Болалар уруш қурбонига айланганда, уларни ҳимоя қилиш нафақат миллий масъулият, балки бутун халқаро ҳамжамиятнинг умумий бурчи ҳисобланади.
Украиналик болаларнинг ноқонуний депортация қилиниши ва мажбурий кўчирилиши Россиянинг 2022 йилдаги кенг масштабли босқини билан бошлангани йўқ. Бу амалиёт анча олдин — 2014 йилда Россия томонидан Қримнинг ноқонуний оккупациясидан сўнг бошланган. Жумладан, 2015 йилга келиб украиналик болаларнинг босиб олинган ҳудудлардан Россияга ёки Украинанинг Россия назорат қилаётган ичкари ҳудудларига олиб чиқиб кетилаётгани ҳақида далиллар пайдо бўлган эди.
Ушбу ноқонуний ва ғайриинсоний амалиёт украиналик болалар ҳуқуқларининг кенг кўламли ва тизимли равишда бузилишига айланди. Бугунги кунда Украина Адлия вазирлиги 20 мингдан ортиқ украиналик боланинг Россияга ёки Россия вақтинча назорат қилаётган ҳудудларга депортация қилингани ва мажбурий кўчирилганини расман тасдиқлаган.
Бу болаларнинг барчаси учун оқибатлар нафақат яшаш жойининг ўзгариши, балки оиласидан айрилиш, ўз жамиятларига мансублик туйғусини йўқотиш ҳамда уларнинг ўзлиги, тили ва уйи билан бўлган алоқасига тажовуз қилинишини англатади. Уларнинг тақдири бизга шуни эслатадики, низо шароитида болаларни ҳимоя қилиш шунчаки абстракт тамойил эмас, балки барқарор халқаро ҳамкорликни талаб қиладиган инсоний масъулиятдир.
Бу ҳолатлар устида ишлаётган Украина ҳукумати ва фуқаролик жамияти ташкилотлари болаларнинг турган жойини аниқлашда катта қийинчиликларга дуч келмоқда. Россия кўчирилган болаларнинг сони ва улар турган жойлар ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этмади, бу эса уларни идентификация қилиш ва кейинчалик қайтаришни ўта мураккаблаштирмоқда. Ҳатто болаларни топишга муваффақ бўлинган тақдирда ҳам, уларни уйига қайтариш узоқ ва мураккаб жараён бўлиши мумкин.
Айнан шу сабабли халқаро ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳеч қайси давлат бундай мураккаб вазиятни якка ўзи ҳал қила олмайди. Ва ҳеч бир бола дунё ҳаракатга келишини кутиб қолмаслиги керак.
Украина президенти Зеленскийнинг 2023 йилдаги Bring Kids Back UA («Болаларни Украинага қайтаринг») ташаббуси ва 2024 йил февралида Украина ҳамда Канада томонидан тузилган Украиналик болаларни қайтариш бўйича халқаро коалиция айнан шу мақсадга хизмат қилади. Ташаббус Украинанинг болаларни қайтариш, уларнинг тикланиши ва реинтеграциясига кўмаклашиш, шунингдек, айбдорларни жавобгарликка тортишни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миллий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Халқаро коалиция ушбу мақсадларга эришиш учун халқаро кўмакни сафарбар этади ва сиёсий мажбуриятларни мувофиқлаштирилган амалий ҳаракатларга айлантиришга ёрдам беради. Бугунги кунда коалиция 49 та аъзони, жумладан, давлатлар ва халқаро ташкилотларни ўз ичига олган. Унинг фаолияти инсонпарварлик хусусиятига эга бўлиб, болаларни ҳимоя қилишнинг халқаро ҳуқуқий стандартларига риоя этишга қаратилган. Европа Иттифоқи коалицияга 2025 йил сентябрь ойида аъзо бўлди.
Тизимли дипломатик, инсонпарварлик ва ҳуқуқий саъй-ҳаракатлар, шунингдек, халқаро ҳамкорлик туфайли бугунги кунга қадар 2130 дан ортиқ украиналик болани қайтаришга ҳамда реабилитация ва реинтеграция дастурлари доирасида уларга кўмак кўрсатишга эришилди. Ҳар бир бола учун уйга қайтиш ўрнини босиб бўлмайдиган қадриятлар — оила бағри, она тили ва маданияти, шунингдек, ўз уйида вояга етиш имкониятининг тикланишини англатади.
Бироқ булар ҳикояларнинг бир қисми, холос. Ҳали ҳам жуда кўп болалар Россия назорати остида — депортация қилинган ёки Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида қолмоқда. Ушбу муаммони ҳал қилиш чинакам глобал жавобни талаб этади. Низо шароитида болаларни ҳимоя қилиш — битта давлат ёки ташкилотнинг масъулияти эмас, балки универсал инсон ҳуқуқлари ва умумий қадриятларимизга асосланган жамоавий бурчдир.
Шу сабабли биз бутун дунё мамлакатларини Украиналик болаларни қайтариш бўйича халқаро коалиция ишига аъзо сифатида қўшилишга ёки кузатувчи сифатида иштирок этишга чақирамиз. Биз, шунингдек, Африка, Осиё, Лотин Америкаси ва Яқин Шарқдаги кўплаб давлатлар ушбу соҳада — тинчлик ўрнатиш ва ярашиш жараёнларидан тортиб, низолардан кейин болаларни ҳимоя қилиш ва реинтеграция қилиш дастурларигача бўлган бебаҳо тажрибага эга эканини эътироф этамиз.
Коалиция нафақат украиналик болаларни қайтаришга кўмаклашувчи платформа, балки тажриба алмашиш ва низолар шароитида болаларни ҳимоя қилишнинг глобал ёндашувларини мустаҳкамлаш майдони ҳамдир. Украинадаги низо фаолиятимизнинг бошланғич нуқтаси бўлса-да, мақсадимиз анча кенгроқ: биз болалар ҳар қандай низода яхшироқ ҳимояланиши учун халқаро амалиётни кучайтиришга интиламиз.
Коалициядаги иштирок, шунингдек, болаларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал механизмлари устида биргаликда ишлаш имкониятларини яратади. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида оилаларни излаб топиш, қайтариш, психологик реабилитация қилиш ва кўчирилгандан кейин болаларнинг маданий ўзлигини сақлаб қолиш бўйича ёндашувлар ишлаб чиқилган. Ушбу тажрибаларни бирлаштирган ҳолда коалиция ҳар қандай низода болалар ҳуқуқларига риоя қилинишига хизмат қилувчи халқаро нормалар ва амалий механизмларни мустаҳкамлашга интилади.
Коалиция ушбу ҳамкорликни кенгайтиришда давом этмоқда. 11 май куни Брюсселда Украиналик болаларни қайтариш бўйича халқаро коалициянинг навбатдаги юқори даражадаги учрашуви бўлиб ўтди, у Европа Иттифоқи, Украина ва Канада ҳамкорлигида ташкил этилди. Ушбу учрашув ҳамкорларни эришилган ютуқларни баҳолаш ҳамда болаларни ўз оилалари ва жамоаларига қайтариш бўйича кейинги амалий қадамларни белгилаб олиш учун бирлаштирди.
Якуний хулоса шуки, болалар ҳимояси геосиёсий ихтилофлардан устун туриши керак. Бу халқаро ҳуқуққа ҳамда ҳар бир бола хавфсизлик, қадр-қиммат ва ғамхўрликка лойиқ эканини тан олишга асосланган умумий инсонпарварлик бурчидир.
Биз бутун дунёдаги шерикларимизни ушбу саъй-ҳаракатларга қўшилишга ҳамда ўз овози, ноёб тажрибаси ва бебаҳо етакчилиги билан ўртоқлашишга таклиф этамиз — буларнинг барчаси болалар ҳимоясини универсал устувор вазифа сифатида таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Минтақавий, маданий ва сиёсий фарқларга қарамай, биргаликда ҳаракат қилиб, биз низолар туфайли вайрон бўлган болаликни тиклашимиз ва бутун дунёда болаларни ҳимоя қилишнинг глобал тизимини мустаҳкамлашимиз мумкин. Зеро, гап болалар ҳуқуқлари ва қадр-қиммати ҳақида кетганда, умумий инсонийлик туйғумиз ҳар доим биринчи ўринда туриши лозим.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.