Урбанизация ва уй-жой бозори қўмитаси раисига ўринбосарлар тайинланди

Урбанизация ва уй-жой бозори қўмитаси раисига ўринбосарлар тайинланди

Президент қарори билан яқинда ташкил этилган Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раисига ўринбосарлар тайинланди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Унга кўра, Орифжон Олимович Файзиев қўмита раисининг биринчи ўринбосари бўлди.

Орифжон Файзиев 1982 йил Бухоро вилоятида туғилган, 2003 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2019 йилда Банк-молия академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини у 2004 йилда банк соҳасида бошлаб, 2009−2017 йилларда Молия вазирилиги тизимида, 2018−2019 йилларда Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида, 2019−2022 йилларда Давлат солиқ қўмитасида бошқарма бошлиғи ўринбосари, департамент директори, 2023−2024 йилларда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги департамент бошлиғи лавозимида олиб борган.

Тайинловга қадар Файзиев агентлик директори ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

Шунингдек, Нозимбек Мансурбекович Рустамбеков қўмита раиси ўринбосари этиб тайинланди.

Бунга қадар у Адлия вазирлигида Ҳуқуқни қўллаш департаменти раҳбари бўлган. Фаолияти давомида Бош прокурор ўринбосари, Президентнинг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Эслатиб ўтамиз, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси президентнинг 2025 йил 20 ноябрдаги қарори билан очилган. Унга Солиқ қўмитаси собиқ раиси Шерзод Кудбиев раҳбар бўлган.

Қўмита уйлар қурилиши бўйича йиллик мақсадли кўрсаткичларни тасдиқлаш, уларнинг қурилишида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ва агломерацияларда уй-жой ҳамда нотурар жой мажмуаларини қуриш каби лойиҳаларни амалга оширади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.