Ўзбекистонлик дзюдо мураббийи Шарофиддин Лутфуллаев БАА терма жамоасида фаолиятини бошлади

Ўзбекистонлик дзюдо мураббийи Шарофиддин Лутфуллаев БАА терма жамоасида фаолиятини бошлади

Жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Шарофиддин Лутфуллаев Бирлашган Араб Амирликлари дзюдо бўйича ўсмирлар (U — 18) ва ёшлар (U — 21) терма жамоаларига бош мураббий этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ахборот агентлиги хабар берди.

Мазкур тайинловга қадар маҳаллий мутахассис Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси мураббийлар штабида фаолият олиб борган. Шарофиддин Лутфуллаев Токио–2020 Олимпия ўйинларидан сўнг спортчилик фаолиятини якунлаб, тўлиқ мураббийликка ўтган эди.

Шарофиддин Лутфуллаев Ўзбекистон дзюдосининг энг номдор вакилларидан бири ҳисобланади. У 2019 йил Токиода бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида −60 кг вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритган. Шунингдек, Лутфуллаев фаолияти давомида 5 бор Гран-при турнирлари ғолиби, 6 карра “Катта дубулға” (Grand Slam) соҳиби ҳамда 3 марта Masters турнири совриндори бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон дзюдо мактаби халқаро майдонда юқори натижаларни намойиш этишда давом этмоқда. Хусусан, яқинда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Индонезияда ўтказилган Осиё чемпионатида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаб, 18 та медални қўлга киритди.

Манба: uza.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.