Абадий дўстлик формуласи: иқтисодиётдан хавфсизликкача

Абадий дўстлик формуласи: иқтисодиётдан хавфсизликкача

Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев 23 август куни Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномани имзолади. Тошкент учун бу 26 йил ичида ушбу номланишдаги биринчи янги икки томонлама ҳужжат бўлди — бундан аввалги бундай шартнома 2000 йилда Тожикистон билан тузилган.

Gazeta сўнгги ўттиз йил ичида бундай ҳужжатлар мазмунига ёндашувлар қандай ўзгарганини ўрганди — 1990-йиллардаги иқтисодий интеграция ва хавфсизлик масалаларидан тортиб, кейинги келишувларда чегараларни тартибга солиш, минтақавий боғлиқлик ва стратегик шерикликкача.

Туркия: Мустақилликнинг янги дипломатияси бошланиши


Ушбу рўйхатда биринчи бўлиб Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги 1996 йил 8 май куни Тошкентда имзоланган Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома туради. Ҳужжатнинг номи ҳам эътиборга молик: унда «абадий дўстлик» билан бир қаторда ҳамкорликка ҳам алоҳида урғу берилган. Томонлар тарихий, маданий ва тил яқинлиги, шунингдек, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ўзаро ҳурмат қилиш ва ички ишларга аралашмасликка урғу берган.

Тошкент учун бу мустақил Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий меъморчилигини шакллантирган дастлабки йирик ҳужжатлардан бири эди. Шу боис шартнома Туркия билан сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва бошқа алоқаларни ривожлантириш учун асос яратди.

Қирғизистон: дўстлик ва умумий минтақавий кун тартиби


Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома 1996 йил 24 декабрь куни Тошкентда имзоланган. У икки томон ратификация қилганидан сўнг 1998 йил 30 ноябрда кучга кирган.

Ушбу ҳужжатда ҳам Туркия билан тузилган шартномадаги каби халқларнинг тарихий, маданий ва тил яқинлиги ҳақида сўз боради. Бироқ Умумий иқтисодий фазо доирасида иқтисодий ҳамкорлик ва икки мамлакат хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида бевосита алоқаларни йўлга қўйишга алоҳида урғу берилган.

Яна бир ўзига хос жиҳат — хавфсизликка оид қоидалар. Томонлар ўз ҳудудларидан бир-бирига қарши ҳарбий агрессия ёки душманлик фаолияти мақсадида фойдаланилишига йўл қўймаслик, учинчи давлатлар томонидан ҳужум хавфи туғилган тақдирда эса маслаҳатлашувлар ўтказиш мажбуриятини олган. Ҳарбий соҳада ҳамкорликни ривожлантириш ҳам алоҳида назарда тутилган.

Шу тариқа, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги шартнома бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишни: тарихий-маданий яқинлик, иқтисодий интеграция ва ўзаро хавфсизликни таъминлаш элементларини қамраб олди.

Қозоғистон: чегара яхши қўшничилик асоси сифатида


Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома 1998 йил 31 октябрь куни Тошкентда имзоланган ва 2000 йил 17 январда кучга кирган. Ушбу ҳужжатнинг асосий фарқларидан бири — давлат чегараси масаласининг алоҳида мустаҳкамланганидир. Томонлар мавжуд маъмурий-ҳудудий чегарани давлат чегара асоси деб тан олган ва унинг режими билан боғлиқ масалаларни расмийлаштириш учун қўшма комиссия тузишга келишган.

Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома 1992 йилда имзоланган Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги аввалги шартноманинг ўрнини эгаллаган. Кейинчалик уни 2013 йилдаги Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ва 2022 йилдаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома тўлдирган бўлса-да, бугунги кунда ҳам ушбу ҳужжат икки мамлакат муносабатларининг асосий ҳужжатларидан бири бўлиб қолмоқда,

Тожикистон: хавфсизлик ва мустақилликни қўллаб-қувватлаш


Ўзбекистон Абадий дўстлик тўғрисидаги навбатдаги икки томонлама шартномани Тожикистон билан тузган. У 2000 йил 15 июнь куни Душанбе шаҳрида имзоланган ва 2001 йил 28 мартда кучга кирган. Ҳужжатда ҳам муносабатлар мустақиллик ва суверенитетни ҳурмат қилиш тамойилига асосланиши белгилаб қўйилган.

Унда энг аввало мустақиллик ва суверенитетга, ҳудудий яхлитликка таҳдид солинишининг олдини олиш масалаларида бир-бирига ҳар томонлама кўмаклашиш тўғрисидаги қоида алоҳида ўрин эгаллайди.

Аввалги шартномалар билан солиштирганда, бу ерда сиёсий ва минтақавий хавфсизликка урғу айниқса яққол кўринади. Шу билан бирга, шартнома Тошкент ва Душанбе ўртасидаги янада яқинлашув учун пойдевор бўлди. 2018 йилда томонлар стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани, 2022 йилда абадий дўстлик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларацияни, 2024 йилда эса иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади. 2000 йилги шартнома эса икки мамлакатнинг амалдаги шартномавий-ҳуқуқий базасининг бир қисми бўлиб қолмоқда.

1997 йилги уч томонлама шартнома: минтақавий форматни шакллантиришга уриниш


Алоҳида ўринни 1997 йил 10 январь куни Бишкекда имзоланган Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома эгаллайди. Ўзбекистон уни ўша йилнинг августида ратификация қилган.

Шартнома Марказий Осиёнинг уч давлати ўртасида янада яқин минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйишга уринишлар фонида пайдо бўлди. Унинг муқаддимасида Ягона иқтисодий макон доирасида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида бевосита алоқалар ўрнатиш, минтақада сиёсий барқарорлик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш зарурати тўғридан-тўғри қайд этилган.

Ушбу ҳужжатни учта икки томонлама дўстлик шартномасининг оддий йиғиндиси сифатида эмас, балки Марказий Осиёнинг уч давлати ўртасида алоҳида минтақавий ҳамкорлик архитектурасини шакллантиришга уриниш сифатида кўриш мумкин.

Хўжанд декларацияси: уч томонлама дўстликнинг янги босқичи


Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари 2025 йил 31 март куни Хўжандда абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларациясини имзолади. Шу билан бир вақтда уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома ҳам имзоланди.

2025 йилдаги контекст 1990-йиллар охиридан сезиларли даражада фарқ қилади. Агар 1997 йилги уч томонлама шартнома Марказий Осиёни иқтисодий интеграция қилиш бўйича ўша даврдаги лойиҳаларнинг бир қисми бўлган бўлса, Хўжанд декларацияси уч давлат ўртасидаги қатор мураккаб чегара масалалари ҳал этилганидан кейин пайдо бўлди. Унда асосий урғу яхши қўшничилик, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ўзаро ҳурмат қилиш, ишончни мустаҳкамлаш ва минтақани биргаликда ривожлантиришга қаратилган.

Декларациянинг давлат чегаралари туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома билан бир вақтда имзоланишининг ўзи ҳудудий келишмовчиликларни ҳал этишдан минтақавий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга ўтиш рамзи бўлди.

Озарбайжон: иттифоқчиликдан кейинги абадий дўстлик


Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома 2026 йил 23 август куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Тошкентда имзоланди.

Ҳужжатнинг асосий ўзига хос жиҳати шундаки, у икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик ёки иттифоқчилик муносабатларини яратмайди, балки аллақачон шаклланган муносабатларни тасдиқлайди: бу муносабатлар 2024 йилги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома билан мустаҳкамланган. Янги ҳужжат эса уларга қўшимча узоқ муддатли асос беради.

Шартномада икки мамлакат муносабатлари бир вақтнинг ўзида абадий дўстлик, ўзаро ишонч, стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланиши тўғридан-тўғри қайд этилган. Томонлар, шунингдек, бир-бирининг миллий воқеликдан келиб чиққан ҳолда ривожланиш йўллари ва моделларини мустақил танлаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди.

Янги шартнома сиёсий яқинликни замонавий иқтисодий ва транспорт кун тартиби — логистика, транзит, рақамли иқтисодиёт, электрон савдо, космик технологиялар ва энергетика билан анча батафсил боғлайди. Бу Боку ва Тошкент ўртасидаги муносабатларнинг бугунги даражаси ҳамда улрнинг Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида транспорт алоқаларини ривожлантиришга бўлган қизиқишига мос келади.

Умуман олганда, 30 йил давомида Ўзбекистон дипломатиясидаги «абадий дўстлик» формуласи мазмуни ўзгариб борди: 1990-йиллардаги иқтисодий интеграция ва хавфсизлик масалаларидан ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва чегараларни тартибга солишга, кейин эса минтақавий яқинлашув ва иттифоқчиликкача. Озарбайжон билан тузилган шартнома ушбу эволюцияни давом эттириб, аллақачон шаклланган стратегик шерикликни мустаҳкамлайди ҳамда уни иқтисодий, транспорт ва гуманитар кун тартиби билан тўлдиради.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.