Хотира ва қадрлаш куни арафасида, 8 май куни давлат раҳбари Ғалаба боғига ташриф буюриб, «Матонат мадҳияси» монументига ва «Миллат фидойилари» хиёбонида гул қўяди. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчилари билан ҳам учрашув ўтказади, дея хабар қилди президент матбуот хизмати.
Кремль томонидан эълон қилинган Москвага келувчи хорижий делегациялар раҳбарлари рўйхатида Марказий Осиё давлатлари президентлари кўрсатилмаган. Абхазия, Жанубий Осетия, Беларусь, Лаос президентлари, Малайзия олий ҳукмдори, Словакия ҳукумати раиси (парадга ташриф буюришни режалаштирмаган), шунингдек, Сербия (Босния ва Гертсеговина таркибига киради) вакиллари келиши кутилмоқда.
Бу 2018 йилдан бери Москвада Марказий Осиё давлатлари етакчилари иштирокисиз ўтадиган илк 9 май паради бўлади.
«Биз ўтган йилгидек хорижий меҳмонларни байрамга махсус таклиф қилмадик», — дея Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларини келтирмоқда «РИА Новости».
Бу йил Қизил майдондаги парад узоқ вақтдан буён биринчи марта ҳарбий техникасиз ўтади. Россия Мудофаа вазирлиги буни «тезкор вазият» билан, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса «террорчилик хавфи» билан изоҳлади.
Мамлакат Мудофаа вазирлиги 8 май соат 0:00 дан 10 май соат 0:00 гача Россия қўшинлари Украина ҳудудига зарба бермаслигини маълум қилди. Шунингдек, у «Украина томонини ҳам ушбу ўрнатилган тартибга амал қилишга» чақирди, дея эслатмоқда BBC.
Украина президенти Владимир Зеленский бунга жавобан Киев 6 май ярим тундан бошлаб сукут режимини ўрнатишни таклиф қилганини, бироқ Россия бунга расман жавоб бермай, зарбалар беришда давом этганини билдирди.
Россия ТИВ 4 май куни хорижий элчихоналарга «Россия Қуролли кучлари томонидан Киевга жавоб зарбаси берилиши муқаррарлиги» муносабати билан ходимларни Киевдан «олдиндан эвакуация қилишни таъминлаш» ҳақида хат юборди. Украина 9 май куни Москвага зарба бериш билан бевосита таҳдид қилмаган.
Владимир Зеленский «Украина кўзгу сифатида ҳаракат қилишини» яна бир бор таъкидлади. Шу билан бирга, у Украина бошқа давлатлар вакилларига шу куни Москвада бўлишни «тавсия қилмаслигини» айтди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.