Ўзбекистон Жанубий Кавказда қандай стратегик манфаатларни кўзламоқда, уларда Грузия қандай роль ўйнайди ва икки минтақа ўртасидаги ўзаро боғлиқлик истиқболлари қандай? Gazeta бу ҳақда Ташқи сиёсий тадқиқотлар марказининг Россия, Марказий Осиё ва Кавказ бўлими етакчи илмий ходими Камронбек Мамадалиев билан суҳбатлашди.

Биринчидан, бу транспорт йўналишларини диверсификация қилишдир. Ўзбекистон денгизга чиқиш имкониятига эга эмас, шу боис Қора денгиз портларига, ундан алоқани давом эттириб, Европа Иттифоқи ва Туркия бозорларига барқарор чиқиш йўлини таъминлаш биз учун принципиал аҳамиятга эга. Бу ўринда гап қайсидир битта транзит йўналишига қарамликни камайтириш ҳамда янги Евроосиё логистика занжирларига чеккадаги бир бўғин эмас, балки уларнинг тўлақонли иштирокчиси сифатида интеграциялашиш ҳақида бормоқда.
Иккинчидан, бу иқтисодий муносабатларни ривожлантиришдир. Сиёсий мулоқот билан бир қаторда, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси ва транспорт-логистика боғлиқлиги биринчи планга чиқмоқда. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйгани бунга яққол мисолдир, ваҳолонки, ўтган йил якунларига кўра бу кўрсаткич қарийб 270 миллион долларни ташкил этган эди. Бу — тизимли ишлашни талаб қиладиган улкан, аммо реал мўлжал.
Учинчидан, бу минтақавий ҳамкорлик форматларида иштирок этиш орқали Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдан ташқаридаги ташқи сиёсий нуфузини кенгайтиришдир.
Ушбу координаталар тизимида Грузиянинг роли жуда аниқ белгиланган. Бу — логистика ва транзит кўприги вазифасидир. Грузия ҳудуди ҳамда Поти ва Батуми портлари орқали Ўзбекистон экспорти «Ўрта коридор» доирасида Қора денгиз ва Европага қуруқлик орқали чиқиш имкониятига эга бўлади. Поти портида Ўзбекистоннинг кўп тармоқли терминали лойиҳаси аллақачон ҳаётга татбиқ этилаётгани ҳам бежиз эмас.
Бундан ташқари, Грузия биз учун ғарблик шериклар билан, жумладан, Европа Иттифоқи билан мулоқот ва Global Gateway ташаббуси йўналиши бўйича ҳамкорлик қилишда қўшимча канал бўлиб хизмат қилади.
Аммо мен эришилган келишувларнинг аҳамиятига фақатгина уларнинг сиёсий «вазни»га қараб баҳо беришдан тийилган бўлардим. Назаримда, ўрта муддатли истиқболда ҳамкорликни амалий текисликка кўчирадиган қарорлар энг мазмунли ва самарали бўлиб чиқади. Булар, энг аввало, Поти ва Батуми портлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда «Ўрта коридор» йўналишларини ривожлантириш тўғрисидаги транспорт-логистикага оид келишувлар блокидир. Айнан мана шу келишувлар шерикликнинг иқтисодий пойдеворини шакллантиради.

Савдо-иқтисодий соҳа, саноат кооперацияси, фармацевтика, энергетика ва рақамли технологияларни қамраб олган имзоланган соҳавий ҳужжатлар пакети ҳам худди шундай катта аҳамиятга эга.
Рақамли йўналишни алоҳида қайд этиб ўтмоқчиман. Ўзбекистонда аллақачон Грузиянинг биринчи рақамли банки фаолият кўрсатмоқда, мамлакатлар ўртасида эса Тошкент — Тбилиси — Батуми йўналишлари бўйича тўғридан тўғри авиарейслар амалга оширилмоқда. Бу — ҳар қандай стратегик декларациялар қоғозда қолиб кетмаслигини таъминлайдиган кундалик ўзаро ҳамкорлик инфратузилмасидир.
Бунга имкон берувчи ижобий омиллар сифатида бир нечта жиҳатни ажратиб кўрсатган бўлардим. Энг аввало, бу — Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон магистрали қурилишининг бошланишидир. Инвестициявий келишув 2024 йилнинг декабрида имзоланган бўлса, 2025 йилдан бошлаб Қирғизистон ҳудудидаги қисмида кенг кўламли ишлар йўлга қўйилди. Яъни бўлажак коридорнинг шарқий «қаноти» реал шакл касб этмоқда. Ўз навбатида, Боку — Тбилиси — Карс магистрали аллақачон фаолият кўрсатмоқда ва «Ўрта коридор»га интеграциялашган. Ўзбекистон эса бир неча йил олдин ушбу йўналиш орқали синов тариқасида транзит ташувларини амалга ошириб кўрган эди.
Бундан ташқари, ушбу ғоя жараёнга дахлдор бўлган барча томонларнинг манфаатларига тўлиқ мос келади. Мазкур маршрутдан бир вақтнинг ўзида Хитой, Марказий Осиё мамлакатлари, Озарбайжон, Грузия ва Туркия манфаатдор эканини намойиш этмоқда. Июль ойидаги мазкур ташрифнинг ўзи эса Тошкент томонидан Грузия йўналиши тобора аниқ ва амалий жиҳатдан кўриб чиқилаётганини кўрсатди.
Шу билан бирга, мавжуд тўсиқлар жиддий ва кўп жиҳатдан объектив хусусиятга эга. Биринчидан, бу — Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон магистралининг инфратузилмавий ва техник жиҳатдан мураккаблиги. Маршрут ўнлаб туннель ва кўприкларга эга бўлган баланд тоғли ҳудудлардан ўтади, қурилиш эса бир неча йилга мўлжалланган. Иккинчидан, темирйўл излари кенглигининг турлича экани муаммоси (Хитойдаги 1435 мм ли ўлчов постсовет ҳудудидаги 1520 мм га нисбатан), бу эса юкларни қайта ортиш амалиётларини талаб қилади ва харажатларни оширади. Учинчидан, маршрутнинг «уланишли» хусусиятидир. Давлат чегарасидан ҳар бир ўтиш ва ҳар бир қайта юклаш, жумладан, Каспий денгизи орқали паром кечувлари вақт ва қийматни оширади. Ниҳоят, коридорнинг тижорий барқарорлиги кафолатланган юк базасига ҳамда унинг бутун узунлиги бўйлаб келишилган, рақобатбардош тариф сиёсатига боғлиқ бўлади.
Шу боис мен бу ғояни стратегик жиҳатдан истиқболли, аммо босқичма-босқич ва пухта ишлашни талаб қиладиган жараён деб баҳолайман. Уни амалга ошириш самарадорлиги инфратузилма графиклари қандай синхронлаштирилишига, техник стандартларнинг унификация қилинишига ва ягона тариф тизими қандай қурилишига боғлиқ.
Шу билан бирга, мен шунчаки мавжуд бўлиши учунгина яна бир бюрократик тузилмани шошилинч равишда ташкил этишдан тийилган бўлардим. Бугунги кунда ҳамкорлик механизмлар комбинацияси асосида анча муваффақиятли ривожланмоқда: икки томонлама ҳукуматлараро комиссиялар, «Ўрта коридор» формати, шунингдек, ЕИ, Туркия, Хитой каби ташқи шериклар билан мулоқот майдонлари шулар жумласидандир. Бу воситалар ҳозирча ўз салоҳиятини тугатгани йўқ.
Шу боис ҳозирги босқичда мавжуд архитектурани алмаштириш эмас, балки уни тўлдириб бориш мантиқлироқ деб ҳисоблайман. Масалан, тегишли идоралар даражасидаги мунтазам маслаҳатлашувлар ҳамда транспорт-тариф сиёсатини мувофиқлаштириш орқали. «Марказий Осиё — Жанубий Кавказ» алоҳида формати алоқалар зичлиги ва мураккаблиги амалдаги механизмлар имкониятларидан ошиб кетганда ва доимий мувофиқлаштирувчи тизимни талаб қилгандагина ўзини оқлайди.
Ҳозирги динамикага қараганда, бу пайт яқинлашмоқда ва унга олдиндан тайёргарлик кўриш лозим. Бироқ ҳамкорликнинг реал мазмунига асосланган прагматик ёндашувни танлаш керак, ўзаро ҳамкорлик механизмлари сонини оширишга интилишни эмас.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.