Daily Mail нашрининг Лагос ва Огун штатлари раҳбарларининг сўзларига таяниб хабар беришича, Жошуа уй шароитида тикланишни давом эттиришига рухсат берилган. Шу билан бирга, манбада боксчининг икки яқин дўстидан айрилгани сабабли оғир руҳий ҳолатда экани қайд этилган.
Боксчига яқин манбанинг маълум қилишича, Энтони Жошуа бир неча кун давомида Нигерияда қолади ва соғайиш жараёнини уйда давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, автоҳалокат 29 декабрь куни Лагос—Ибадан автомагистралида содир бўлган. Ичида Жошуа бўлган Lexus русумли автомобиль йўл четида тўхтаб турган юк машинасига бориб урилган. ЙТҲ вақтида Жошуа автомобильнинг орқа ўриндиғида бўлган.
Автоҳалокат оқибатида Жошуанинг куч ва жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи Сина Гами вафот этган. Иккинчи қурбон эса британиялик боксчининг шахсий мураббийи Роберт Лац бўлган.
Маълумот учун, Энтони Жошуа 1989 йил 15 октябрь куни Англиянинг Уотфорд шаҳрида нигерияликлар оиласида туғилган.
Профессионал бокснинг супер оғир вазн тоифаси вакили бўлган 36 ёшли Жошуа сўнгги бор АҚШнинг Маями шаҳрида бўлиб ўтган жангда блогер Жейк Полга қарши рингга кўтарилган.
Жанг давомида WBA, IBF ва WBO йўналишлари собиқ чемпиони рақибига умуман имконият қолдирмай, 6-раундда уни нокаутга учратган.
36 ёшли Жошуа профессионал рингда 29 та ғалабага (26 таси нокаут билан) эришган ва тўрт марта мағлубиятга учраган.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.