“Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди

“Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан умумтаълим муассасаларида 2023-2024 ўқув йилини якунлаш ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Унга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари:

➖ жорий йилнинг 25 май куни соат 8:00 дан 9:00 га қадар ташкил этилади;

➖ мактаб ўқувчилари сонидан келиб чиққан ҳолда фақатгина 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади;

➖ маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилади;

➖ фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, маҳалла фаоллари, ўрнак бўладиган мактабнинг собиқ битирувчилари таклиф этилади;

➖ йил давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар рағбатлантирилади;

➖ мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган, одоб-ахлоқи, интилувчанлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига “Энг фаол ота”, “Жонкуяр она”, “Масъулиятли ота-она”, “Аълочи ўқувчи отаси”, “Билимли қиз онаси” номинациялари бўйича ташаккурномалар берилади.

2023-2024 ўқув йилини якунлаш ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш давомида қуйидагилар тақиқланади:

➖ турли ресторан ва кафелар, хонадонларда “Битирув оқшомлари”ни ўтказиш, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестасияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул маблағларини йиғиш;

➖ битирув тадбирларида ўқувчилардан қимматбаҳо совғалар учун пул йиғиш, битирув кечаларига атаб қиммат кийимлар олиш, енгил автомашиналарда сайр ташкил этиш.

➖ ўқувчиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб хиёбонлар, истироҳат боғлари, чўмилиш ҳавзаларига бориши.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимдаги барча ходимлар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларидан жорий ўқув йилини якунлаш ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказишда мазкур тавсияларга амал қилишларини сўраб қолади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.