Тақдимотда у совуқ даврда аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирларини кўриб чиқди. Мирзиёев табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш, магистраль ва ҳудудий газ тармоқларини таъмирлаш, ёнилғи захираларини шакллантириш ҳамда авария-тиклаш бригадаларини тайёрлаш бўйича вазифаларни белгилаб берди.
Газ таъминоти тизимига алоҳида эътибор қаратилди. Мавсум бошлангунга қадар магистраль газ қувурларининг 53,7 км ли нуқсонли қисмларини алмаштириш, шунингдек, компрессор станцияларидаги 77 та газ ҳайдаш агрегатини капитал таъмирлаш режалаштирилмоқда.
881 та маҳалладаги 220 мингта хонадоннинг газ таъминотини яхшилаш ва технологик йўқотишларни камайтириш мақсадида газни тақсимлаш тизими уч босқичлидан икки босқичлига ўтказилади. Шунингдек, 711,9 км газ тармоқлари ва 400 та газ тақсимлаш пунктини капитал таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш режалаштирилмоқда.
Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини суюлтирилган газ билан таъминлаш масаласи алоҳида кўриб чиқилди. Куз-қиш мавсумида 325,7 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш кўзда тутилган. Шундан 8200 тоннаси бориш қийин бўлган 229 та аҳоли пунктида яшовчи 104,7 минг истеъмолчига йўналтирилади.
Бўлажак мавсум учун ёнилғи захиралари ҳам шакллантирилмоқда. Декабрь-январь ойлари учун 120 минг тонна ҳажмида автомобиль бензини захирасини яратиш режалаштирилган (ўтган йили захира 65 минг тонна деб баҳоланганди). Иситиш мавсуми давомида иссиқлик электр станцияларига 4,16 млн тонна кўмир етказиб берилиши кутилмоқда (ўтган йили 4,9 млн тонна режалаштирилганди).
«Ўзбекнефтгаз» тизимидаги корхоналарда 90 та технологик қурилмада таъмирлаш ишлари олиб борилади. Тақдимотда таъкидланганидек, бу ишлаб чиқариш қувватларининг узлуксиз ишлашини ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлашни кафолатлаши лозим.
Президент тайёргарлик ишлари фақатгина нефть-газ тармоғи билан чекланиб қолмаслиги, балки энергетика ва коммунал соҳалар билан ҳамкорликда олиб борилиши кераклигини қайд этди. Шу мақсадда республика ва ҳудудий комиссиялар фаолиятини ташкил этиш, тайёргарлик жараёнларини мувофиқлаштириш ва унинг бориши устидан доимий назорат ўрнатиш топширилди.
Масъул шахсларга белгиланган чора-тадбирлар ижросини қатъий назорат қилиш, куз-қиш мавсумига тайёргарликни ўз вақтида ва сифатли якунлаш, шунингдек, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий ҳамда суюлтирилган газ ва бошқа турдаги ёнилғилар билан барқарор таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Жорий йилнинг беш ойида газ қазиб олиш ҳажми 15,8 млрд куб метрни ташкил этди — бу 2025 йилнинг шу давридаги кўрсаткичга (18,4 млрд) нисбатан 14 фоизга (2,6 млрд куб метрга) камдир. Май ойида 3,2 млрд куб метр газ қазиб олинди, бу ўтган йилнинг май ойидаги кўрсаткичдан 4,6 фоизга пастдир. Апрель ойида эса бир ойлик пасайиш 18,8 фоизни ташкил этганди.
Таққослаш учун: 2019 йилнинг январь-май ойларида ишлаб чиқариш ҳажми 25,9 млрд куб метрга етган бўлиб, бу ҳозирги кўрсаткичдан 10,1 млрд куб метрга ёки 64 фоизга кўп демакдир.
Январь-май ойларида кўмир қазиб олиш ҳажми 1,6 млн тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан (2,37 млн тонна) 32,5 фоизга қисқарди. Май ойида 300 минг тонна кўмир қазиб олинди — бу 2025 йилнинг май ойидагига қараганда 49,9 фоизга камдир. Бу асосий энергия ресурслари турлари орасидаги энг кескин пасайишлардан бири бўлди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.