Мусобақа ташкилий қўмитаси маълумотига кўра, иштирокчилар сони дастлабки прогноздан анча ошиб кетган. Ўйинларга келган спортчи ва расмийлар сони 17 минг нафарга етган бўлиб, бу кутилганидан қарийб 2 минг нафар кўп.
Қўшимча юклама, айниқса, транспорт ва жойлаштириш тизимида сезилди. Айрим делегациялар тор хоналар, кичик ётоқлар ҳамда автобуслар кечикиши каби муаммолар ҳақида шикоят қилган.
Ташкилий қўмита бош котиби Сатоши Мурате хизмат кўрсатишда хатолар бўлганини тан олиб, иштирокчилардан узр сўради.
«Сабаб қандай бўлишидан қатъи назар, спортчиларга муносиб шароит яратиш бизнинг вазифамиз. Шунинг учун юзага келган ноқулайликлар учун узр сўрайман», — деди Мурате.
Унинг айтишича, дастлабки кунлар билан таққослаганда вазият анча яхшиланган. Ташкилотчилар мусобақанинг қолган қисмида транспорт ва яшаш шароитларини янада тартибга солишга ҳаракат қилмоқда.
Муаммолар айрим жамоаларнинг тайёргарлигига ҳам таъсир кўрсатган. Жумладан, Мўғулистон баскетбол терма жамоасини машғулотга олиб бориши керак бўлган автобус ўз вақтида келмаган ва шу сабаб машғулот бекор қилинган.
Филиппинлик сквошчи Йвонн Алисса Далида эса спортчилар жойлаштирилган круиз кемасидаги хонасига кириш учун узоқ вақт кутишга мажбур бўлган. Шунга қарамай, у кемада яшаш тажрибасини ўзига хос деб баҳолаган.
Ташкилотчилар энди асосий эътиборни спортчилар мусобақаларга тўлиқ тайёрлана олиши учун зарур шароитларни яхшилашга қаратмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.