Учрашув аввалида америкалик қонун чиқарувчилар Ўзбекистон президенти ва халқини Мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклади.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Икки томонлама муносабатларда ижобий суръат кузатилаётгани, сиёсий мулоқот юқори даражада экани, алоқалар ва ўзаро ташрифлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Икки мамлакат етакчилари яқинда бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот чоғида стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил бошидан ўзаро савдо ҳажми 20 фоизга ошди. Энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва саноат соҳаларида йирик лойиҳаларни бошлаш ва амалга оширишни назарда тутувчи уч йиллик Иқтисодий ҳамкорлик дастури изчил амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.
Президент Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни илгари суришда АҚШ Конгрессининг муҳим ўрнини алоҳида қайд этди.
Ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. АҚШ делегацияси аъзолари вакиллик қилаётган Миссури, Шимолий Каролина, Техас ва Гавайи штатлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилди.
Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида ишбилармонлик миссияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.