Судья ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилиш таклифи берилди

Судья ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилиш таклифи берилди

Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Судьялар олий кенгаши раисининг ахбороти билан танишди, дея хабар қилди Президент матбуот хизмати.

Унда суд тизимида коррупцияни олдини олиш ва суд мустақиллигини таъминлашга қаратилган таклифлар илгари сурилди.

Хусусан, судьялар мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш борасида Судьялар интизомий ҳайъатини ташкил этиш орқали судьяга нисбатан интизомий жазо қўллашнинг холис тартибини яратиш таклиф қилинди.

Судья ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилишни йўлга қўйиш, суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган комплаенс назорат тизимини жорий этиш, суд аппарати ходимларини ишга олишнинг очиқ тартибини яратиш каби ташаббуслар илгари сурилди.

Бундан ташқари, мамлакатда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсати доирасида суд тизимида ҳам гендер тенгликни таъминлаш масаласи муҳокама қилинди. Жумладан, яқинлашиб келаётган 10 март — Халқаро аёл судьялар кунини нишонлаш бўйича режалар белгилаб олинди.

Ахборотда, шунингдек, суд тизими учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Судьялар олий кенгаши ҳузурида Одил судлов академияси ташкил этилгани қайд этилди.

Судьялар олий кенгаши томонидан ўтган йилда 135 нафар номзод илк бор судьялик лавозимига, 286 нафар судья лавозимга қайта тайинланган, 241 нафардан иборат тергов судьялари корпуси шакллантирилган.

Ҳисобот даврида 59 нафар судьянинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилди, жумладан, судьялик қасамёдини бузганлиги ҳамда Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этмаганлиги учун 19 нафар судья лавозимидан озод этилди, 3 нафар судья жиноий жавобгарликка тортилган, 58 нафар судьянинг лавозимлари пасайтирилди. Судьялик ваколати муддати тугаган 33 нафар судья навбатдаги судьялик лавозимига нолойиқ деб топилди ҳамда 266 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилган.

2025 йилда суд фаолиятига аралашганлик ҳолатлари бўйича Бош прокуратурага 5 та тақдимнома киритилган. Кенгашнинг расмий веб-сайтида судья дахлсизлиги бузилганлиги юзасидан тезкор хабар юбориш имкони яратилгани таъкидланди.

Судьялар дахлсизлиги ва мустақиллигини таъминлаш доирасида ҳудудий судлар раислари томонидан чиқарилган 6 мингдан ортиқ буйруқлар ўрганилиб, 231 та буйруқда 314 нафар судьяларга нисбатан одил судлов билан боғлиқ бўлмаган вазифалар юклатилганлиги аниқланган ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўрилган.

Шу боис, судьяни ўзига хос бўлмаган вазифалардан озод этиш мақсадида суд аппарати ходимлари билан ишлаш, моддий-техник таъминот ва барча ташкилий ишларга масъул бўладиган «суд маъмурчилиги» институтини ташкил этиш бўйича илғор хорижий тажриба ўрганилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.