Нормундс Сеейс бошқарувидаги Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдаги барча ўйинларда ғалаба қозониб, биринчи ўринни эгаллади ва бу натижа эвазига “А” гуруҳига йўлланмани қўлга киритди. Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг апрель ойида жамоа Ереванда тўртинчи дивизион ғолиби бўлган эди. Ўзбекистон Халқаро хоккей федерациясига (IIHF) 2019 йилда қабул қилинган.
“А” гуруҳи учун кураш йўлида Ўзбекистон терма жамоаси қуйидаги рақибларидан устун келди:
Мўғулистон (26:1)
Филиппин (28:3)
КХДР (20:3)
Люксембург (14:0)
Гонгконг (9:4)
Люксембург устидан қозонилган ғалаба ўзбекистонлик хоккейчиларга ушбу дивизионнинг «B» гуруҳида гол уриш бўйича янги рекорд ўрнатиш имконини берди. Аввалги рекорд Қирғиз Республикасига тегишли эди (2023 йилда 76 та гол). Турнир якунларига кўра, Ўзбекистон ҳисобида жами 97 та шайба мавжуд.
Вадим Кравченко мусобақанинг энг яхши хоккейчиси деб топилди. Ўзбекистон терма жамоасининг асоси Тошкентнинг “Ҳумо” ва “Бинокор” жамоалари ҳисобланади.
2027 йилда Ўзбекистон терма жамоаси учинчи дивизионнинг “А” гуруҳида Тайван, Мексика, Босния ва Герцеговина, ЖАР ҳамда Таиланд жамоалари билан куч синашади. “А” гуруҳида сўнгги ўринни эгаллаган Туркманистон терма жамоаси эса 2027 йилда ўз юришини «B» гуруҳида давом эттиради.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.