Ушбу йирик лойиҳа президентнинг 2025 йил 1 июлдаги тегишли қарорига асосан амалга оширилмоқда. Давлат раҳбари ўтган йил август ойида мазкур иншоот қурилишига тамал тоши қўйган эди.

Музейнинг меъморий қиёфаси ва мазмун-моҳияти дунёдаги тажрибалар асосида шакллантирилгани қайд этилди. Лойиҳа машҳур япониялик меъмор Тадао Андо томонидан яратилган, экспозиция концепцияси эса Германиянинг «Atelier Brückner» ташкилоти томонидан тайёрланган.

Музей майдонининг 60 фоизи таълим ва илмий фаолиятга ажратилади. Бу ерда кўргазма заллари, бой кутубхона, реставрация лабораториялари ва конференция заллари жойлашади. Оилалар ва ёшларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун ресторанлар ҳамда болалар майдончалари ҳам ташкил этилади.

Бино қуриб битказилгач, атрофидаги Абулқосим мадрасаси, Халқлар дўстлиги саройи ва Миллий боғ билан биргаликда яхлит меъморий ансамблни ҳосил қилади.
Франциянинг Лувр, АҚШнинг Метрополитен ва Британия музейлари каби дунёнинг нуфузли маданий муассасалари билан қўшма кўргазмалар ўтказиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Президент мутасаддиларга қурилиш ишларини белгиланган муддатларда ва юқори сифат стандартлари асосида бажариш бўйича топшириқлар берди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.