Ўзбекистон ўзининг илк сунъий йўлдошини 2028 йилда учиради

Ўзбекистон ўзининг илк сунъий йўлдошини 2028 йилда учиради

Шавкат Мирзиёев космосга сунъий йўлдош учириш ҳамда биринчи ўзбек фазогирини тайёрлаш бўйича дастлабки ишлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Президент Ўзбекистон тарихида илк бор сунъий йўлдош ва фуқаролиги бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича ишлар бошланганини 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатномасида маълум қилганди.

Тақдимотда сўнгги беш йилда масофадан зондлаш маълумотларига талаб 3 карра ошгани, ҳозирда космик мониторинг билан 10 дан зиёд давлат идоралари ва барча ҳокимликлар ишлаётгани кўрсатиб ўтилди.

«Энг муҳими, космик маълумотлар орқали биз „кўз билан кўриб бўлмайдиган“ иқтисодий имкониятларни аниқлаб, уларни реал даромад манбаига айлантиряпмиз. Бу давлат ресурсларини бошқариш механизми ва маданияти ўзгараётганидан далолат», — деди президент.

Шу билан бирга, космик соҳада узоқ муддатли ва барқарор миллий тизим — сунъий йўлдошларни бошқариш, маълумотларни қайта ишлаш ва улардан амалиётда фойдаланиш инфратузилмасини шакллантириш муҳим экани қайд этилди. Бундан мақсад мамлакат суверен ва объектив маълумотлар манбаига эга бўлишидир.

Ҳозиргача хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилиб, бўлажак сунъий йўлдошнинг аниқлиги ва фойдали юкламасига доир техник талаблар аниқланди.

Тақдимотда илмий-технологик салоҳиятни ошириш доирасида биринчи миллий илмий сунъий йўлдошни яратиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Лойиҳа доирасида мутахассисларни тайёрлаш ва муҳандислик жамоасини шакллантириш, 2028 йилда «Мирзо Улуғбек» номли 6U форматдаги илмий сунъий йўлдошни учириш таклиф қилинди.

Ўзбекистон ўзининг илк сунъий йўлдошини 2028 йилда учиради
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан биринчи миллий космонавтни тайёрлаш ва уни фазога учириш стратегик вазифа сифатида белгиланган.

«Бу шунчаки рамзий қадам эмас, балки мамлакатимиз илмий салоҳияти, ёшларимиз орзуси ва миллий ғуруримиз ифодаси бўлади», — деди президент.

Миллий фазогирни қисқа муддатга — 10−14 кунлик парвозга тайёрлаш таклиф қилинди, бундай парвозларни ташкил этиш бўйича халқаро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Космонавтни фазога учириш аниқ илмий дастурни амалга ошириш билан узвий боғланган бўлиши зарурлиги қайд этилди. Зеро, бу ютуқ мамлакатимизнинг халқаро нуфузини ошириши билан бирга илмий салоҳиятни ривожлантириш, янги лойиҳа ва технологик ташаббусларнинг пайдо бўлиши, ёшларнинг фан ва технологияларга қизиқиши ортишига хизмат қилиши керак.

Ўзбекистон космонавти фазода бўлиши доирасида олиб борилиши мумкин бўлган тадқиқотлар йўналиши сифатида тиббиёт ва биология (масофавий ташхис қўйиш, маҳаллий доривор экстрактлар самарадорлигини ўрганиш), ўсимликлар генетикаси (қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли навларни синаш, ёпиқ агробиотизимлар модели), материалшунослик (иссиқликни тўплаш ва бошқариш учун материаллар, мато ва толаларни синовдан ўтказиш) таклиф қилинди.

2028 йилда Самарқанд шаҳрида космос бўйича халқаро конгресс ўтказиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Унда АҚШ, Европа, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва бошқа давлатларнинг етакчи космик ташкилотлари иштирок этишга қизиқиш билдирган.

Масъулларга ушбу халқаро тадбирга юксак савияда тайёргарлик кўриш топширилди.

Тақдимот якунида президент Шавкат Мирзиёев сунъий йўлдошлар лойиҳалари ва миллий фазогирни тайёрлаш бўйича ҳисоб-китоб ҳамда амалий таклифларни пухта ишлаб чиқиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.