Қизил майдонда Ғалаба паради бўлиб ўтди. Унда Россия президенти Владимир Путин билан бир қаторда Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Лаос президенти Тхонглун Сисулит, Малайзия олий ҳукмдори Султон Иброҳим ва бошқалар қатнашди.
Парад якунлангач, давлат раҳбарлари Александр боғидаги Номаълум аскар қабрига гулчамбар қўйдилар. Ушбу ёдгорлик миллионлаб ҳалок бўлган жангчилар, жумладан, Ўзбекистон ўғлонлари хотирасига барпо этилган.
Маросим бир дақиқалик сукут ҳамда фахрий қоровул ротаси ва ҳарбий оркестрнинг тантанали марши билан якунланди.
Уруш бошланишида республика аҳолиси сони 6 миллион кишидан ошиқ эди. 1941−1945 йиллардаги уруш даврида 2 миллионга яқин ўзбекистонлик фронтга сафарбар этилди. Улардан 538 мингдан ортиғи жанг майдонларида жон берди, 158 мингдан зиёди эса бедарак йўқолди.
Жасорати, матонати ва жанговар шижоати учун 214 мингдан ортиқ ўзбекистонлик аскар ва офицерлар жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди. 301 нафар ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди, яна 70 нафари «Шуҳрат» орденининг тўлиқ кавалери бўлди.
Уруш йилларида республика озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, қурол-яроғ ва бошқа ресурсларни узлуксиз етказиб беришни таъминлади. Ўзбекистон ҳудудига 170 дан ортиқ эвакуация қилинган корхона жойлаштирилди.
Ўзбекистон халқи фронтолди ҳудудларидан кўчирилган 1,5 миллиондан зиёд кишини, жумладан, 250 мингдан ортиқ етим болани ўз бағрига олди.





© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.