Тарқоқликдан «ягона организм»га. ИИВ бўлинмалари сервис тузилмаларга айлантирилади

Тарқоқликдан «ягона организм»га. ИИВ бўлинмалари сервис тузилмаларга айлантирилади

Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот тизимида янги тарихни бошлаб берадиган қарорлар қабул қилиш вақти келди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 27 январь кунги йиғилишда айтиб ўтди.

Давлат раҳбари ҳозирда ички ишлар тизимидаги патруль-пост, йўл-патруль, профилактика, тезкор-қидирув ва қўриқлаш хизматлари алоҳида-алоҳида ишлаётганини таъкидлади. Бунинг натижасида кўзбўямачиликка йўл қўйилиб, мажбуриятларга жиддий ёндашилмаслиги ҳамда ҳуқуқбузарликларга нисбатан комплекс чоралар кўрилмаслиги кузатилмоқда.

Мисол сифатида президент чорраҳада турган йўл-патруль ходими жанжаллашаётган икки одамни ажратишни ўз хизмат вазифаси деб ҳисобламаслигини айтди. Қўриқлаш хизмати ходимининг эса бинодан ташқарида тақиқлаш белгиси остида қолдириб кетилган машина билан иши йўқ. Патруль-пост машинасида хизмат ўтаётган ходим светофор ишламаётган чорраҳадан оддий ҳайдовчилар қаторида бефарқ ўтиб кетади.

«Илғор тажрибада бу тузилмалар ягона организм сифатида ишлайди, полиция „Бу менинг вазифамга киради, буниси кирмайди“ деган гапни айтмайди. Ҳар бир ҳолатга „лаббай“ деб жавоб бергани учун ҳам аҳоли уларни ҳимоячиси деб билади», — деди президент.

Шу муносабат билан у мутасаддиларга ички ишлар органларининг аҳоли билан бевосита ишловчи, жамоат хавфсизлиги ва жиноятчиликка қарши курашувчи тузилмаларини янги тизимга ўтказиш бўйича фармон лойиҳасини киритишни топширди.

Ушбу бўлинмалар учун хизматни ўташ, муомала маданияти, тезкор ҳаракатланиш, куч ва қурол ишлатиш бўйича ягона стандартлар жорий этилиб, улар сервис тузилмага айланиши белгиланди.

Президент, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари очиқлиги масаласини кўтарди. Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда давлат бошқарув органларида очиқлик ва шаффофлик сиёсати юритилаётгани ўз натижасини бермоқда. Лекин бу жараён ҳуқуқ-тартибот идораларининг ишига секин кириб келмоқда, уларнинг фаолияти ташқаридан холис ўрганилмаяпти.

Давлат раҳбари сўзларига кўра, бу идораларнинг ёпиқ ҳолатда ишлаши уларнинг ўзига ҳам, жамоатчиликка ҳам фойда келтирмайди, соҳада ўзгариш, ривожланиш бўлмайди. У бутун дунёда ҳуқуқ-тартибот фаолияти ва қонунийликни таъминлашга жавоб берадиган адлия тизими эскича ишлаётганини қайд этиб, энди адлия тизимини ҳам кучайтириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Биринчи қадам сифатида Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолиятини «ҳуқуқий аудит»дан ўтказиш тизими йўлга қўйилади. Бундан ташқари, «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, адлия органларининг аниқ роли, янги вазифа ва ваколатлари белгиланади.

Президент йиғилишда наркожиноятчилик ва уюшган гуруҳларга қарши курашда масъулларнинг қатъияти етишмаётганини айтди. Вазият ПА аралашувидан кейин ўзгарган, уч ойда 50 га яқин йирик наркогуруҳ фош этилган. «Энг ёмони, фуқароларимиз хорижда ҳам товламачилик ва зўравонлик билан шуғулланмоқда», — деди Мирзиёев.

Президентнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги жиноий гуруҳлар тобора бизнес ниқоби остида минглаб фуқароларни уй-жой, автомобиль сотиб олиш ва зиёратларни ташкил қилишда алдамоқда. У ИИВ таркибида уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича алоҳида бўлинма ташкил этилишини эълон қилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.