Олий Мажлис Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлиси 7 октябрь куни чақирилади

Олий Мажлис Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлиси 7 октябрь куни чақирилади

Ялпи мажлисда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги ва яна бошқа қонунларни ҳам муҳокама қилиш назарда тутилган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлисини 2022 йил 7 октябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Сенат Кенгашининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.

Қайд этилишича, навбатдаги ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилади. “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Ялпи мажлисда “Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунларни ҳам муҳокама қилиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, сенаторлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижаларини муҳокама қиладилар.

Сенаторлар томонидан иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳаларида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси ҳамда Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган иккита парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама қилинади.

Ялпи мажлис кун тартиби доирасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини ҳам тасдиқлаш назарда тутилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.