Омбудсман матбуот хизматининг Gazeta`га аниқлик киритишича, аҳолининг ҳар 100 минг нафарига ҳисоблаганда, энг кўп мурожаатлар пойтахт (115 та), Қашқадарё (114 та) ва Жиззах вилояти (86 та) ҳиссасига тўғри келди. Энг кам мурожаатлар эса Андижон (29 та) ва Фарғона (30 та) вилоятларидан юборилган.
Таққослаш учун, ўтган йили жами 23 422 та мурожаат келиб тушган. Уларни нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ҳамда юридик шахслар ҳам йўллаган.
Йил давомида омбудсман идораси инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунчилик бузилганлиги учун давлат органлари ва идораларига нисбатан 194 та таъсир чорасини қўллаган.
2025 йилда тақдимнома, хулоса ва даъво аризалари билан бир қаторда, огоҳлантириш ва талаблар каби янги таъсир чораларидан ҳам фойдаланилган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, омбудсман идораси фуқаролар фойдасига 11,8 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундирилишига кўмаклашди. Ундан 2,7 млрд сўми иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлар, 3,9 млрд сўмдан ортиғи бузилган уй-жойлар учун фуқароларга тўланган компенсациялардир.
Мурожаатларда кўрсатилган инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари бўйича давлат ташкилотлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг 118 нафар мансабдор шахси интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилди.
Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари жамоатчилик гуруҳлари билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 954 та мониторинг ташрифини амалга оширди. Уларнинг тавсиялари асосида ёпиқ муассасалардаги шароитларни яхшилаш учун 8,5 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
Россия омбудсмани билан имзоланган «йўл харитаси» доирасида ўтган йили Россияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларга нисбатан қўлланган 31 та маъмурий жазо бекор қилинди. Бунинг натижасида улар ушбу мамлакатдан чиқариб юборилишдан (депортация) сақлаб қолинди.
Шунингдек, Россия, АҚШ, Германия, Польша, Австрия, Озарбайжон, Туркия, Италия ва Малайзияда вақтинча истиқомат қилаётган ўзбекистонликларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида улар билан бир қатор учрашувлар ўтказилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.