Урбанизация ва ҳаво ҳарорати: тунги иқтисодиёт янги драйверга айлана оладими?

Урбанизация ва ҳаво ҳарорати: тунги иқтисодиёт янги драйверга айлана оладими?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан OpenStreetMap va SDGSAT — 1 сунъий йўлдоши маълумотлари асосида фазовий-эконометрик таҳлил усуллари ёрдамида Тошкент шаҳридаги тадбиркорлик объектларининг тунги фаоллиги ўрганилди.

Тадқиқот доирасида умумий овқатланиш, савдо ва кўнгилочар йўналишдаги 5,6 мингдан ортиқ объектлар ўрганилиб, иш вақти аниқ кўрсатилган 1,6 мингта объект асосида тунги фаоллик динамикаси таҳлил қилинди.

Сўнгги йилларда глобал урбанизация жараёнлари, кундузги вақтдаги тирбандлик ва ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ҳамда кундузги иш ва ўқиш давомийлиги сабаб аҳолининг истеъмол ва дам олиш вақти табиий равишда тунги соатларга кўчмоқда.

Тунги иқтисодиёт Буюк Британияда йилига 85 миллиард доллар даромад келтирса, Нью-Йорк шаҳрида бу кўрсаткич 35 миллиард долларни ташкил этади.

Тадқиқот натижалари:

Ўрганилган объектлар кесимида пойтахтдаги тунги бизнес фаоллик соат 23:00 дан кейин 2 баробарга қисқаради. Тошкент шаҳри бўйича ўрганилган 1,6 мингта (фаолият вақти кўрсатилган) бизнес объектларининг 75 фоизи соат 20:00 дан кейин, 65 фоизи соат 22:00 дан кейин, 45 фоизи соат 23:00 дан кейин ҳам ўз фаолиятини давом эттириши аниқланди. Тунги 00:00 дан кейин бу улуш 31 фоизгача камаяди.

Тунги бизнес фаоллик пойтахтнинг асосан марказий ҳудудларида кузатилмоқда. Пойтахтда Яккасарой (22:00 дан кейин фаол бизнес объектлари сони 131 та) ва Миробод (112 та) туманлари тунги иқтисодиёт “ядроси” сифатида шаклланмоқда. Мирзо Улуғбек (147 та), Юнусобод (130 та), Чилонзор (126 та) ва Шайхонтоҳур (99 та) туманларининг марказга туташ қисмларидагина тунги фаоллик кузатилмоқда.

Олмазор (80 та) ва Яшнобод (71 та) туманларида тунги фаоллик пойтахтнинг бошқа туманларига қараганда суст экани аниқланган бўлса, Учтепа (52 та), Сергели (36 та), Бектемир (26 та) ва Янгиҳаёт (15 та) туманларида тунги иқтисодиёт нисбатан заиф ривожланмоқда.

SDGSAT — 1 сунъий йўлдоши тасвирлари асосидаги таҳлилларга кўра, ҳудуднинг тунги ёритилганлик даражаси ва бизнес фаоллиги ўртасида боғлиқлик мавжуд. Тошкент шаҳридаги 100х100 метрли ҳудудда ёритиш интенсивлигининг ҳар 100 DN бирликка (2-5 lux) ортиши бизнес объектининг 22:00 дан кейин ишлаш эҳтимолини 23 фоизга оширса, 300х300 метрли ҳудуд бўйича эса бу эҳтимоллик 54 фоизга етади.

“Ўзбекистон–2030” стратегиясида туризмнинг ЯИМдаги улушини 7 фоизга, хорижий туристлар сонини 20 миллион нафарга ҳамда ички саёҳат сафарлари сонини 25 миллионтага етказиш каби устувор мақсадлар белгиланган. Шу жумладан, 2030-йилгача республикада 24/7 тартибида ишловчи кўча ва ҳудудлар сонини 320 тага етказиш каби вазифалар бевосита шаҳарларда тунги иқтисодиётни фаоллаштириш билан боғлиқ.

Шаҳар инфратузилмасини тунги фаоллик талабларига мослаштириш ҳамда 24/7 форматида ишловчи кўча ва ҳудудларни самарали ташкил этиш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади:

➖ 24/7 кўчалар ва кечки хизматлар экотизимини мувофиқлаштириш мақсадида Тунги иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳоким ўринбосари лавозимини жорий этиш;

➖ Ягона методика асосида тунги фаоллик даражасидан келиб чиқиб, пойтахт ҳудудларини 3 та тоифага ажратиш;

➖ 1-тоифали ҳудудлар учун “Тунги хизматлар таркибини кенгайтириш дастури”ни ва 2-3-тоифали ҳудудлар учун “Тунги иқтисодиётни жонлантириш дастури”ни ишлаб чиқиш;

➖ Тунги жамоат транспорти йўналишларини жорий этиш;

➖ Тошкент метрополитени фаолиятини дам олиш кунлари синов тариқасида соат 01:00 гача узайтириш;

Ягона тунги тадбирлар тақвимини ишлаб чиқиш ва эълон қилиб бориш;

➖ Аҳоли учун фойдаланишга қулай тунги шаҳар муҳитини яратиш, жумладан, пиёдалар йўлаклари ва сайилгоҳлар бўйлаб тўлиқ ёритишни таъминлаш, 24/7 жамоат санитария нуқталарини ўрнатиш, тунги навигация ва йўналтирувчи белгиларни жорий этиш.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.