Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ихтисослашган инспекция томонидан ўтказилган текширувлар натижасида электр тармоқлари корхоналари фаолиятида жиддий муаммолар аниқланди. Хусусан, 106 минг трансформатор пунктларидан 25 мингдан ортиғи таъмирга муҳтож экани маълум бўлди. Тармоқларни модернизация қилиш, ортиқча юклама тушаётган линияларни алмаштириш ва ноқонуний уланишларга қарши курашни кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Электр энергияси йўқотишларини қисқартириш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, шунингдек газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жиддий камчиликлар сабаб «Ҳудудгаз Хоразм» филиали раҳбарини лавозимидан озод этиш ҳам топширилди.
Йиғилиш якунига кўра, электр энергияси йўқотиш даражаси 20 фоиздан юқори бўлган ҳудудлардаги туман (шаҳар) электр тармоқлари корхоналарининг раҳбарлари лавозимидан озод этилди:
— Сирдарё, Тошкент ва Фарғона филиалларида 2 тадан;
— Андижон филиалида 14 та;
— Жиззах филиалида 7 та;
— Самарқанд филиалида 10 та;
— Қашқадарё филиалида 4 та.
Мутасаддилар аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида назоратни кучайтириш, инфратузилмани янгилаш ва тизимни келгуси мавсумларга тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.