Компания эълон қилган суратларда самолётнинг кулранг тусда эканини, корпусида UZ AIR FORCE ёзуви, Ўзбекистон байроғи ва ҲҲК фарқловчи белгилари, дум қисмида эса UK 39010 борт рақами акс этганини кўриш мумкин.


Мазкур самолётлар, асосан, транспорт ва инсонпарварлик миссияларини бажаришга мўлжалланган. Ўзбекистон буюртма қилган C 390 сони ва шартнома қиймати ошкор этилмаган.
C 390 Millennium — 26 тоннагача юк кўтариш қувватига эга ҳарбий-транспорт самолёти ҳисобланади. Унинг максимал крейсерлик тезлиги тахминан 470 узел (соатига қарийб 870 км)ни ташкил этади. Самолёт ҳарбий хизматчилар ва юкларни ташиш, техника ҳамда шахсий таркибни десант қилиш, тиббий эвакуация, қидирув-қутқарув ва гуманитар операцияларни бажариш, шунингдек, ёнғинларни ўчириш имкониятига эга. Бундан ташқари, у вақтинчалик ва грунт учиш-қўниш йўлакларида ҳам ҳаракатланишга мослашган.
Тез ўрнатилувчи ва ечилувчи махсус жиҳозлар билан таъминланган KC 390 модификациясидан бошқа самолётларга ҳавода ёнилғи қуйишда, шунингдек, парвоз чоғида ёнилғи қабул қилишда ҳам фойдаланиш мумкин.
Ҳозирда Ўзбекистон ҲҲК авиапаркида Ил 76 ва CASA C 295 ҳарбий-транспорт самолётларидан фойдаланилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.