Ўзбекистоннинг айрим элчихоналарида маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилади

Ўзбекистоннинг айрим элчихоналарида маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилади

Ўзбекистоннинг айрим элчихоналарида маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилади. Бу тўғрисида 30 январь куни «Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан маданият ва туризм соҳаларидаги алоқаларини янада кенгайтириш чора тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони [ПФ — 15-сон] қабул қилинди.

Фармонга кўра, Ўзбекистоннинг қуйидаги давлатлардаги элчихоналарининг штат жадвалига қўшимча равишда маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими киритилади:

  • Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган қироллигидаги элчихонаси;
  • Франциядаги элчихонаси;
  • Индонезиядаги элчихонаси;
  • Хитойдаги элчихонаси;
  • Америка Қўшма Штатларидаги элчихонаси;
  • Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонаси;
  • Россиядаги элчихонаси.

Ушбу лавозим хорижий мамлакатларда Ўзбекистоннинг маданият ва туризм соҳаларидаги ташаббусларини мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилган.

Маслаҳатчи лавозимига тайинлаш ва ундан озод этиш Президент администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти бошлиғи тақдимномасига мувофиқ ташқи ишлар вазири томонидан амалга оширилади.

Маслаҳатчи тегишли давлатдаги дипломатик ваколатхона раҳбарига бўйсунади ва унинг 2 томонлама муносабатларни ривожлантириш фаолиятига кўмаклашади.

Маслаҳатчи Президент администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти бошлиғига ҳисобдор бўлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.