Ўзбекистон Россиядаги миграция рейдлари чоғида ўз фуқаролари ҳуқуқларига риоя этилишини талаб қилди

Ўзбекистон Россиядаги миграция рейдлари чоғида ўз фуқаролари ҳуқуқларига риоя этилишини талаб қилди

26 январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Россия элчиси Алексей Ерхов билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.

Учрашув давомида томонлар Россия ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир долзарб масалаларни батафсил муҳокама қилди.

Муҳокамаларда Россия ҳудудларида фаолият юритаётган Ўзбекистон бош консуллари иштирок этди. Шунингдек, Россия дипломатик ваколатхонаси консуллик бўлими раҳбарияти, миграция масалалари бўйича масъул ходимлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари қатнашди.

«Ўзбекистон томони миграция текширувлари ва рейд тадбирлари ўтказилаётган жараёнда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг — ҳам қонунга риоя қилаётган, ҳам миграция қонунини бузган фуқароларнинг — ҳуқуқлари ва инсоний қадр-қимматини камситишнинг ҳар қандай шаклига йўл қўйилмаслиги принципиал аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади», — дейилади хабарда.

Учрашувда томонлар миграция жараёнларини тартибга солиш, шунингдек Россияда Ўзбекистон фуқароларининг қонуний меҳнат фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган прагматик ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотни ривожлантиришга интилишини тасдиқлади.

Шунингдек, томонлар амалий ҳамкорликни доимий равишда такомиллаштириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида мунтазам консуллик маслаҳатлашувлари ҳамда икки томонлама учрашувлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.