Тўловнинг базавий ставкаси савдо, сервис ва бизнес марказлари учун 3 баробар, меҳмонхона ва туризм объектлари учун 5 баробар, маданий ва кўнгилочар масканлар учун 10 баробар камайтирилади. Хусусий боғча, мактаб ва шифохоналар учун тўлов 1 фоиз этиб белгиланади. Янги тартиб қурилиши бошланган лойиҳаларга ҳам татбиқ этилади.
Ер ажратишда «Swiss challenge» тамойили жорий қилинади: инвестор ташаббуси очиқ эълон қилиниб, бошқа талабгорлар яхшироқ шарт таклиф этмаса, ер дастлабки ташаббускорга берилади.
Шунингдек, инвестор таклифларини кўриб чиқиш ва рухсат бериш жараёнларини тезлаштириш, тайёр лойиҳа ҳужжатларига эга лотларни кўпайтириш ҳамда бир хил маълумотни такроран талаб қилишга чек қўйиш вазифалари белгиланди.
Ҳозиргача Янги Тошкентга 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилган. Йил охиригача 20 минг хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Президент уйлар билан бир вақтда савдо, таълим, тиббиёт, спорт ва дам олиш объектларини ҳам барпо этиш зарурлигини таъкидлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.