Бироқ 2003 йилда Грузияда юз берган «Атиргуллар инқилоби», Ўзбекистоннинг ГУЎОМдан чиқиши ва Тошкентнинг Ғарб сиёсий лойиҳаларига нисбатан умумий совуқлашиши ортидан алоқалар деярли бутунлай узилиб қолганди.
2017 йилдан бошлаб муносабатлар қайта тиклана бошлади, 2022−2025 йилларда эса бу жараён сезиларли даражада тезлашди. Бунда Ўзбекистоннинг Грузияга бўлган асосий қизиқиши 1990-йиллардан буён деярли ўзгармади: бу — савдо-сотиқ, транспорт йўлаклари, Қора денгизга чиқиш ва Европага борувчи йўналишлардир. Фақат эндиликда томонлар ГУЎОМ ва ТРАСЕКА ўрнига икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий боғлиқлик омили сифатида кўпроқ Ўрта коридорга урғу бермоқда.
1990-йилларнинг ўрталарида муносабатлар анча фаол ривожланганди. 1995 йил сентябрь ойида Грузия парламенти раиси ва унинг бўлажак президенти Эдуард Шеварднадзе Ўзбекистонга ташриф буюрди ва унда томонлар дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади.
1996 йил май ойида Ислом Каримов Грузияга расмий ташриф билан борди; ташриф якунлари бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги декларация ва ҳужжатлар тўплами, жумладан, авиақатновлар, божхона масалалари, иккиёқлама солиққа тортишдан қочиш ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга оид битимлар имзоланди.
Яқинлашув кульминацияси Ўзбекистоннинг ГУЎОМдаги иштироки бўлди. Дастлаб ушбу бирлашма Грузия, Украина, Озарбайжон ва Молдова мамлакатлари номларининг бош ҳарфларидан олиниб, ГУАМ деб аталган. 1999 йил апрель ойида Ўзбекистон қўшилганидан сўнг, у ГУЎОМга айланганди. Ташкилотнинг расмий тарихида ўша йиллардаги устувор йўналишлар сифатида нафақат сиёсий ҳамкорлик ва хавфсизлик, балки Европа-Кавказ-Осиё транспорт йўлагини ривожлантириш, эркин савдо ва ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳам кўрсатиб ўтилган.
Бу жараёнлар Тошкент ташқи сиёсатининг янада кенгроқ қайта кўриб чиқилиши фонида юз берди. АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистон бўйича кейинчалик эълон қилган маълумотномасида 2003−2005 йилларда Грузия, Украина ва Қирғизистонда содир бўлган «рангли инқилоблар»дан сўнг Ўзбекистоннинг АҚШ билан муносабатлари «сезиларли даражада совуқлашгани» қайд этилган.
Грузиядаги «Атиргуллар инқилоби»дан кейин — Михаил Саакашвили бошчилигидаги оппозиция ҳокимиятга келгач — 2005 йилда Грузия бош вазири Зураб Ногаидели Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ислом Каримовнинг расмий йилномасида унинг Ўзбекистон президенти томонидан қабул қилингани қайд этилган бўлиб, унда томонлар «мавжуд имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш, шунингдек, икки томонни қизиқтирган айрим халқаро масалалар юзасидан фикр алмашган». Бироқ ўша пайтнинг ўзидаёқ, яъни 2005 йилнинг апрелида Ўзбекистон ГУЎОМнинг Кишинёвдаги саммитида иштирок этишдан бош тортди, кейинчалик эса мамлакат ушбу бирлашмадан чиқди.
Шундан сўнг икки мамлакат ўртасидаги алоқалар анча сустлашиб, фақат айрим маслаҳатлашувлар ва савдо-сотиқ даражасидагина сақланиб қолди. Бундай муносабатларда одатда бизнес, транспорт ва инвестициялар учун ишчи механизм вазифасини бажарадиган Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари ҳам мунтазам ўтказилмай қўйди. Оммавий дипломатияда эса Грузия узоқ вақт давомида Тошкент учун асосий йўналишлардан бири бўлмай қолди.

Ўзбекистон ушбу учрашувда Грузияга автомобиль, тўқимачилик ва электротехника маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, Грузия орқали жаҳон бозорларига чиқиш масалаларини кўтарган. Бошқача айтганда, томонлар аввалги прагматик шериклик муносабатларига қайта бошлаган.
2018 йилда Тбилисида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Грузия ҳукуматлараро комиссиясининг саккизинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унга Грузия бош вазирининг биринчи ўринбосари, иқтисодиёт вазири Дмитрий Кумсишвили ҳамда Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ҳамраислик қилди. Томонлар йиғилиш баённомасини имзолади, яъни муносабатларни расмий институционал шаклга қайтарди. Ўша вақтнинг ўзида икки мамлакат илк бор ишбилармон доиралар иштирокида бизнес-форум ўтказди.
Кўп ўтмай, 2019 йилда пойтахтлар ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди.
Кейинги босқич пандемиядан сўнг бошланди. 2022 йилнинг июль ойида Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашувда савдо-сотиқ, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистондан юкларни ташишда Грузиянинг транзит салоҳияти — Поти ва Батуми портларидан фойдаланиш масаласи алоҳида кўриб чиқилди.

2023 йилнинг апрель ойида Тошкентда ҳукуматлараро комиссиянинг тўққизинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон ҳукумати портали маълумотларига кўра, ўтган олти йил ичида мамлакатлар ўртасидаги ташқи савдо қарийб икки бараварга, 2022 йил якунлари бўйича эса 30 фоиздан кўпроққа ўсган. Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказиш устида ишлашга келишиб олган. Бунда асосий урғу яна транспорт-логистика шериклигига, Боку-Тбилиси-Карс йўлаги ҳамда Грузиянинг Қора денгиз порт инфратузилмасидан фойдаланишга қаратилган.
2023 йилнинг июль ойида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Грузияга ташриф буюрди. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабарида айтилишича, икки мамлакат бош вазирлари Грузиянинг транзит салоҳияти, Ўрта коридорни ривожлантириш ва ушбу йўналишни халқаро даражада тарғиб қилиш зарурлигини муҳокама қилган. Ташриф якунлари бўйича 2023−2024 йилларда ҳамкорликни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар режаси имзоланганди.
2025 йилнинг март ойида Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Шавкат Мирзиёев Грузия делегациясини Тошкентда қабул қилди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 50 фоизга ошган, қўшма корхоналар сони ва юк ташиш ҳажми кўпайган, пойтахтлар ўртасида тўғридан тўғри авиарейслар йўлга қўйилган, шунингдек, грузиялик инвесторлар иштирокида Ўзбекистонда рақамли банк ўз фаолиятини бошлаган.

Ўша даврда Тошкентда ҳукуматлараро комиссиянинг ўнинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Грузия Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, томонлар савдо-сотиқ, транспорт, туризм, коммуникациялар, IT, тўғридан тўғри авиарейслар сонини кўпайтириш ва қўшма савдо-иқтисодий гуруҳ фаолиятини муҳокама қилган.
Грузия томони Европа, Марказий Осиё ва Узоқ Шарқ ўртасидаги транзит ҳаби сифатидаги ўз ролини алоҳида таъкидлаган, шунингдек, Шарқ-Ғарб автомагистрали, темирйўлни модернизация қилиш ва Боку-Тбилиси-Карс йўналиши каби йирик инфратузилма лойиҳалари ҳақида тўхталиб ўтган.
Кейинчалик, 2025 йилнинг август ойида Шавкат Мирзиёев ва Ираклий Кобахидзе Туркманистонда БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси доирасида яна учрашди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида март ойидаги ташриф давомида эришилган келишувлар ҳаётга тадбиқ этилаётгани, савдо ва юк ташиш ҳажми эса ўсиб бораётгани қайд этилган. Ҳамкорлик йўналишлари сифатида аграр тармоқ, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва логистика соҳалари санаб ўтилган.
Бу тизимда Грузия бир нечта сабабларга кўра муҳим аҳамиятга эга. У Қора денгиздаги порт инфратузилмасига — энг аввало, Поти ва Батуми портларига эга. Бундан ташқари, Грузия ҳудуди орқали Боку-Тбилиси-Карс темирйўл тармоғи ўтади.
Иккинчи асосий соҳа — савдо-сотиқ ва саноат кооперациясидир. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2017−2025 йилларда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми уч бараварга — 89 миллион доллардан 267,6 миллион долларгача ўсди. Бунда энг юқори кўрсаткичга бир йил олдин эришилган бўлиб, 2024 йилда ўзаро савдо ҳажми қарийб 326 миллион долларни ташкил этганди.
2025 йилда Ўзбекистоннинг Грузияга қилган экспорти 77,2 миллион долларни, Грузиядан амалга оширилган импорт эса 190,4 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистон асосан саноат товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, машиналар ва транспорт ускуналари, кимё маҳсулотлари ҳамда хизматлар етказиб берган. Грузиядан импорт қилинадиган маҳсулотлар таркибида эса кимё маҳсулотлари, аввало, дори-дармонлар, ичимликлар ва тамаки, озиқ-овқат, тайёр буюмлар ҳамда хизматлар устуворлик қилди. Geostat маълумотларига кўра, Ўзбекистон 3 фоизли улуш билан Грузия экспортининг энг йирик ўнта йўналиши қаторидан жой олган.
Учинчи соҳа — авиация, туризм ва гуманитар алоқалардир. 2025 йилда томонлар тўғридан тўғри авиарейслар сонини кўпайтиришни муҳокама қилган, Грузия томони эса 2024 йилда икки мамлакат ўртасидаги тўғридан тўғри мунтазам рейсларда йўловчи оқими 33 фоизга ошганини қайд этган.
Хулоса қилиб айтганда, агар сиёсий контекстнинг ўзгаришини эътиборга олмасак, Ўзбекистон ва Грузиянинг бир-бирига бўлган асосий қизиқиши 1990-йиллардаги билан деярли бир хил бўлиб қолмоқда. Тошкентга муқобил йўналишларга ишончли чиқиш йўли керак, Грузияга эса юклар, инвестициялар ҳамда Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги транзит ҳаби роли зарур.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.