Тадбирда сўзга чиққан Шавкат Мирзиёев уч йил олдин содир бўлган вайронкор зилзила турк халқи учун оғир синов бўлганини таъкидлади. Ўзбекистон ўша фожиали даврнинг дастлабки кунлариданоқ Туркияни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Қисқа фурсатда 100 нафар ўзбекистонлик қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходими фалокат содир бўлган ҳудудга етиб борди. Қидирув-қутқарув ишлари натижасида 18 киши қутқарилди, 200 нафарга яқин жабрланганлар вайроналар остидан чиқарилди. Дала шифохонаси 4 минг нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатди.
Туркия кенг кўламли зилзила оқибатларини бартараф этиш дастурларини амалга оширди. Бугунги кунга қадар мамлакатда 455 мингдан ортиқ турар жой бинолари қурилган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон тез фурсатларда Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида 300 дан ортиқ квартира ва инфратузилмани ўз ичига олган 24 та кўп қаватли уйдан иборат турар жой мажмуасини қурди.
«Туркия президенти ушбу мажмуа нафақат жабрланган оилалар учун янги уй, балки ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги абадий дўстликнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади», — дейилади хабарда.
Раҳбарлар лойиҳада иштирок этган қурувчилар, муҳандислар, ишчилар ва барча ҳамкорларга миннатдорчилик билдирди.
Давлат раҳбарлари янги квартираларнинг калитларини тантанали равишда эгаларига топширди.
Президентлар, шунингдек, Истанбулнинг Бекиркёй туманида — Ўзбекистоннинг хориждаги биринчи таълим муассасасида — ўзбек мактаби қурилишини бошлаб берди.
«Янги ўқув маскани Туркияда яшовчи ўзбек оилаларининг фарзандларига ўз она тилида таълим олиши билан бирга миллий қадриятлар, маданият ва анъаналарни сақлаб қолиш имконини беради», — дейилади хабарда.
Томонлар мактаб икки халқни бир-бирига яқинлаштиришга ҳисса қўшишига ишонч билдирди.






© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.