Франция ИИВ вакили Ўзбекистонда иш бошлади. У нима билан шуғулланади?

Франция ИИВ вакили Ўзбекистонда иш бошлади. У нима билан шуғулланади?

Тошкент шаҳрида Франция Ички ишлар вазирлиги вакили Сирил Гу ўз иш фаолиятини бошлади. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Xалқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Нодирбек Маҳмудов у билан учрашди, дея маълум қилди вазирлик.

Қайд этилишича, томонлар икки мамлакат ИИВ ўртасидаги ҳамкорликни, жумладан, тажриба алмашиш ва ходимлар малакасини ошириш соҳаларида кенгайтиришни муҳокама қилдилар.

Gazeta Франция элчихонаси матбуот хизматидан Франция ИИВ вакилига Ўзбекистонда қандай вазифалар юклатилганига аниқлик киритди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда ички хавфсизлик масалалари бўйича атташе лавозимини очиш тўғрисидаги қарор 2025 йилда Франция ва Ўзбекистон президентлари учрашувлари якунлари бўйича ҳамда техник соҳадаги ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида қабул қилинган.

«Ушбу лавозимга тайинланган ҳуқуқ-тартибот ходими бутун Марказий Осиё (Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон) бўйича минтақавий ваколатга эга ва Тошкентда жойлашади. У минтақадаги ягона Франция ички хавфсизлик масалалари бўйича атташеси бўлиб, ички хавфсизлик соҳасидаги умумий манфаатларга дахлдор сифатида барча масалаларни ҳал қилишга ваколатлидир», — дея қайд этди элчихона.

Бунга ички хавфсизлик органлари ходимларини тайёрлаш, уюшган жиноятчиликка (кибержиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва ҳ.к.) қарши курашиш, юқори мартабали шахсларни ҳимоя қилиш, терроризмга қарши курашиш, чегара хавфсизлиги ва ноқонуний иммиграция тармоқларига қарши курашиш, фуқаро муҳофазаси ва хавфсизлиги каби масалалар киради.

«Ўзбекистон билан аллақачон техник ҳамкорлик мавжуд бўлиб, у ҳуқуқ-тартибот органлари академиялари ўртасида тажриба алмашиш, фуқаро муҳофазаси, юқори мартабали шахсларни ҳимоя қилиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва гиёҳвандликка қарши курашиш соҳаларида янада мустаҳкамланади», — дея қўшимча қилди Франция элчихонаси.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.