштирок этди. Бизда диаспора ҳаётидан узоқлашиш йўқ.
— Ҳозир шанба мактаби қандай ишлаяпти?
— У ерда ёш бўйича учта гуруҳ бор — мактабгача, мактаб ва ундан катта ёшдаги ўқувчилар. У ерда тингловчилар украин тили, маданияти, урф-одатларини ўрганади. Бу мактабга Ўзбекистонда туғилиб, умр бўйи шу ерда яшаб келганлар ҳам келади. Улар Украина бўйлаб «саёҳат қилиш», дарсларда шаҳарлар ва ҳудудлар ҳақида кўпроқ маълумот олиш имкониятига эга. Тингловчилар ҳеч қачон у ерда бўлмаган бўлсалар ҳам, мамлакатни ўзлари учун кашф этади. Уруш бошланганидан кейин ота-онаси билан келиб, Ўзбекистондаги оддий мактабларга қатнаётган болалар ҳам бор, «Проминь»да эса ўз тили ва ўзлигини сақлаб қолиши мумкин. Бу — жуда қимматли нарса.
— Элчихона шанба мактабини қандай қўллаб-қувватлайди?
— Биз методик ёрдам кўрсатамиз — китоблар, бадиий адабиётлар тақдим этамиз. Ўтган йили Украинадан дарсликлар тўпламини буюртма қилдик. Биз тадбирлар ўтказадиган бўлсак, барча ўқувчилар ва болалар ҳамда катталарни, «Проминь» мактабларини у ерга таклиф қиламиз. Буларнинг барчаси айнан иштиёқ билан, кўнгиллиларнинг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилмоқда. У ерда ўқитувчиларнинг оддий мактабдагидек ишлашига имконият йўқ. Таълим бераётган ва таълим-тарбия жараёнида иштирок этаётганларнинг барчаси оқкўнгил инсонлардир.
— Ўзбекистондаги болалар оромгоҳларида украиналик болалар икки марта дам олишди. Айтинг-чи, бу қандай ташкил этилганди?
— 2023 йилда Украинадан 50 нафар, бу йил яна 100 нафар бола Ўзбекистонда дам олди. Украина дипломатик ваколатхонаси жойлашган хорижий давлат ҳудудига кирганларнинг барчаси автоматик равишда ҳар қандай консулнинг жавобгарлик зонасида бўлади.
Болаларнинг Ўзбекистонда дам олиши хориждаги дипломатик муассасаларимиз томонидан амалга оширилган лойиҳалар орасида энг яхшиси деб топилди. Бу ҳақда бой дастур ҳақида гапириб берган болаларнинг фикрларидан ҳам билса бўлади. Бу ерда халқ ижодиёти, палов тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари бўлиб, уларни Тошкент бўйлаб экскурсияларга олиб боришди. Болаларнинг қандай келгани, қандай очиқ чеҳра билан кетганини суратларда кўриш мумкин. Узоқ давом этган урушдан сўнг улар шарқ эртакларига тушиб қолгандек эдилар.
Бу болаларнинг алоҳида тоифадан эканини тушуниш муҳимдир. Уларнинг ҳаммаси фронт яқинидаги зоналардан. Бу болалар ҳаво тревогаси, ўққа тутиш, бомбапаноҳга яшириниш нималигини билишади. Биз Ўзбекистон уларнинг бу ерда бўлишини таъминлаганини, бугун азоб чекаётган украиналикларнинг кичик бир қисмига ғамхўрлик кўрсатганини алоҳида қадрлаймиз.
— Болаларнинг ота-оналари бошқа давлатга юборилишга қандай муносабатда бўлишди, уларни қўйиб юбориш қўрқинчли эмасмиди?
— Рўйхатларни шакллантиришда ота-оналарнинг ўзлари ариза беришди, саёҳат уларнинг розилиги билан амалга оширилди. Бундан ташқари, гуруҳлар билан кузатувчилар ҳам бор эди. Ота-оналарнинг эҳтимолий хавотирларига келсак, бу ерда вазиятлар муҳим. Уларнинг ҳаёти тўртинчи йил бомбардимон остида ўтмоқда, дарслар бомбапаноҳларда олиб борилади, у ерларда ухлашади. Уларга доимий хавотир ва қўрқув ҳамроҳлик қилади: мана, навбатдаги «шаҳед» учиб келяпти ва у сенинг уйингга тушиши мумкин.
Бу қўрқув ўтиб кетмайди. Менимча, бу ҳолатда ота-оналар болаларнинг бироз дам олиши, сайр қилиши ва яхши, меҳрга йўғрилган ҳис-туйғуларга эга бўлиши ҳақида ўйлаган. Ҳеч бўлмаса, икки ҳафтага уруш нималигини унутиб, нафақат Ўзбекистон қуёшини, балки бу мамлакат аҳолисининг меҳри, меҳмондўстлигини кўришди. Бунинг учун биз жуда миннатдормиз.
— Бу жараёнда консул сифатида иштирок этдингизми?
— Ҳужжатларни расмийлаштиришдан ташқари, болалар Ўзбекистонда бўлганида уларнинг тақдирини ҳам кузатиб бордик. Масалан, бизга хабар беришларича, оромгоҳга келган йигитлардан бирининг кўричаги хуруж қилиб, тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб қолган. Бола зудлик билан Тошкентга олиб келиниб, операция қилинган. Биз боланинг ҳолидан хабар олдик, унинг аҳволи яхши эканига ишонч ҳосил қилдик. Орадан уч кун ўтгач, у лагерга қайтиб келди. Бу ўринда шифокорларга раҳмат айтиш керак, ҳамжиҳатлик билан ишлашди.
— Сизнинг Ўзбекистондаги беш йиллик консуллик фаолиятингиз мураккаб даврни қамраб олди. 2022 йилгача ишлаш осонроқ бўлганмиди?
— Аввалги сафарим Польшага бўлганди. Мен 2014 йилда Варшавада консул бўлиб ишлаганман, ўшанда Қрим аннексия қилинган, кейин Донбасс. Ўша пайтда Польшага бошпана излаб келганлар жуда кўп эди.
Орадан бироз вақт ўтиб, Ўзбекистонга келдим. Ўшанда 2020 йилда пандемия бўлган, 2022 йилда эса кенг кўламли босқинчилик бошланган. Қрим, Донецк, Луганскдан келаётган фуқароларимизни яна учратяпман. Шу нуқтаи назардан, мен учун тарих такрорланди, лекин янада шафқатсиз кўринишда.
— Консулнинг ишида нима ўзгармаслиги керак?
— Эҳтимол, бу менинг энг яхши хусусиятим эмасдир, лекин мен ариза берувчининг барча муаммоларини беихтиёр ўзимдан ўтказаман. Натижа учун ишлаётганда, инсонга маълум бир вазиятда қанчалик тез ва тўлиқ ёрдам бера олиш муҳимдир. Бу мен учун муҳим, шунинг учун бу ишни танладим.
Болалигимдан бери отам менга намуна бўлиб келган. У мамлакатимизда 25 йил давомида дипломатик хизматда ишлаганди. У ўз ватанида ҳам, чет элда ҳам иш олиб борган. Мен ҳам консул бўлмоқчилигимни айтганимда, у менга шундай жавоб берганди: «Яхши консул бўлиш учун бу ишни севиш ва одамларнинг муаммоларини ҳис қилиш керак».
Касбимни шифокорнинг иши билан таққослайман, чунки бизга ҳам доим муаммо билан келишади. Биз ҳам шифокорга бориб, бирор нарса бўлса, ёрдам сўраймиз. Ишончим комилки, одамлар билан ишлайдиган ҳар бир киши касбий кўникма ва билимлардан ташқари, бошқа инсонга ёрдам бериш истагига ҳам эга бўлиши керак. Фақат шундагина бу ишни виждонан ва сидқидилдан бажариш мумкин.
— Ўзбекистондан ўзингиз билан қандай таассуротларни олиб кетасиз?
— Анчадан бери нарса-буюмларга аҳамият бермай қўйганман. Мен учун одамлар муҳим. Юрагимга яқин инсонлардан айрилиш жуда оғир. Эҳтимол, яна ким биландир учрашармиз. Ҳозир юрагимнинг бир қисмини шу ерда қолдиряпман. Ўзбекистон — илиқ ўлка, меҳмондўст. Ва, эҳтимол, Тошкентнинг ифори ҳар дам хотирамда қолади, чунки мен учун ҳар бир шаҳар ўзига хос ҳид таратади. Тошкент — палов, сомса ва зираворлар ҳидларининг уйғунлигидир. Бу боғланиш мен билан умрбод қолади.
— Ўзбекистондаги фаолиятингиз давомида шахсий ютуқларингиздан қайси бирини қайд этган бўлардингиз?
— Менимча, ўз ўрнимда эканимга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Элчихона манзилига миннатдорлик билдириб ёзишса, бу қадрли. Доим айтаман: ҳа, бу оғир иш, лекин барибир мен учун энг яхшиси шу!