Афғонистон-Покистон уруши минтақавий транспорт лойиҳаларини хавф остида қолдирмоқда — Жанубий Осиё бўйича эксперт

Афғонистон-Покистон уруши минтақавий транспорт лойиҳаларини хавф остида қолдирмоқда — Жанубий Осиё бўйича эксперт

Февраль ойи охирида Покистон ҳукумати Афғонистонга «очиқ уруш» эълон қилди. Шундан буён можаро тобора кучайиб бормоқда: томонлар авиазарбалар, дрон ҳужумлари ва чегара инфратузилмасига зарбалар билан алмашмоқда.

Gazeta Жанубий Осиё бўйича эксперт Ильдар Якубов билан можаронинг сабаблари, унинг эҳтимолий ривожланиш сценарийлари, шунингдек унинг Ўзбекистон ва бутун минтақа учун оқибатлари ҳақида суҳбатлашди.

— Илтимос, Покистон ва Афғонистон ўртасидаги ҳозирги эскалация босқичи ҳақида гапириб берсангиз. У қачон бошланди, унинг бевосита сабаби нима бўлди?


— Ҳозирги эскалация босқичи — бу йиллар давомида муносабатларнинг ёмонлашиб бориши ва Покистон ҳамда Афғонистон ўртасидаги мунтазам қуролли тўқнашувларнинг давоми ҳисобланади. 2025 йил давомида бу маҳаллий тўқнашувлар шунчалик катта миқёсга етдики, ҳатто воситачилар аралашувини талаб қилди. Масалан, ўтган йил октябрь ойида бу вазифани Қатар бажарган. Шунинг учун бу ҳолатни йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолар фонида томонлар ўртасидаги муносабатларнинг мисли кўрилмаган даражада кескинлашуви сифатида баҳолаш керак.

Покистон томонидан 26 февраль куни «очиқ уруш» эълон қилинишига расмий сабаб сифатида афғон кучларининг чегара постларига кенг кўламли ҳужуми кўрсатилган. Бундан олдин Покистон армияси Афғонистон ҳудудидаги террорчилар лагерларига авиазарбалар берган ва «Толибон» ҳаракати томонидан ички ишларга аралашувда айбланган эди.

— Ҳозирги кескинлашувнинг янада чуқур сабаблари нимада?


— Биринчидан, Афғонистон — Покистон чегарасига оид ҳал этилмаган муаммолар. Покистон бу масалаларни бир томонлама ҳал қилишга уринаётган бўлса, толиблар буни мутлақо қабул қилмайди. Бу Покистонга нисбатан ҳудудий даъволар билан боғлиқ узоқ йиллик муаммо. Бу ерда чегаранинг ҳар икки томонида яшовчи пуштун аҳолиси омиллари, шунингдек Белужистон вилоятининг ажралиб чиқиши учун курашаётган миллий ҳаракатни ҳам қайд этиш лозим.

Иккинчидан, Афғонистон ва Покистон ҳукуматларининг ўзаро айбловлари. Толиблар Покистонни Афғонистон ички ишларига аралашиш ва «катта ака» сифатида шарт қўйишда айбласа, Исломобод «Толибон»ни Покистон ҳудудида терактлар уюштирувчи террорчи гуруҳларга бошпана бермоқда, деб ҳисоблайди. Бу ерда Покистонда ўз ҳукуматини ўрнатишни мақсад қилган «Техрик-и-Толибон Покистон» гуруҳи (Покистон толиблари), шунингдек «ИШИД — Хуросон»ни алоҳида таъкидлаш мумкин.

Афғонистон ҳукумати эса бунга жавобан Покистон ўз ички муаммоларини Афғонистонга юклашга уринаётганини, ўзи эса экстремизм ва беқарорлик манбаи эканини таъкидлайди.

— Можарони ёритиш кўпинча «Афғонистон ва Покистон ўртасидаги қарама-қаршилик» деган формула билан чекланади. Аммо ҳар икки мамлакат ҳам мураккаб ички тузилмага эга. Ҳозирги кескинлашувнинг асосий иштирокчилари кимлар? Яъни чегаранинг ҳар икки томонида аслида ким ким билан тўқнашмоқда?


— «Очиқ уруш» эълон қилинишигача Исломобод юқорида айтилган турли прокси кучларга қарши курашаётганини билдириб келган ва уларни хавфсизликка таҳдид сифатида баҳолаган. Бу жараёнда у ўзаро айбловлар бўлишига қарамасдан, афғон «Толибон» ҳаракати билан мулоқотни сақлаб келган.

Бироқ уруш эълон қилингач, Покистон тўғридан-тўғри Афғонистон ҳукуматини ўз рақиби сифатида белгилади. Ҳозирги босқичда гап тўғридан-тўғри давлатлараро можаро ҳақида бормоқда.

Шу нуқтаи назардан ўтган йил октябрь ойидаги Покистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига эътибор қаратиш мумкин. Унда айтилишича, Покистон ўз ҳудудидаги жанговар экстремизм билан боғлиқ муаммоларга эга эмас. Унинг ягона икки муаммоси — ҳозирги Афғонистон ҳукумати ва, диққатга сазовор жиҳати, «Ҳиндистоннинг гегемонистик сиёсати»дир. Исломобод узоқ вақтдан бери Ҳиндистонни Покистонга қарши ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда, Афғонистондаги беқарорликдан Покистонга қарши фойдаланишда айблаб келади. Ҳозирги урушни ҳам Покистон Деҳли билан кенгроқ гибрид қарама-қаршиликнинг бир қисми сифатида кўрмоқда.

— Агар ҳозирги вазиятдан хулоса чиқариб айтсак, можаро ҳудудида айнан нима юз бермоқда? Ҳозирги кескинлашув Афғонистон ва Покистон ўртасида янада кенг кўламли ва узоқ давом этадиган ҳарбий қарама-қаршиликка айланиш эҳтимоли қанчалик?


— Ҳозирги пайтда, афсуски, эскалация анча чуқурлашиб кетди. 2021 йилда Афғонистонда толиблар ҳокимиятга келганидан бери бундай миқёсдаги можаро ва бунчалик қурбонлар сонини кўрмаган эдик. Покистоннинг ҳарбий устунлигига қарамасдан, у ҳал қилувчи ғалабага эриша олмаяпти. Афғонистон эса, ўз навбатида, зарбалар билан жавоб қайтармоқда, жумладан Покистон пойтахтига ҳам дронлар орқали ҳужумлар қилинмоқда. Натижада томонлар амалда ҳарбий жиҳатдан боши берк кўчага кириб қолди.

Покистоннинг Афғонистонга қуруқлик орқали бостириб кириши эҳтимоли жуда паст. Менимча, бу Покистон учун мутлақо ақлга сиғмайдиган ва ўзини ўзи ҳалокатга олиб борувчи қадам бўлар эди. Бир томонлама тарзда чегара ҳудудларида ҳаво зарбалари ёки босим орқали муаммоларни ҳал қилишга уриниш — бошқа масала. Аммо, масалан, Исломобод ўзининг асосий муаммоси деб ҳисоблаётган толиблар ҳукуматини ағдариш мақсадида қуруқлик орқали ҳужум қилиши — мутлақо бошқа нарса. Афғонистонда ҳам Покистон ҳудудига қуруқлик орқали ҳужум уюштириш имкониятлари йўқ.

Эҳтимол, томонлар мажбурий дипломатия мантиғи доирасида бир-бирига босим ўтказишни давом эттиради, яъни улардан бири муросага тайёр бўлгунига қадар. Ҳозир Туркия, Қатар ва Саудия Арабистони воситачилик таклиф қилганини кўрмоқдамиз ва томонларни байрам кунлари ҳарбий ҳаракатларни вақтинча тўхтатишга кўндирган. Бу сулҳ қанчалик узоқ давом этишини вақт кўрсатади.

Бироқ, яна бир бор таъкидлаш керакки, ҳатто ҳозирги босқичдаги қарама-қаршилик тўхтатилган тақдирда ҳам, у чуқур ва ҳал этилмаган муаммолар билан «музлатилган можаро»га айланади. Чунки томонлар ўзаро айбловларда тилга олган масалалардан бирортаси, айниқса мамлакатлар ўртасидаги чегара билан боғлиқ энг оғриқли муаммо ҳал қилинмаган. Бу эса вақт-вақти билан зўравонлик қайта такрорланишига олиб келиши мумкин.

— Агар можаро янада кескинлашса ёки узоқ давом этса, Ўзбекистоннинг қайси асосий манфаатларига таъсир кўрсатиши мумкин?


— Покистон ва Афғонистон ўртасидаги можаро, албатта, Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг жанубий йўналишдаги ҳамкорлигига салбий таъсир кўрсатади. У Афғонистондаги беқарорлик ва молиявий кафолатлар етишмаслиги сабабли аллақачон секинлашган инфратузилма ва логистика лойиҳаларини янада издан чиқаради. Ҳозирги вазиятда режалаштирилган лойиҳалар умуман орқага сурилиши мумкин. Бу айниқса Яқин Шарқдаги кескинлашув фонида, Эрон орқали ўтадиган транспорт йўлакларига ҳам таъсир кўрсатаётган бир пайтда сезиларли.

Транспорт лойиҳаларидан ташқари, Афғонистон-Покистон қарама-қаршилиги ушбу мамлакатлар билан иқтисодий ва савдо соҳаларида эришилган келишувларга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳарбий қарама-қаршилик бу давлатлар ташқи сиёсий кун тартибидаги бошқа масалаларни иккинчи даражага суриб қўяди.

— Ҳозирги кескинлашувнинг эҳтимолий хавф ва салбий оқибатларини камайтириш учун Ўзбекистон ва минтақа давлатлари қандай чоралар кўриши мумкин?


— Аввалроқ айтганимдек, бу можаронинг жуда жиддий сабаблари бор ва томонлар ҳозирча уларни ҳал қилишга тайёр эмас. Бундан ташқари, можарода учинчи томонлар ва прокси кучлар ҳам иштирок этмоқда.

Шу боис Марказий Осиё давлатларига уни мустақил равишда ҳал қилиш бўйича ьаклифлар билдириш қийин. Менимча, гуманитар миссиялар зарур, улар можаро ҳудудидаги гуманитар вазиятни енгиллаштиришга ёрдам бериши мумкин. Можаронинг оқибатларини юмшатиш — эҳтимол, ташқи акторлар билан мувофиқлаштирмасдан туриб, минтақа давлатлари қила оладиган энг кўпи шу бўлса керак.

Афғонистон-Покистон уруши минтақавий транспорт лойиҳаларини хавф остида қолдирмоқда — Жанубий Осиё бўйича эксперт
Ильдар Якубов — Жанубий Осиё бўйича эксперт, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг «Халқаро муносабатлар» кафедраси мудири, сиёсий фанлар номзоди (PhD).

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.