Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент маслаҳатчиси ўринбосари — Халқ қабулхонаси раҳбари У.Муҳаммадиев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Бухоро вилояти Шофиркон тумани маҳаллаларида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш бўйича амалий семинарлар ташкил этмоқда.
Семинар иштирокчиларига давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жойларда “Сайхунобод” ва “Уйчи” тажрибалари асосида аҳоли даромадини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, томорқадан унумли фойдаланиш каби йўналишларда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар борасида батафсил маълумот бериб ўтилди.
Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар ўз билим ва малакалари билан ўртоқлашиб, қўшимча даромад топиш мумкин бўлган фаолият турлари борасида батафсил тўхталиб ўтишди. Жумладан, “LIVADIYA-BUKHARA” МЧЖ томонидан тақдим қилинаётган меваларни қуритиш дастгоҳлари ёрдамида 20 дан зиёд ҳилдаги қуруқ мева маҳсулотларини тайёрлаш, томорқаларда бозорбоп маҳсулотлар етиштириш ёки ҳар бир хонадонда қўзиқорин ҳосилини олиш мумкинлиги иштирокчиларга аниқ мисоллар билан кўрсатиб берилди.
Бундан ташқари, иштирокчилар Талижа қишлоғидаги ҳунармандчилик тармоғида узоқ йиллардан буён меҳнат фаолиятини юритаётган чевар каштадўз Муҳаббат Қўчқорова хонадонига ҳам боришди. Каштадўз аёлнинг кўп сонли шогирдлари қаторида бугун хориждан меҳнат миграциясидан қайтган хотин-қизларга ҳунар сирлари ўргатиб келинмоқда. Хонадон бекаси билан мулоқотда юздан ортиқ шогирдига эга бўлган моҳир каштадўз фаолиятини янада кенгайтириш орқали янги иш ўринларини яратиш, баъзи ночор оилаларга даромад манбаини яратишга доир таклиф ва тавсиялар берилди.
Очиқ мулоқотлар давомида тикувчилик, қишлоқ жўжалиги ва бошқа йўналишларда ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”даги 10 дан ортиқ фуқароларнинг истак ва талабларига кўра Халқ қабулхонаси кўмагида уларга керакли асбоб-ускуналар ва махсус техника воситалари етказиб берилди.
Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.