Шавкат Мирзиёев Арманистон бош вазири билан телефон орқали мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев Арманистон бош вазири билан телефон орқали мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, мулоқотда Ўзбекистон — Арманистон муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Шу маънода, саноат кооперацияси бўйича янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш долзарб экани алоҳида қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақаларини боғлайдиган логистика ва транспорт йўлакларини ривожлантириш орқали ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

«Президентимиз минтақавий барқарорлик ва изчил тараққиёт учун мустаҳкам асос бўладиган Тинчлик шартномасини тез фурсатда имзолаш борасидаги саъй-ҳаракатларни юксак баҳолади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Икки ва кўп томонлама, шу жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

ArmenPress`нинг бош вазир матбуот хизматига таяниб ёзишича, Ўзбекистон президенти Пашинянни Арманистон бош вазири лавозимига қайта тайинлангани (2026 йил 2 август) билан табриклаб, мамлакатнинг изчил тараққиёти йўлидаги фаолиятига муваффақият тилади.

Шавкат Мирзиёевнинг Никол Пашинян билан сўнгги телефон орқали мулоқоти 2023 йилда бўлиб ўтганди ва Арманистон ҳукумати раҳбари Мирзиёевни президент сайловидаги ғалабаси билан табриклаганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.