Амалиётда кўп квартирали уйларни ўз вақтида топширмаслик, молиявий интизомнинг етарли эмаслиги, айрим ҳолларда эса фуқароларнинг фирибгарлик ҳолатларига дуч келиши каби муаммолар кузатилмоқда. Бу каби ҳолатлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.
Мазкур муаммоларни бартараф этиш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида мамлакатда улушли қурилиш соҳасида эскроу ҳисобварақлари тизимини жорий этиш бошланди. Ушбу механизм кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини қуришда молиявий ҳисоб-китобларнинг янги, хавфсиз шакли сифатида баҳоланмоқда.
Эскроу тизимига кўра, харидор томонидан тўланган маблағлар тўғридан-тўғри қурувчига ўтказилмайди. Улар махсус банк ҳисобварағида сақланади ва қурилиш белгиланган тартибда якунланиб, объект топширилгандан кейингина девелоперга ўтказилади. Бу эса улушдорларнинг маблағлари хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
1 апрелдан жорий этилган эскроу тизими
Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда эскроу ҳисобварақларига оид янги амалиётлар кенг муҳокама қилинмоқда. Номи ўхшаш бўлса-да, турли соҳаларда қўлланилаётган ушбу инструментлар мазмунан бир-биридан фарқ қилади.
Хусусан, тайёр кўчмас мулк ва транспорт воситалари билан боғлиқ битимларда эскроу ҳисобварағи ҳисоб-китобларни амалга ошириш воситаси сифатида хизмат қилади. Бунда маблағлар шартнома нотариал тартибда расмийлаштирилган куннинг ўзидаёқ сотувчига ўтказилади.
Улушли қурилишда қўлланилаётган эскроу тизими эса бошқача тамойилга асосланади. Бу ҳолатда харидор томонидан тўланган маблағлар маълум муддат давомида, яъни қурилиш тўлиқ якунланиб, фуқаро ўз квартираси калитини олгунига қадар банк ҳисобварағида сақланади.
Мутахассислар ушбу тизим қурилиш соҳасида шаффофликни оширади, молиявий интизомни мустаҳкамлайди ва девелоперларни ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажаришга ундайди. Шу билан бирга, харидорлар учун ҳам таваккалчилик даражасини камайтириб, бозорда ишонч муҳитини шакллантиради.
Қайд этилишича, эскроу ҳисобварақлари механизмининг жорий этилиши қурилиш соҳасини рақамлаштириш ва тартибга солишда муҳим босқич бўлиб, келгусида мазкур амалиётни янада кенгайтириш режалаштирилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.