Ёшлар келажаги учун инсонпарвар ёндашув: вояга етмаганларга жиноий жавобгарликни юмшатиш сари янги қадам

Ёшлар келажаги учун инсонпарвар ёндашув: вояга етмаганларга жиноий жавобгарликни юмшатиш сари янги қадам


Бугунги Ўзбекистон жиноят сиёсатида инсонпарварлик, адолат ва ёш авлодни асраб-авайлаш ғоялари тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Энди жазо — фақат жазолаш эмас, балки тўғри йўлга қайтариш воситаси сифатида кўрилмоқда. Шу мақсадда 2025-йил 23-октабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–1092-сон) мамлакат жиноят қонунчилиги тарихида муҳим бурилиш ясади. Ушбу ҳужжат вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни либераллаштириш, яъни жазони енгиллаштириш орқали уларни жамиятга қайта мослаштиришга қаратилган.

Эндиликда ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар жиноят содир этган ва жазони тўлиқ ўтаб чиққан шахслар судланмаган ҳисобланади. Бу дегани — ёшлигида хато қилган, аммо кейинчалик тўғри йўлни танлаган бола келажакда “судланган” тамғаси билан яшамайди. Бу янгилик нафақат ҳуқуқий, балки чуқур ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, ёш авлоднинг меҳнат, таълим ва ижтимоий ҳаётда тенг имкониятлардан фойдаланишига йўл очади.

Шу билан бирга, қонун адолат тамойилидан чекинмаган. Чунки бу имтиёз ўта оғир жиноят содир этган ёки жазодан сўнг яна жиноят йўлига кирган вояга етмаганлар учун татбиқ этилмайди. Бу орқали давлат жиноятга қарши курашда қатъийликни сақлаган ҳолда, тузалиш ва кечирим имкониятини ҳам очиқ қолдирмоқда.

Яна бир эътиборга молик жиҳат — озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум этиш жазоларининг энг кам муддати қисқартирилди. Авваллари бу жазо камида олти ой бўлган бўлса, энди атиги бир ой қилиб белгиланди. Бу ўзгаришнинг мақсади — вояга етмаганларга нисбатан ҳаддан ортиқ оғир жазолардан воз кечиш, уларни жазолаш ўрнига тарбиявий йўл билан тўғри йўлга қайтаришдир.

Янги қонун, моҳиятан, жазолашдан кўра инсонни сақлаб қолишга хизмат қилади. Чунки ҳар бир бола — жамиятнинг келажаги. Ёшлигида хато қилган шахсни умуман йўқотиш эмас, балки уни ўз ўрнига қайтариш, унга ишонч билдириш — бу замонавий ҳуқуқий давлатнинг юксак инсонпарварлик белгиси.

Мазкур ислоҳотлар Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига, хусусан, БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсияси” тамойилларига тўла мос келади. Чунки бола — жазодан кўра тарбияга, қўполликдан кўра ишончга, айбдорликдан кўра имкониятга муҳтож.

Шундай қилиб, ЎРҚ–1092-сонли қонун нафақат жиноят кодексига киритилган ўзгартириш, балки жамият тафаккурида кечаётган инсонпарварлик инқилобининг ёрқин ифодасидир. У орқали давлат ёшларга шундай мурожаат қилмоқда: хато қилиш мумкин, лекин уни тан олиш, тузалиш ва ҳаётни янгидан бошлаш — энг катта ғалаба.

Мирзо Улуғбек туман

ЮХКМ бошюрисконсулти

Райхона Ҳомидова

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.