Бухоро аэропортини қуриш ва бошқариш бўйича тендер эълон қилинди

Бухоро аэропортини қуриш ва бошқариш бўйича тендер эълон қилинди

Ўзбекистон ҳукумати, Uzbekistan Airports, Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иштирокида давлат-хусусий шериклик асосида янги халқаро “Бухоро” аэропортини қуриш ва бошқариш лойиҳаси доирасида малака танлови учун тайёргарлик бошланганини эълон қилди.

Лойиҳага кўра, Бухоро туманидаги Кумсултон массиви ҳудудида янги аэропорт мажмуаси барпо этилиши режалаштирилган. Янги аэропорт ички ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатиб, минтақанинг муҳим транспорт тугунларидан бирига айланиши кутилмоқда.

2025 йил якунларига кўра, амалдаги Бухоро халқаро аэропорти 574 036 нафар йўловчига хизмат кўрсатган. Йўловчиларнинг асосий қисми халқаро рейсларга тўғри келган.

Лойиҳа доирасида қуйидаги объектларни қуриш режалаштирилган:
— майдони 48 500 квадрат метр бўлган йўловчи терминали;
— халқаро рейслар учун соатига 1 200 нафар, ички рейслар учун соатига 400 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қуввати;
— кейтеринг биноси, автотураргоҳлар ва юк майдонлари;
— ҳажми 8 000 куб метр бўлган ёқилғи қуйиш мажмуаси.

Аэродром инфратузилмаси давлат бошқарувида қолади. Хусусий шерик эса йўловчи терминали ва унга боғлиқ инфратузилмани қуриш ҳамда эксплуатация қилиш учун масъул бўлади.

Тендерда шунга ўхшаш лойиҳаларни амалга ошириш тажрибасига эга барча манфаатдор компаниялар иштирок этишга таклиф этилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.