Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда хусусий клиникалар сони сезиларли даражада ошган: 2016 йилдаги 3,2 мингтадан 2026 йил якунига кўра 8,7 мингтага етиши кутилмоқда. Хусусий тиббиёт йўналишлари сони қарийб уч бараварга, ўринлар сони эса уч баравардан зиёдга ошган. Шу билан бирга, умумий койка фондида хусусий сектор улуши 31 фоизга етиши мумкин.
Шу билан бирга, хизматлар сифати устидан назорат етарли эмаслиги, лицензия талабларининг мукаммал эмаслиги ва хусусий клиникалар фаолиятини мониторинг қилиш бўйича ягона рақамли тизимнинг мавжуд эмаслиги каби муаммолар ҳам аниқланган.
Шу муносабат билан лицензия бериш функцияларини «Тиббий ташкилотларни лицензиялаш ва аккредитация қилиш маркази»га ўтказиш ва 2026 йил 1 июлдан бошлаб беморлар хавфсизлиги бўйича асосий меъёрларни қайта кўриб чиқган ҳолда талабларни кучайтириш таклиф этилди. Шунингдек, электрон тизимлар орқали масофавий назорат жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Ташаббуслар орасида хусусий клиникаларга бюджет маблағлари ҳисобидан хизмат кўрсатишга рухсат бериш, аккредитациядан ўтган муассасаларни трансплантация фаолиятига жалб этиш, шунингдек барча тиббий ташкилотлар учун мажбурий аккредитацияни босқичма-босқич жорий этиш масалалари ҳам бор.
Соҳани ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида иқтисодий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам назарда тутилган: чекка ҳудудларда клиникалар очиш учун 200 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратиш, хорижий мутахассислар учун узоқ муддатли қарзлар ва солиқ имтиёзлари бериш режалаштирилмоқда.
Қўшимча равишда тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича ихтисослашган агентлик ҳамда инвестиция лойиҳалари ва давлат-хусусий шериклик ташаббусларини қўллаб-қувватлайдиган «Health Invest» компаниясини ташкил этиш кўриб чиқилмоқда.
Президент тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, масъулларга уларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича топшириқлар берди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.