Фермерларга нисбатан ҳақорат, босим ва таҳдидлар бўлгани ҳақидаги хабарлар яна бир эски саволни кун тартибига олиб чиқмоқда: нега қонунда мустақил тадбиркор деб кўрсатилган фермер амалда туман ҳокими олдида бунчалик ожиз? Муаммо қаерда? Гап фақат айрим ҳокимларнинг муомала маданиятида ёки шахсий характеридами? Яъни қайсидир ҳоким фермер билан яхши гаплашади, бошқаси эса уради, сўкади, босим қиладими?
Ҳуқуқшунос, Тошкент давлат юридик университети Бизнес ҳуқуқи ва суд ҳимояси тадқиқот маркази катта илмий ходими Иброҳим Саид Gazeta учун ёзган колонкасида шу саволларга жавоб беради.
Бу каби саволларга масалани ҳокимнинг тарбияси билан боғлаб, содда тарзда жавоб бериш нотўғри. Чунки масала фақат битта ҳокимнинг қўполлиги, бир йиғилишдаги ҳақорат ёки тарқалган аудиоёзув билан боғлиқ емас. Муаммонинг илдизига чуқурроқ назар ташланадиган бўлса, фермерга нисбатан бундай муносабат қишлоқ хўжалиги соҳасида шаклланган тизимли бюрократик бошқарув амалиёти билан боғлиқ эканини кўриш мумкин.
Бошқача айтганда, фермер қонунда мустақил субъект сифатида кўрсатилган бўлса-да, амалда у барча томондан — ер, сув, кредит, техника, уруғлик, ўғит ва маҳсулот етиштириш жараёнларида маҳаллий ҳокимиятга боғлаб қўйилганини кўришимиз мумкин. Шу сабабли ушбу муаммо фақат «яхши ҳоким» ёки «ёмон ҳоким» билан боғлиқ эмас. Муаммо фермернинг ҳуқуқий мустақиллиги билан унинг реал ижтимоий-иқтисодий ва маъмурий қарамлиги ўртасидаги зиддиятдадир.
Ўзбекистонда фермернинг ҳуқуқий мақоми билан унинг реал ижтимоий-иқтисодий ҳолати ўртасида қандай тафовутлар бор? «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасида фермер қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъекти сифатида таърифланади.
Демак, қонун нуқтаи назаридан фермер хўжалиги мустақил тадбиркор ҳисобланади. У ерни ижарага олади, маҳсулот етиштиради, ишчи ёллайди, даромад олади ва ўз мажбуриятлари бўйича жавоб беради.
Бироқ амалиётда бу мустақиллик кўпинча қоғозда қолиб кетмоқда. Чунки фермер ернинг ҳақиқий эгаси эмас, фақат ундан фойдаланувчи ижарачидир. У сув тақсимотини мустақил назорат қилмайди. Техника, уруғлик, ўғит, кредит, ёнилғи, ҳосилни топшириш тизими ва экиладиган экин тури бўйича ҳам маҳаллий бошқарув тузилмаларига боғлиқ ҳолда ҳаракат қилади.
Оқибатда фермер юридик жиҳатдан мустақил бўлса-да, иқтисодий ва институционал жиҳатдан маҳаллий ҳокимият таъсир доирасидан чиқиб кета олмайди.
Италиялик социолог олим Томмасо Тревисани ўзининг Land and Power in Khorazm («Хоразмда ер ва куч») асарида Ўзбекистонда пахта ишлаб чиқаришни ҳокимият ва ижтимоий муносабатлар билан боғлиқ мураккаб тизим сифатида таҳлил қилади. Яъни пахта даласида фақат ҳосил эмас, балки фермернинг давлат олдидаги мажбурияти, сув ва ресурсларга қарамлиги, ишчилар билан муносабати ва маҳаллий ҳокимият билан келиша олиш каби турли ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ҳам етишиб унади.
Кузатсангиз, ҳақиқатан ҳам, ҳар йили айнан пахта ёки ғаллани йиғиш мавсумида ҳоким фермерни уради-сўкади, унга ерини олиб қўйиш, қарзини молу-жони билан тўлатиш таҳдидини қилади. Ички ишлар ва прокуратура, ҳатто суд ҳам ҳокимнинг ушбу таҳдидини дастаклайди. Шуниси ачинарлики, ҳақиқатан ҳам, ҳокимнинг гапи тўғри. У хоҳласа, бугун фермернинг ерини ола олади. Чунки ер билан боғлиқ барча куч ва ваколат унда жамланган.
Демак, пахта ва ғалла фермерни ҳокимиятга боғлаб турувчи асосий воситалардан биридир. Шу боис фермерларга нисбатан босим ҳолатларини фақат айрим амалдорларнинг қўполлиги сифатида эмас, балки пахта ва ғалла атрофида шаклланган маъмурий бошқарув тизимининг оқибати сифатида кўриш керак.
Илгари колхоз раиси давлат режаси билан қишлоқ аҳолиси ўртасида воситачи бўлган бўлса, кейинчалик бу вазифа кўпроқ фермер ва туман ҳокимлиги ўртасида тақсимланди. Бироқ бошқарувдаги ушбу тақсимот фермерни ҳар томонлама маҳаллий ҳокимиятга боғлаб қўйди.
Олимларнинг фикрича, совет даврида давлат пахта режасини белгилаган бўлса-да, лекин пахтани экиш, парваришлаш, ишчи кучини ташкил этиш ва ҳосилни йиғиштириш каби кундалик ишлаб чиқариш жараёнлари асосан колхозлар орқали бошқарилган. Колхоз раиси давлат режаси билан қишлоқ аҳолиси ўртасида воситачи бўлган: бир томондан, марказ талабини бажарган, иккинчи томондан, маҳаллий меҳнат, ресурс ва норасмий келишувларни мувофиқлаштирган.
Мустақилликдан кейинги аграр ислоҳотлар эса колхоз ва ширкат тизимини тугатди. Бироқ пахта ва ғалла устидан маъмурий назоратни йўқ қилмади. Аксинча, бу назорат янги шаклда маҳаллий ҳокимият қўлига ўтди. Энди ҳокимият фермерга пахтани қачон экиш, қачон суғориш, қачон ўриш, қанча ҳосил топшириш ва режани қандай бажариш кераклигини айтадиган асосий институтга айланди.
Натижада ғалати тизим юзага келди: ишлаб чиқариш хавфи фермернинг елкасига тушди, лекин бошқарув ва назорат ваколати маҳаллий ҳокимиятда қолди. Фермер ерга ишлов беради, ишчи ёллайди, қарз олади, сув кутади, ҳосил учун жавоб беради, лекин шу ҳосилни етиштириш учун зарур бўлган асосий ресурслар — ер, сув, кредит, техника, ўғит, ёнилғи ва маҳсулот топшириш тизими — кўп ҳолларда унинг тўлиқ назоратида эмас.
Қонунда ер фермерга узоқ муддатга ижарага берилади. Аммо бу ижара фермерга фақат имконият эмас, катта мажбуриятлар ҳам юклайди.
У ер унумдорлигини сақлаши, ундан оқилона фойдаланиши, ички суғориш тармоқларини тозалаши, агротехник талабларни бажариши, дала четларига дарахт экиши, белгиланган экинларни етиштириши ва ҳосилни топшириш мажбуриятларини бажариши керак. Буларнинг барчаси бажарилмаса, фермер еридан айрилиш хавфи билан юзма-юз қолади.
Муаммо шундаки, фермердан бозор субъекти каби натижа талаб қилинади, лекин унга ҳақиқий бозор эркинлиги берилмайди. У мустақил тадбиркор деб эътироф этилади, аммо нимани экиш, қачон экиш, қаердан сув олиш, қайси техникадан фойдаланиш, қандай кредит олиш ва ҳосилни қандай шартларда топшириш масалаларида маҳаллий тизимга боғлаб қўйилади.
Шу сабабли фермернинг ҳокимият олдидаги ожизлиги тасодифий ҳолат эмас. Бу унинг шахсий заифлигидан эмас, балки аграр бошқарувнинг ўзидан келиб чиқади.
Фермер барча асосий хавфларни кўтаради: ҳосил чиқмаса — у жавобгар, режа бажарилмаса — у айбдор, ер ёмонлашса — у масъул. Ҳокимият еса ресурсларни тақсимлаш, назорат қилиш, топшириқ бериш ва зарур пайтда босим ўтказиш ваколатини сақлаб қолади.
Оқибатда фермер юридик жиҳатдан мустақил, лекин иқтисодий ва маъмурий жиҳатдан қарам субъектга айланади. Айнан шу зиддият бугунги фермер-ҳокимият муносабатларининг асосий илдизидир.
«Ижтимоий капитал» моделида фермерга мустақил тадбиркор сифатида қаралади. Унинг илғор ва яхши фермер бўлиши ўзининг ерга бўлган муносабати, тажрибаси, билими, меҳнати ва хўжалик юритиш самарадорлигига боғлиқ бўлади.
Бюрократик капитал моделида эса вазият бошқача. Бунда илғор фермер бўлиш учун фақат тажриба ва билим етарли емас. Фермернинг маҳаллий ҳокимият билан муносабати, ер ажратиш жараёнига яқинлиги, сув, кредит, техника, ўғит ва бошқа ресурсларга «таниш-билишчилик» ёки маъмурий яқинлик орқали кириш имконияти ҳал қилувчи аҳамият касб етади.
Шу сабабли аграр соҳада барча фермерлар тенг шароитда фаолият юритмайди. Ҳокимиятга яқин, ресурсларга кириш имконияти кучли бўлган фермер унумдор ер, сув, техника ва кредитдан нисбатан осонроқ фойдаланади.
Бундай яқинликка эга бўлмаган фермер эса доимий хавф остида қолади. Унга ер ижара шартномасини бекор қилиш, қарздорликни шахсий мол-мулки ҳисобидан ундириш, ички ишлар ёки прокуратура органларига чақириш, режа бажармагани учун жавобгарликка тортиш каби таҳдидлар босим воситаси сифатида қўлланилади.
Давлат эса кўпинча фермерларга патерналистик муносабатда бўлади: гўёки фермер ерни мустақил бошқара олмайди, шу сабабли доимий назорат зарур. Бироқ бошқа постсоциалистик тажрибалар бу қараш ҳар доим ҳам тўғри эмаслигини кўрсатмоқда.
Масалан, Озарбайжонда аграр ислоҳотлар давомида собиқ колхоз ва совхоз ерлари қишлоқ оилаларига хусусий ер участкалари сифатида тақсимланган. Ерга эгалик қилиш, уни ижарага бериш, мерос қолдириш ва ундан мустақил фойдаланиш имконияти пайдо бўлган.
Албатта, бу модел ҳам муаммолардан холи эмас. Ерлар майдаланиб кетган, техника ва инфратузилма етишмовчилиги юзага келган. Лекин муҳим жиҳати шундаки, қишлоқ оилалари ер билан ишлашда давлатнинг доимий буйруқбоз назоратига эмас, кўпроқ оилавий меҳнат, маҳаллий келишув ва бозор рағбатларига таянган.
Қирғизистонда ҳам аграр ислоҳотлар натижасида собиқ коллектив хўжаликлар ўрнида кичик ва ўрта оилавий фермер хўжаликлари шаклланган. Ерга хусусий эгалик тан олиниб, деҳқон хўжаликлари эса қишлоқ хўжалигининг асосий ишлаб чиқарувчи субъектларига айлантирилган.
Бу ерда ҳам муаммолар бўлган: майда хўжаликлар, хизмат кўрсатиш инфратузилмасининг заифлиги, бозор ва кредитга киришдаги қийинчиликлар сақланиб қолган. Аммо давлатнинг бевосита буйруқбоз назорати камайгани шароитида оилавий хўжаликлар, маҳаллий келишувлар ва бозор механизмлари ишлаб чиқаришни ташкил этишда муҳим роль ўйнаган.
Ушбу давлатлар тажрибаси «давлат назорати камайган жойда қишлоқ хўжалиги албатта издан чиқиб кетади», деган қарашнинг баҳсли эканини кўрсатади. Аксинча, айрим ҳолларда давлатнинг бевосита буйруқбоз аралашуви камайганда ҳам оила, маҳалла, норасмий келишувлар ва бозор институтлари ер билан ишлашда ўзига хос тартиб яратиши мумкин.
Бу билан давлат ер муносабатларидан бутунлай четга чиқиши керак, деган хулоса қилмоқчи эмасмиз. Ер стратегик ресурс бўлгани учун давлатнинг тартибга солувчи, назорат қилувчи ва адолатли тақсимотни таъминловчи роли зарур. Бироқ бу назорат фермерни қўллаб-қувватлаш, ресурсларга тенг кириш имкониятини яратиш ва ер унумдорлигини сақлашга хизмат қилиши керак.
У фермерни доимий қўрқув ва маъмурий босим остида ушлаб турувчи воситага айланмаслиги лозим.
Шу билан бирга, Европа давлатларидаги «ижтимоий капитал» моделини ҳам Ўзбекистонга кўр-кўрона кўчириб бўлмайди. Ҳар бир мамлакатнинг ўз тарихий тажрибаси, ерга муносабати, қишлоқдаги ижтимоий тузилмаси, оила ва маҳалла институтлари, давлат билан фермер ўртасидаги шаклланган алоқалари мавжуд.
Демак, аграр ислоҳотлар ҳам айнан шу мавжуд ижтимоий-иқтисодий муносабатларни ҳисобга олган ҳолда қурилиши керак.
Аммо бугунги муаммолар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган айрим ислоҳотлар реал ижтимоий муносабатлар билан етарлича уйғунлашмаган.
Қонунда фермер мустақил тадбиркор сифатида эътироф этилса-да, амалда эса у ер, сув, кредит, техника, маҳсулот топшириш ва экин танлаш масалаларида маҳаллий бюрократик тизимга кучли боғланган ҳолда қолмоқда.
Оқибатда давлатнинг аграр соҳадаги назорати кўп ҳолларда фермерни қўллаб-қувватловчи механизм сифатида эмас, уни доимий босим остида ушлаб турувчи бошқарув усули сифатида намоён бўлмоқда. Шу сабабли фермернинг ҳуқуқий мустақиллиги билан унинг реал иқтисодий ва маъмурий қарамлиги ўртасида кескин зиддият юзага келмоқда. Айнан мана шу зиддият ҳоким ва фермер ўртасидаги нотенг муносабатларнинг асосий илдизларидан биридир.
Шунинг учун ҳам, Музработ ва Қувадаги ҳолатлар тасодифий эмас. Улар аграр бошқарувдаги эски муаммонинг кўринишидир. Агар фермер ҳақиқатан ҳам мустақил тадбиркор бўлса, у билан ҳоким буйруқ-оҳангида эмас, шартнома, иқтисодий рағбат ва қонун асосида гаплашиши керак.
Агар фермер режани бажармаса, муаммо суд, шартнома, суғурта ва бозор механизмлари орқали ҳал қилиниши керак. Ҳақорат, таҳдид ва ерини олиб қўйиш билан эмас.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.