«Дунё глобал исишни 1,5 градус даражасида ушлаб турса, Марказий Осиё учун ўсиш икки баравар кўп бўлади» — Азиз Абдуҳакимов

«Дунё глобал исишни 1,5 градус даражасида ушлаб турса, Марказий Осиё учун ўсиш икки баравар кўп бўлади» — Азиз Абдуҳакимов

Экология қўмитаси раиси (собиқ экология вазири) Азиз Абдуҳакимов Бразилиянинг Белен шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича халқаро конференциясида (COP30) иқлим инқирозининг Марказий Осиёга таъсири ҳақида гапирди.

«Марказий Осиё ерларининг 20 фоиздан ортиғи деградацияга учраган. Бу жараён минутига 9 кв метр тезликда давом этмоқда. Тасаввур қилинг, COP ўтказилган етти куннинг ўзида қарийб 90 минг квадрат метр ер деградацияга учради — бу 300 оиладан иборат қишлоқ учун озиқ-овқат ва даромад йўқотилишига тенг», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Тадқиқотларга таяниб, у Марказий Осиёда ҳарорат аллақачон 2,2 даражага кўтарилгани, бу эса мавжуд сув ресурсларига бевосита таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

«Агар дунё глобал исишни 1,5 даража даражасида ушлаб туришга муваффақ бўлса ҳам, бу Марказий Осиё учун ҳароратнинг икки баравар кўпайишини — 3 даражадан ошишини англатади. Марказий Осиё музликлари ҳар йили 0,5 фоизга қисқариб бормоқда. Уларнинг қарийб 30 фоизи аллақачон йўқотилган. Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган сув миқдори деярли икки баравар камайди», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон 2035 йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари эмиссиясини 2010 йилдагига нисбатан 50 фоизга камайтиришни мақсад қилган. Бу кўрсаткич аввалги кўрсаткичдан 15 фоизга юқори, дея таъкидлади вазир.

Ўзбекистон яқин 5 йил ичида қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқариш қувватларини 25 минг МВт гача ошириш ва қайта тикланадиган манбалар улушини 54 фоизга етказиш орқали йиллик чиқиндиларни 16 миллион тоннадан ортиқ CО2 га камайтириш ниятида.

«Ўрмонларни 6,1 миллион гектаргача, жумладан, „Яшил макон“ дастури доирасида Оролбўйи минтақасида 2,3 миллион гектаргача кенгайтириш, яшил ҳудудлар улушини 2016 йилдаги 4 фоиздан 2030 йилга бориб 30 фоизгача етказиш, қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш қамровини 95 фоизга етказиш, чиқиндиларнинг 35 фоизини энергия ишлаб чиқаришга йўналтириш режалаштирилган. Бу шунчаки қоғоздаги мақсадлар эмас, балки янада яшил ва иқлим шароитларига чидамли Ўзбекистон йўлидаги ҳақиқий ҳаракатлардир», — дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, раис Марказий Осиё, Озарбайжон ва мўғулистонлик ҳамкорларни бирлаштирган Green University’нинг ишга туширилиши ҳақида гапирди. Хитой ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги ҳамкорлар билан чўлланишга қарши курашиш ва чўл ҳудудларида иқтисодий фаолиятни ривожлантириш бўйича янги минтақавий марказ ташкил этилмоқда.

«Марказий Осиё — иқлим ўзгариши таъсирига энг кўп дучор бўлган минтақалардан бири — ҳукуматлар, фуқаролик жамияти, бизнес ва илмий доираларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштирган ҳолда мослашиш ва чиқиндиларни камайтириш чораларини кучайтириш бўйича келишилган қадамларни қўймоқда», — дея қўшимча қилди Азиз Абдуҳакимов.

Шунингдек, у Самарқанд 2026 йил 31 майдан 5 июнгача Глобал экологик жамғарма (GEF) ассамблеясига мезбонлик қилишини, шу билан бирга, Eco Expo Central Asia кўргазмаси ўтказилишини маълум қилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.