Мудофаа соҳасида ягона рақамли сиёсатни юритиш мақсадида мудофаа вазирининг рақамлаштириш, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Ҳарбий округларда эса қўмондонларнинг рақамлаштириш, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик бўйича ўринбосарлари лавозимларини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Тақдимотда автоматлаштирилган бошқарув тизимларини янада ривожлантириш, роботлашган ва автоном мажмуалардан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар таклиф этилди.

Тадбирда қайд этилишича, қўшинларда дронларни жанговар қўллаш ва уларга қарши курашувчи янги бўлинмалар ташкил этилиб, учувчисиз учадиган аппаратлар операторлари, муҳандислар ва робототехника мутахассисларини тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.
Замонавий хавф ва таҳдидлардан келиб чиқиб, Мудофаа вазирлигида кибертаҳдидларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган Ахборот хавфсизлиги мониторинг маркази ташкил этилди.
2025 йилда барча олий ҳарбий таълим муассасаларига институт мақоми берилиб, ягона вертикал бошқарув тизими яратилди, Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилди.
Ҳарбий кадрлар тайёрлашнинг янги модели бўйича бакалавр даражасида ҳарбий кадрлар тайёрлашнинг мутлақо янги модели доирасида курсантларга хорижий тиллар, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект чуқур ўргатилади. Қўмондонлик-штаб офицерлари учун илғор хорижий тажриба ва замонавий қуролли тўқнашувларни ўрганиш асосида илк бор уч босқичли янги ўқитиш тизими жорий этилади.
Шу билан бирга, сержантлар таркибини тайёрлаш кўлами ҳам кенгайтирилади. Асосий янгиликлардан бири — олий ҳарбий таълим муассасаларида сержантлар учун бакалавриатнинг олтита фуқаролик мутахассислиги бўйича масофавий таълим йўлга қўйилади. Шунингдек, авиация ва учувчисиз учадиган аппаратлар мутахассисларини тайёрлаш тизими янада такомиллаштирилиб, мазкур йўналишда Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларини ўқитиш ва уларга ягона сертификат бериш тартиби жорий этилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.