Дастлабки маълумотларга кўра, Баҳром Тошпўлатов Ғузор тумани Қовчин МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш ҳолатларини аниқлаш бўйича рейд тадбири вақтида ҳуқуқбузарлар ҳужумига учраган.
Уни шу ҳудудда фуқаролардан бири ҳушсиз ҳолда топиб, шифохонага олиб келган. Ҳозирда тиббиёт муассасасида унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, 6 сентябрдан 7 сентябрга ўтар кечаси Ғузор тумани Қовчин МФЙнинг Араб қишлоғи ҳудудида экополисия инспекторлари томонидан экологик назорат рейди ўтказилган.
Рейд давомида Қашқадарё дарёсининг муҳофаза этиладиган ҳудудида ноқонуний қум-шағал қазиб олинаётгани аниқланган. Экополисия ходимлари қонунбузарликни тўхтатиб, техникани жарима майдонига олиб кетаётган вақтда ҳуқуқбузарлар уларга фаол қаршилик кўрсатган.
Жумладан, давлат рақами бўлмаган қора рангли «KIA K5», шунингдек, 70 K 413 AA давлат рақамига эга «Lasetti» ва «Cobalt» автомобилларида келган шахслар йўлни тўсиб, инспекторлардан бирига тан жароҳати етказган. Бундан ташқари, жарима майдонига олиб кетилаётган техникани олиб қочган.
Мазкур икки ҳолат юзасидан Ғузор туман прокуратураси ва ИИБнинг тезкор-тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.