Унинг сўзларига кўра, бундай шахслар чет элга бориб олиб, у ерда ўз ватандошларини ҳам талайди.
Давлат раҳбари илгари фақат «кўча» деб кўрилган уюшган жиноятчилик бугун «бизнес ниқоби» остида даромадли соҳаларга кириб бораётганини таъкидлади.
Айниқса, жиноий тўдалар фаолияти кўп қаватли уйлар ва автомашиналар олди-сотдиси, молиявий пирамидалар ташкил қилиш, «Ҳаж» ва «Умра» зиёратига юборишда анча кўпайган.
Давлат раҳбарининг айтишича, фақат Тошкентда хонадон сотиш масаласида 3 мингдан зиёд фуқарога 1,3 трлн сўм зарар етказилган.
Президент, шунингдек, масъуллар аҳолининг фирибгарлар қопқонига тушиб қолмаслиги учун ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича ишламаётганини кўрсатиб ўтди.
Таъкидланишича, сўнгги пайтларда жиноий гуруҳлар олди-берди муносабатларга, бизнес фаолиятга аралашиб, тадбиркорлар ва инвесторларга таҳдид солмоқда.
Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, АҚШ ва бошқа давлатлардаги элчихоналарда ички ишлар вакили лавозими жорий қилинди. Ушбу вакиллар хориждаги ҳамкасблари билан ишлаб, бундай зўравонликларга нисбатан қонун устуворлигини таъминлайди, фуқароларни ёт ғоялар таъсирига тушишининг олдини олади.
Мутасаддиларга трансчегаравий ва виртуал майдонда уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича яхлит тизимни йўлга қўйиш топширилди. Ички ишлар вазирлигида уюшган жиноятчилик бўйича алоҳида хизмат ташкил қилинади.
Ўтган йили пойтахтда ушланган уюшган жиноий гуруҳлар таркибида 259 нафар «оғир» тоифадаги ёшлар ва спортчилар бўлгани ўта ташвишли ҳол экани қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев спортчиларнинг аксарияти кўча безорисига айланиб кетаётгани, жойларда пул учун яширин жанглар ташкил қилиш ҳолатлари кўпайганини қайд этди.
У мутасаддиларга бу йўналишда назоратни таъминлаш вазифасини қўйилди. Жанговар спорт турлари билан шуғулланаётган ёшларни касбга ўқитиб, салоҳиятига мос иш билан банд қилиш тизимини яратиш топширилди.
Давлат раҳбари аввалроқ наркожиноятчилик ва уюшган гуруҳларга қарши курашда масъулларнинг қатъияти етишмаётганини айтганди. Вазият ПА аралашувидан кейин ўзгарган, уч ойда 50 га яқин йирик наркогуруҳ фош этилган. «Энг ёмони, фуқароларимиз хорижда ҳам товламачилик ва зўравонлик билан шуғулланмоқда», — деди Мирзиёев.
Декабрь ойи охирида президент ўзини қонундан устун қўяётган тўдалар, тадбиркорларга босим ўтказаётган «кўча» вакиллари ва спортчиларнинг жиноятга аралашиб қолаётганини танқид қилиб, давлат уларни жиловлашга қодир эканини таъкидлаганди. Наркожиноятларга қарши кураш умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилиши маълум қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.