Президент Янги Тошкентнинг янги объектлари билан танишди

Президент Янги Тошкентнинг янги объектлари билан танишди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни Янги Тошкент шаҳрида йўл-транспорт инфратузилмаси, энергетика, уй-жой ва таълим объектлари қурилиши билан танишди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

У дастлаб ерости автотураргоҳи ва пиёдалар ўтиш йўлаги қурилишини кўздан кечирди.

40 минг квадрат метр майдонда қурилаётган 100 миллион долларлик автотураргоҳда биринчи босқичда 200 та автомобиль, 30 та мотоцикль ва скутерни жойлаштириш имконияти яратилади. Пиёдалар ҳаракати учун тўрт томонлама йўлак қурилади.

Президент Янги Тошкентнинг янги объектлари билан танишди
У ерда автоматлаштирилган парковка тизимлари, велосипедлар ижараси нуқталари ташкил қилиниб, электромобилларни зарядлаш учун станциялар ҳам барпо этилади. Мазкур автотураргоҳни 2026 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Президент бу каби автотураргоҳларни кўпайтириш, улар аҳоли учун максимал даражада қулай бўлишини таъминлаш, келгусида электромобиллар улуши ортишини ҳисобга олиб, уларни қувватлаш инфратузилмасини янада ривожлантириш юзасидан кўрсатма берди.

Янги Тошкентда вазирлик ва идоралар фаолиятини ташкил этиш учун маъмурий бинолар ҳам барпо этилмоқда.

Жумладан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг модуль турдаги янги биноси барпо этилган. 1,4 гектар ер майдонда умумий майдони 5751 квадрат метрни ташкил этувчи 5 та бир қаватли енгил металл конструкцияли, базальт қопламали сендвич панеллардан иборат бинолар қурилди.

«Мазкур бинo вазирликнинг марказий аппарати ҳамда тизимдаги ташкилотларни бир маконда жойлаштириш имконини бериб, муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик ва иш жараёнларининг самарадорлигини оширади», — дейилади хабарда.

Президент Янги Тошкентнинг янги объектлари билан танишди
Енгил конструкциялар ва энергия самарадор сендвич панеллар, мустақил оқова тизими, самарали марказлашган иситиш, совитиш ва шамоллатиш тизими ушбу бинoнинг эксплуатация харажатларини камайтириш, келгусида уни кенгайтириш ёки демонтаж қилиш имконини беради ҳамда тез мослашувчанлигини таъминлайди.

Бугунги кунда янги бинода вазирлик марказий аппарати ва тизимдаги ташкилотларда фаолият юритувчи жами 550 нафар ходим ишламоқда.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш республика маркази ҳам шу бинода жойлашган.

Ҳозирда марказ томонидан «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими негизида бир қатор платформалар ишга туширилган.

Давлат раҳбарига платформалар фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Президент Янги Тошкентнинг янги объектлари билан танишди
Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри» географик ахборот тизимида шаҳар ва туманлар ҳудудларига оид барча ижтимоий-иқтисодий маълумотлар ягона рақамли базага жамланди. Геопортал орқали аҳоли пунктларининг 3D форматдаги «рақамли эгизаклари» яратилди, реконструкция ва реновация зоналари белгилаб олинди ҳамда ҳудудларни комплекс таҳлил қилиш имконияти яратилди.

Бош режаларни ишлаб чиқиш ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, шунингдек, улар асосида қурилишга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилди.

Президент Янги Тошкентнинг янги объектлари билан танишди
Бугунги кунга қадар 20 та шаҳар, 22 та шаҳарча, 843 та туман аҳоли пунктларининг рақамли бош режалари ишлаб чиқилиб геопорталга жойлаштирилди.

«Рейтинг» электрон платформасида қурилиш-пудрат ташкилотлари фаолиятини баҳолаш автоматлаштирилди. «Тендер» электрон платформаси вазирлик ва идораларнинг электрон тизимлари билан интеграция қилинди. «Қурилиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш» электрон платформасининг янги версияси ишлаб чиқилиб, қурилиш соҳасидаги барча 9 та хизмат қамраб олинди.

«Лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш», «Қурилишда давлат назорати», «Менинг уйим», «Менинг ҳудудим», «Иссиқлик таъминоти биллинг тизими» каби қатор платформалар ҳам фаолият юритмоқда.

Шундан сўнгра Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги «Шарқ баҳори» турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди.

Президент Янги Тошкентнинг янги объектлари билан танишди
Янги Тошкентда биринчи босқичда 600 минг аҳоли учун замонавий инфратузилма барпо этилиши белгиланган. Лойиҳа тўлиқ якунланганда эса Янги Тошкент 2 миллион нафар одам яшайдиган улкан мегаполисга айланади, дейилади хабарда.

Уларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш борасидаги биринчи қадам «Шарқ баҳори» турар жой мажмуаси экани қайд этилди. Мажмуа минтақадаги энг йирик уй-жой лойиҳаларидан бири ҳисобланади. 95 гектар ҳудудда 15 мингга яқин хонадондан иборат кўп қаватли уйлар қурилади.

Президент Янги Тошкентнинг янги объектлари билан танишди
Бугунга қадар бу ерда 18 миллион квадрат метрдан ортиқ қурилиш ишлари бажарилди. Бунда «А+» энергия тежамкорлик тоифасидаги замонавий материаллар қўлланмоқда.

Мажмуада 15 мингдан ортиқ дарахт ва кўчатдан иборат яшил ҳудуд ташкил қилиш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, автоном иситиш ва совитиш тизимлари бўлади, том қисмлари тўлиқ қуёш панеллари билан қопланади.

Аҳолининг шахсий транспорт воситаларини сақлаши учун уйларнинг ерости қисмларида автотураргоҳлар ташкил этилади. Мажмуадан 5−10 дақиқалик масофада боғ, метро бекати, маъмурий бинолар ва ижтимоий муассасалар қайд ростлайди.

Президент Янги Тошкентнинг янги объектлари билан танишди
Президент тайёр хонадонлардан бирига кириб, шароитлар билан танишди, Янги Тошкент аҳоли учун ҳар томонлама қулай уй-жой қуришда бутун мамлакатимизга намуна ва тажриба мактаби бўлиши кераклигини таъкидлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.